Депутат учун баҳо: амалий ишлар натижаси

/
Ҳудудларда қонун устуворлигини таъминлаш, бошқарув идоралари, корхона ва ташкилотлар фаолияти устидан жамоатчилик ҳамда депутатлик назоратини самарали олиб боришда маҳаллий ҳокимият вакиллик органларидаги партия депутатлик гуруҳлари муҳим ўрин тутади. Бу масъулиятли вазифани амалга ошириш, албатта, электорат ишончини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.
Халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари депутатлик сўрови киритиш орқали мавжуд муаммоларни ҳал этишда муайян натижаларга эришмоқда. Партия депутатлари сайловчилар билан яқин алоқада ишлаб, жойлардаги масалаларни ўрганган ҳолда уларга қонуний ечим топишга астойдил интилмоқда.
Ота-оналарнинг мурожаати асосида партия депутатлари томонидан ўтказилган ўрганишларда Сирдарё туманидаги 32-умумтаълим мактабининг моддий-техника базаси талабга жавоб бермаслиги аниқланди. Таълим масканида янги шарт-шароитлар яратиш лозимлиги ҳақида юборилган сўровимизга жавобан вилоят ҳокимининг муовини ўайрат Сулаймонов ушбу мактабнинг моддий-техник таъминотини замон талаблари даражасида яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар 2018 йил 1 сентябргача амалга оширилишини маълум қилди.
Бахт шаҳрининг “Ишонч” маҳалласида яшовчи 1-гуруҳ ногирони Гулзода Асанова 2005 йилдан буён сурункали касалликдан қийналиб, ҳозирги кунда юра олмаслиги боис аравачага муҳтожлигини баён қилди. ”Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси Сирдарё вилоят бўлими директори Юлдуз Усмоновага депутатлик сўрови киритилгач, Г.Асанова ногиронлик аравачаси билан таъминланди.
Мазкур маҳаллада истиқомат қилувчи Света Шарипова янги қурилаётган намунали уй-жойлардан сотиб олишда айрим муаммоларга дуч келаётганлиги ҳақида мурожаат қилди. Ушбу масала юзасидан юборилган депутатлик сўровига жавобан Бахт шаҳри ҳокими Камол Самадов бу масалада ҳеч қандай тўсиқ йўқлиги ва фуқаро С.Шарипова тегишли ҳужжатларни тўлиқ тақдим этганидан сўнг унга амалий ёрдам берилишини қайд этди.
Депутатлик гуруҳимиз аъзолари Сирдарё туманида фуқаролар билан учрашганида “Орзу” маҳалласидаги айрим хонадонлар томорқаларида зах сувлар тўпланиб қолаётганлиги, зах сувларнинг чиқиш йўли — яқин масофадаги зовурни қазиш лозимлиги ҳақида фуқаролар шикоят қилган эди. Туман мелиорация бўлимига киритилган депутатлик сўрови мазкур бўлим томонидан ўрганилиб, тез кунда муаммо бартараф этилди.
Ўрганишларда Бахт шаҳрининг “Тинчлик” маҳалласидаги “Жозиба” кўчасида узоқ йиллар олдин ўрнатилган симёғочлар яроқсиз ҳолга келиб қолганлиги маълум бўлди. Ушбу масала юзасидан вилоят электр тармоқлари бошқармаси бошлиғига депутатлик сўрови киритилди. Мазкур бошқарма томонидан белгиланган чора-тадбирларга кўра 2018 йил сентябрь ойигача “Жозиба” кўчасида янги бетон симёғочлар ўрнатилади.
Шунингдек, фуқароларнинг “Орзу” маҳалласининг “Матбуотчилар” кўчаси бўйлаб бетон симёғочларни янгидан ўрнатилишида амалий ёрдам сўраб қилган мурожаати ҳам ижобий ҳал этилди. Сирдарё туман электр тармоқлари корхонасига киритилган депутатлик сўрови натижасида мазкур кўчадаги симёғочлар янгисига алмаштирилди.
“Навоий” маҳалласининг “Паҳлавон” кўчасидаги хонадонларда ичимлик суви йўқлиги, 600 метр масофага сув қувури ётқизиш зарурлиги ҳақида сайловчилар шикоят қилишди. Депутатлик сўровига туман “Сув-оқава” корхонаси томонидан юборилган жавоб хатида қайд этилишича, ушбу вазифа тегишли дастурга киритилиб, шунга мувофиқ 2018 йил 1 октябргача тўлиқ равишда ҳал этилади.
“Деҳқонобод” маҳалласидаги “Давр”, “Ёрқин”, “Шижоат”, “Қувноқ”, “Барҳаёт” кўчаларидаги хонадонларни тоза ичимлик суви билан таъминлаш масаласига доир юборилган депутатлик сўровига жавобан вилоят “Сув-оқава” корхонаси рахбари Юнус Жалилов мазкур муаммолар ҳам 2018 йилнинг октябрь ойигача тўлиқ ҳал этилишини маълум қилди.
Таъкидлаш жоизки, ижроси якунланмаган масалалар юзасидан депутатлик назорати ўрнатилган.
Партия депутатлари Сайловолди дастуримизда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, ижтимоий соҳаларни ривожлантиришда ечимини кутаётган масалаларни депутатлар муҳокамасига олиб чиқиш, мавжуд муаммоларга ижро ҳокимияти ва бошқарув идоралари эътиборини қаратишга ҳаракат қилмоқда.
Гуруҳимиз аъзоларининг ташаббуси билан жорий йилда халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгаши сессиясида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош шифокори Х.Тожиевнинг вилоят соғлиқни сақлаш тизимидаги даволаш профилактика муаcсасаларининг 2017 йил 6 ойлик фаолияти юзасидан ҳисоботи тингланиб, депутатлар томонидан муҳокама этилди. Мазкур тизимда ҳал этилиши лозим бўлган долзарб масалалар юзасидан таклифлар ўртага ташланиб, сессия томонидан қабул қилинган қарор амалиётга йўналтирилди.
Шунингдек, вилоятдаги мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда депутатлик гуруҳимиз томонидан “Мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим мактаблари синфларидаги ўқувчилар сонининг санитария-гигиена талабларига мослиги, умумий тиббий хизматнинг аҳволи, мажбурий дори-дармонлар билан таъминланганлик даражаси, манту синамаси ва бошқа эмлашлар даврийлигининг ҳолати, тоза ичимлик суви билан таъминланганлиги” масаласи ўрганилиб, халқ депутатлари вилоят Кенгашининг “Ёшлар сиёсати ва соғлом авлод масалалари” доимий комиссиясида масъул ташкилотлар вакиллари иштирокида муҳокама этилди.
Аммо депутатлик гуруҳимиз фаолиятини таҳлил қилсак, ваколат ва мавжуд имкониятлардан етарлича фойдаланмаётганимиз, ҳали ҳам депутатларимизда масъулиятга яраша ташаббускорлик етишмаётганлиги аён бўлади. Депутатлик гуруҳининг вилоят партия кенгаши фаоллари иштирокида ўтказилган йиғилишида шу ҳақда атрофлича фикрлашдик, фаолиятимизга танқидий ёндашув асосида ишлаш зарурлиги қайд этилиб, йил бошида белгиланган аниқ вазифаларни амалга ошириш, масъулиятни кучайтириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Бинобарин, сайловчилар ўзлари ишонч билдирган партия депутатларига халқнинг ишончли вакиллари ўз фаолиятида эришган амалий натижаларга қараб баҳо беради.
Салоҳиддин ЭЛМУРОДОВ,
халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи раҳбари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Наманган вилоятида иш тажрибани ўрганишга ва оммалаштиришга бағишланган республика ўқув-амалий семинари иш бошлади....
01 янв 1970
Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида аҳоли билан очиқ мулоқотнинг самарали усул ва механизмлари жорий этилиб, бу борадаги долзарб вазифал...
01 янв 1970
Сиёсий партиялар фаолиятини, ғоя ва дастурий мақсадларини тарғиб қилишда оммавий ахборот воситалари билан доимий ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга....
01 янв 1970
Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида дастурий вазифаларимизнинг халқчил аҳамияти янада яққолроқ намоён бўлмоқда....