Муаммолар ҳал қилинса,аҳоли ишончи ортади

/
Фуқароларнинг у ёки бу масалада мурожаат қилиши уларнинг партия депутатларига бўлган ишончини ифодалайди. Аҳолини ўйлантираётган масалаларга ечим топиш, жойларда мавжуд камчиликлар бартараф этилишига эришиш пировардида инсон манфаатларига хизмат қилади.
Электорат билан ҳамнафас иш олиб бораётган халқ депутатлари Ширин шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари бу борада бир қатор амалий ишлар қилишмоқда. Партия депутатлари аҳоли орасига чуқурроқ кириб бориб, муаммоларни аниқлаш ва уларга қонуний тартибда ечим топиш, амалдаги қонун ҳужжатлари, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижросини таъминлашда фаол иштирок этишга интилишмоқда.
Хусусан, депутатлик гуруҳимиз аъзоларининг партия фаоллари билан биргаликда Ширин шаҳридаги “Дўстлик” маҳалласида ўтказган ўрганишлари маҳалла аҳли учун фойдали бўлди. Кўп қаватли 3-уйда яшовчи фуқаро Фаима Зиннатуллина уй ертўлалари канализация тизими таъмирталаблиги боис аянчли аҳволга келиб қолганлиги, иситиш тизими ишламаётганлиги ҳақида мурожаат қилди. Масала юзасидан депутат Нигора Расулова “Зарбдор сервис” ширкатига депутатлик сўрови киритгач, муаммо бартараф этилди. Фуқаро Шукур Қўзиев оғир касалликка чалингани, шифохона ходимларининг унга эътиборсизлиги ҳақида баён қилди. Депутатлик гуруҳи аъзоси Ойзода Эгамбердиева шаҳар марказий шифохонасига депутатлик сўрови юбориши натижасида Ш.Қўзиев бепул дори-дармонлар билан таъминланди. Шунингдек, унинг соғлиғи мутахассислар томонидан ўрганилиб, Ш.Қўзиевга 2-гуруҳ ногирони сифатида пенсия тайинланди. 2-гуруҳ ногирони Зинаида Панко бир оёғи йўқлиги боис уй ишларида қийналаётганини айтиб, унга ҳамшира бириктирилишида депутатлик гуруҳидан ёрдам сўради. Шаҳар марказий шифохонасига депутатлик сўрови чиқарилгач, тез орада унга ҳамшира бириктирилди. Ёлғиз қариялар Галим Халиулин ва Фавзия Халиулина терапевт кўриги лозимлиги ҳақида мурожаат қилишди. Масала шу жойнинг ўзида ҳал этилиб, шаҳар тиббиёт бирлашмасидан келган мутахассис уларни тиббий кўрикдан ўтказди, керакли тиббий маслаҳатлар берди. Маҳаллада яшовчи Мукаррам Зикриллаева қизи Мавлуда Эгамназаровани ишга жойлаштиришда кўмак зарурлигини билдирди. М.Эгамназарова Боёвут туманининг “Сармич” маҳалласидаги “Гулрентекс” хусусий фирмасига қарашли тикувчилик цехида иш билан таъминланди.
Шунингдек, шаҳардаги “Амир Темур” маҳалласида ҳам ўрганишлар олиб борилди. Маҳаллада яшовчи фуқаро Лола Абдураҳмонова кам таъминланган оила рўйхатида туриши, 2 нафар фарзанди 2-мактабгача таълим муассасасига бепул қабул қилинишида ёрдам кўрсатишни сўради ва тез орада масала ҳал этилди. Маҳалладаги кўп қаватли уйнинг кириш йўлагини таъмирлаш ва подъездларга эшик қўйиш масаласида фуқаро Дилбар Гулмуродованинг мурожаати бўйича “Озода-Ширин” ширкати раҳбарига депутат Нигора Расулова томонидан сўров юборилди. Мурожаат тўлиқ қаноатлантирилиб, подъездлар таъмирланиб, эшиклар ўрнатилди.
“Бунёдкор” маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро Зебо Сайдиеванинг келини Шаҳло Файзиевани ишга жойлаштириш бўйича қилган мурожаати ҳам ижобий ечим топди. Ш.Файзиева Боёвут туманининг “Сармич” маҳалласидаги “Гулрентекс” хусусий фирмасига қарашли тикувчилик цехида иш бошлади. Шунингдек, депутатга фуқароларнинг мурожаати асосида “Бобур” ширкат уюшмаси томонидан ушбу маҳалладаги кўп қаватли уйларнинг том ва ертўла қисмлари таъмирланди.
“Фарҳод” маҳалласидаги ўрганишлар жараёнида ҳам фуқароларни ўйлантираётган бир қатор муаммолар ўз ечимини топди. “Мунаввара” кўчасидаги хонадонда яшовчи Раъно Ахунжанова маҳаллада ичимлик сувининг тез-тез узилиб туришидан шикоят қилди. Яна бир фуқаро Сайри Шарипованинг айтишича, “Функ” кўчасида “Сув таъминотини яхшилаймиз” деб йўлларни кавлашган, аммо қайта таъмирлашмаган. Ҳар иккала мурожаат юзасидан шаҳар “Сув-оқава” корхонаси бошлиғига депутат Ойзода Эгамбердиева томонидан сўров юборилиб, ижроси таъминланишига эришилди.
“Мирзо Улуғбек” маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаролар кўп қаватли уйларнинг томидан сув ўтиши ноқулайлик келтириб чиқараётганидан шикоят қилишди. “Бинокор” ширкат уюшмасига депутат Шуҳрат Салиев депутатлик сўрови киритиши натижасида кўп қаватли уйларнинг том қисми таъмирланди.
“Бунёдкор” маҳалласидаги кўп қаватли 14-уйда яшовчи фуқаро Исматулла Давронов мазкур уй олдидаги болалар майдончасини қайта таъмирлаш зарурлигини билдирди. “Бобур” ширкати раисига юборилган депутатлик сўрови юзасидан аниқ чоралар кўрилиб, болалар майдончаси таъмирланди ва жиҳозлари янгиланди.
Партиямизнинг “Адолат — қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида Ширин шаҳрида жойлашган мактабгача таълим муассасаларида ва умумтаълим мактабларида синфлардаги ўқувчилар сонининг санитария-гигиена талабларига мослиги, умумий тиббий хизматнинг аҳволи, мажбурий дори-дармонлар билан таъминланганлик даражаси, манту синамаси ва бошқа эмлашлар даврийлигининг ҳолати, тоза ичимлик суви билан таъминланганлик ҳолатлари депутатлик гуруҳи ва партия фаоллари ҳамда мутахассислар билан биргаликда ўрганилиб, таҳлил қилинди. Депутатлик гуруҳининг шу масалага бағишланган йиғилишида шаҳар халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими раҳбарининг эшитуви, ўзаро фикр алмашувлар аниқланган муаммоларни бартараф этишда амалий аҳамият касб этди.
Мухтасар айтганда, жойларда партия депутатларининг муассаса ва ташкилотлар билан ҳамкорликда фаол ишлаши ҳудудларни ривожлантириш, аҳолининг турмуш шароитларини яхшилашга хизмат қилмоқда.
Матлуба РАҲМОНҚУЛОВА,
халқ депутатлари Ширин шаҳар Кенгашидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи раҳбари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Зарбдор ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежида давра суҳбати ўтказилди.
01 янв 1970
Аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш бугун долзарб вазифалардан. Шу боис халқ вакиллари сайловчиларнинг бу борадаги саволларига қулоқ тутди....
01 янв 1970
Ёшларнинг маънавий дунёқарашини кенгайтириш, ғоявий имммунитетини мустаҳкамлаш ва уларни ватанпарварлик руҳида, буюк аждодларимизга муносиб ворисла...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент шаҳар кенгаши ташаббуси билан 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муно...