Халқ корига ярамоқ бахти

/
Жойларда қонун устуворлиги таъминланиши халқнинг ишончли вакиллари бўлган депутатларнинг муносиб фаолият олиб бориши билан ҳам белгиланади.
Халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари ҳам ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, фуқароларнинг манфаатларини рўёбга чиқариш, аҳолининг таклифларини ўрганишга алоҳида эътибор қаратишмоқда.

Депутатлик гуруҳи раҳбари Зарифа Эралиеванинг Зангиота туманида “Китоб олами” мажмуасини барпо этиш ишларини ташкил қилиш мақсадида олиб борган амалий саъй-ҳаракатлари ижобий натижа берганлиги диққатга сазовор. Ҳозирда туман марказидаги “Амир Темур” кўчасида “Китоб олами” мажмуаси биноси қуриб битказилди. Демак, эндиликда туман аҳли, айниқса, ёшлар учун бу мажмуа маънавий-маърифий масканга айланади.
Депутатларнинг Ангрен шаҳар “Оппартак” маҳалласи аҳли билан мулоқотлари чоғида фуқаро Марҳабо Сиддиқова уй-жой кадастр ҳужжатини тайёрлаш ва расмийлаштиришда маблағ зарурлиги, бундай харажат оилавий шароитига тўғри келмаётганлиги ҳақида баён қилди. Вилоят ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармасига депутатлик сўрови чиқарилгач, ушбу хонадоннинг кадастр ҳужжатлари тўлиқ расмийлаштирилди.
— Икки нафар фарзандимиз туғма ногирон. Умр йўлдошим билан йигирма беш йилдан буён уларни парвариш қилмоқдамиз, — дейди Марҳабо Сиддиқова. — Уйимизни кадастр рўйхатидан ўтказишда давлат божи тўлашга қийналиб қолдик. Депутат Зарифа Эралиеванинг кўмаги билан ҳомийлар томонидан 400 минг сўм моддий ёрдам пули ажратилди. Оғиримиз енгил бўлди, муаммо ҳал этилганидан хурсандмиз, депутатларга раҳмат, деймиз.
Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутати Камолжон Шодиметов ҳам талайгина ишларни амалга оширди. Жумладан, унинг ташаббуси билан Янгийўл тумани “Абдулла Ортиқов” ҚФЙ ҳудудида жойлашган қишлоқ врачлик пунктида қуёш энергиясидан фойдаланиш мақсадида фотоэлектрик қурилма ўрнатилди. Республика “Экосан” жамоат фондига киритилган депутатлик сўрови натижасида ушбу тиббиёт муассасаси ана шундай махсус ускуна билан таъминланди. “Иноғом” маҳалласида яшовчи 1-гуруҳ ногирони ў.Умаровнинг депутатга мурожаати ҳам ўз вақтида қаноатлантирилиб, унга “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси Тошкент вилояти бўлими томонидан ногиронлик аравачаси олиб берилди. Айниқса, “Юксалиш” маҳалласидаги оилавий поликлиникага депутат кўмаги билан туман ҳокимлиги томонидан тез тиббий ёрдам машинаси ажратилганлиги шифокорлар ва маҳалла аҳлини беҳад қувонтирди.
Депутатлик гуруҳининг яна бир фаол аъзоси Абдураҳмон Назаровнинг Юқори Чирчиқ тумани “Дўстлик” МФЙдаги ички йўлларни таъмирлаш бўйича туман ҳокимлигига юборган депутатлик сўрови ҳам ўз ечимини топди. Туман ободонлаштириш бошқармаси томонидан маҳалладаги ички йўлларнинг 1,5 километр қисми асфальтланди. Шунингдек, депутат ёшлар бандлигини таъминлашда ҳам амалий ишлар қилмоқда. Жорий йилда унинг ташаббуси билан “УзгермедФарм” МЧЖ қўшма корхонасида янги иш ўринлари яратилиб, институтни тамомлаган ёшлардан уч нафари, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларидан 20 нафарининг бандлиги таъминланди.
Депутат Мурод Ҳусанбоев институт ва касб-ҳунар коллежини шу йил тамомлаган ёшлардан уч нафарининг “Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси “Тошкент-телеком” филиалига ишга жойлашишига амалий ёрдам кўрсатди.
— Бу йил Тошкент ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежини тамомлаб, “Тошкент-телеком” филиалига оператор лавозимига ишга қабул қилиндим, — дейди Санжар Сулаймонов. — Партия депутатларининг ёшлар бандлиги борасидаги саъй-ҳаракатлари туфайли бир неча ёш мутахассислар ҳам иш билан таъминландилар.
Тумандаги “Рамадон”, “Нодирабегим”, “Ишчилар шаҳарчаси” маҳаллаларининг ички йўлларидаги носозликлар аҳолини ўйлантираётган муаммога айланганди. Тошкент вилоят ҳокимлигига юборилган депутатлик сўровига жавобан таъмирлаш ишлари манзилли дастурга киритилиб, жорий йилнинг 2-чорагида “Рамадон” маҳалласидаги ички йўлларнинг 0,9 километр қисми капитал таъмирланди, 0,7 километр қисмига эса қопламалар ётқизилди.
Ўрта Чирчиқ тумани “Муқимий” маҳалласида яшовчи кам таъминланган оилаларга депутат Умид Шоумаровнинг ташаббуси билан ҳомийлар кўмагида моддий ёрдам берилганлиги фуқароларни хушнуд этди. Тошкент тиббиёт академияси битирувчиси Бобур Муталов Япониянинг Хиросима университети магистратурасида ўқиши учун таълим кредити олиш масаласида депутатдан амалий ёрдам кўрсатишни сўради. У.Шоумаров томонидан Марказий банкка юборилган депутатлик сўрови натижасида Б.Муталовга таълим кредити ажратилди.
Депутатлик гуруҳи аҳолининг мурожаатларига асосан Ангрен шаҳрининг тоғли ҳудудларидаги “Нишбош” ва “Лашкарак” қишлоқларини бир-бирига боғлайдиган янги йўл барпо этиш мақсадида халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясига киритган муҳим масала ижобий ҳал этилганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Айни кунларда мазкур ҳудудда узунлиги 20 километрни ташкил этувчи йўл барпо қилинмоқда.
Аммо, депутатларнинг фикрича, сессияга ва доимий комиссиялар йиғилишлари муҳокамасига долзарб масалаларни киритишда замон талаби даражасида фаоллик кўрсатилмагани жиддий камчилик, депутатлик ваколати тақозо этган мавжуд имкониятни бой бериш деганидир. Сайловчилар ишончини оқлаш ва ҳудудда партия нуфузини мустаҳкамлашда ваколатлардан унумли фойдаланиш лозим.
Зулайҳо ЧЎЛПОНОВА,
Тошкент вилоят кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Аввал хабар қилганимиздек, жорий йилнинг 25 июнидан 5 июлига қадар Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияс...
01 янв 1970
Чоршанба — электорат билан юзма-юз мулоқот куни
01 янв 1970
Сиёсий партиянинг дастурий ғоя ва мақсадларини рўёбга чиқаришда халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш депутатларининг ташаббускорлиги, сайловчилар олдид...
01 янв 1970
Бешариқ туман ҳокимлиги томонидан халқ билан янада яқинроқ ва тўлақонли мулоқот қилишга жиддий эътибор қаратилмоқда. ...