Ваъда амали билан чиройли

/
Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида маҳаллий ҳокимият вакиллик органларида фаолият юритаётган депутатлик гуруҳи аъзоларининг масъулияти яна ҳам ортди.
Халқ депутатлари Янгиариқ туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари аҳоли билан яқиндан мулоқот қилиб, фуқароларнинг турмуш шароитлари билан танишиш асносида уларни ўйлантираётган масалаларни ўрганиб, ҳал этишга ҳаракат қилмоқда.

— Депутатлик гуруҳимиз аъзолари томонидан 2017 йилнинг тўққиз ойи давомида аҳоли билан очиқ мулоқотларда қайд этилган муаммолар, шунингдек, фуқароларнинг бевосита қилган мурожаатлари, депутатлик қабулхоналарига келиб тушган мурожаатларда келтирилган масалалар асосида мутасадди идоралар раҳбарларига 17 та депутатлик сўрови киритилди. Шундан 11 таси ижобий ҳал этилди, — дейди депутатлик гуруҳи раҳбари Тўхтасин Отажонов. — Аҳоли бандлигини таъминлаш, маҳаллалардаги ички йўлларни жорий ва капитал таъмирлаш, ичимлик суви таъминотини йўлга қўйиш, кам таъминланган оила аъзоларига моддий ва маънавий ёрдам бериш, умумтаълим мактаблари ҳамда коллежларда ўқувчи формасини жорий этиш каби бир қатор масалаларда юзага келган муаммоларни бартараф этиш борасида муайян ишлар қилинди.
Хусусан, “Янгиариқ—Хонқа” йўлининг туман марказидаги бошланиш қисмида 200 метр йўлнинг торлиги сабабли йўловчилар, айниқса, 29, 38-умумтаълим мактаблари, 1-сон спорт, 15-сон мусиқа мактабларига қатновчи ўқувчилар ҳамда 1, 5-сонли мактабгача таълим муассасаларига қатновчи тарбияланувчилар учун ноқулайликлар пайдо бўлган. Ота-оналар мурожаат қилишгач, депутатлик гуруҳи аъзоси Отаназар Рўзметов вилоят ички ишлар бошқармасига депутатлик сўрови киритди. Мазкур ички ишлар идораси томонидан масала ўрганиб чиқилди ва 2018 йилнинг биринчи чорагида муаммо бартараф этиладиган бўлди.
“Вакиллар” маҳалласида 3860 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Бу ҳудудда жойлашган биноларнинг кўп қисмининг ўрни илгари кўл бўлгани боис аҳоли ер ости ичимлик сувидан фойдалана олмаслиги аён. Шу ҳудудда яшаётган аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш зарурлиги партия депутатлари томонидан ўрганиб чиқилди ва Янгиариқ туман ҳокими номига юборилган депутатлик сўрови эътиборга олиниб, бу борадаги вазифалар туманни 2018 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига киритилди.
Фуқароларнинг айтишича, ушбу маҳалладаги 17-сон мактабгача таълим муассасасига борадиган йўлнинг 150 метр ва 22-сон умумтаълим мактабига олиб борадиган 200 метр, “Эгизак бобо” қабристони йўлининг 500 метр қисми асфальтланмагани боис ёғин-сочинли кунларда лойгарчилик, ёзда чанг бўлиши йўловчиларга қийинчиликлар туғдирмоқда. Шуни назарда тутиб, туман ҳокимлигига депутатлик сўрови киритилди, натижада ушбу муаммолар 2018 йилнинг биринчи чорагида бартараф қилинадиган бўлди.
Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғига киритилган яна бир депутатлик сўрови ўрганилиб, “Хонқа—Янгиариқ” марказий йўлининг пиёдалар серқатнов қисмида йўлни кесиб ўтишда хавфсизликни таъминлаш учун пиёдалар ўтиш йўлкаси белгиланди. “Гулланбоғ” қишлоғи ҳудудини кўрсатувчи йўл белгисини ўрнатиш ҳам депутатнинг ташаббуси билан амалга оширилди.
“Вакиллар” маҳалласида депутатлик гуруҳи ташаббуси билан ташкил этилган “Ёшлар маркази” гузари маҳалла аҳлининг хизматида эканидан барча мамнун бўлмоқда. Айни пайтда гузар фаолияти анчагина кенгайди. Жумладан, сартарошхона, “Гўзаллик салони”, озиқ-овқат дўкони, ошхона, этикдўзлик устахонаси ишлаб турибди.
Шунингдек, “Янги ер” маҳалласидаги хонадонларни тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида икки ярим километр узунликдаги сув қувурларини ўтқазиш юзасидан туман ҳокимлигига депутатлик сўрови киритилган эди. Мазкур масала 2018 йилга мўлжалланган тегишли ҳудудий дастурда белгилаб қўйилди.
Депутат Тўхтасин Отажоновга “Қўриқтам” маҳалласида яшовчи фуқаролар ичимлик суви таъминотида узилишлар бўлаётганидан шикоят қилишганди. Т.Отажоновнинг туман ҳокими ўринбосари номига жўнатган депутатлик сўрови ижобий ҳал бўлди. Сув қувурлари таъмирланиб, маҳаллада ичимлик суви таъминоти тўла йўлга қўйилди.
Мазкур маҳалладаги 1,5 километр масофадаги ички йўлни жорий таъмирлаш юзасидан тегишли ташкилотга чиқарилган депутатлик сўрови ҳам ижобий ечим топмоқда. Ички йўлни таъмирлаш ишлари жорий йилнинг сўнгги чорагида амалга ошадиган бўлди.
— Амалиётга йўналтирилган ҳудудий дастурлар ижроси, жумладан, уларда депутатлик сўровлари асосида акс этган вазифалар ижроси доимий назоратимизда бўлади, — дейди депутат Шавкат Худойберганов. — Ҳар бир амалий иш ниҳоясига етказилиши электорат ишончини мустаҳкамловчи омил эканини ҳам яхши тушунамиз.
Шу билан бирга, туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси бошлиғига юборилган депутатлик сўрови натижасида “Шир шоли” маҳалласи ҳудудидан ўтувчи асосий катта йўлнинг серқатнов қисмига пиёдалар йўлакчаси белгиси ўрнатилди.
Депутатлик гуруҳи томонидан “Мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим мактаблари синфларидаги ўқувчилар сонининг санитария-гигиена талабларига мослиги, умумий тиббий хизматининг аҳволи, мажбурий дори-дармонлар билан таъминланганлик даражаси, манту синамаси ва бошқа эмлашлар даврийлигининг ҳолатлари” ўрганилган эди. Депутатлик гуруҳи ташаббуси билан мазкур ўрганишлар натижалари асосида жорий йилнинг август ойида халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясига киритилган масала атрофлича муҳокама этилганини ҳам айтиш жоиз. Ўрганишларда аниқланган камчиликларни бартараф қилиш, таълим муассасаларидаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш юзасидан сессияда қабул қилинган қарор амалиётга йўналтирилди.
Айни пайтда мазкур қарор ижроси “Ижтимоий-маданий ривожлантириш, ёшлар сиёсати ва соғлом авлод масалалари” доимий комиссияси ва партия депутатларининг назоратига олинган.
Замира АБДУЛЛАЕВА,
Хоразм вилоят кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
2017 йил — Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили
01 янв 1970
Юртимизда ёши улуғ инсонлар, меҳнат фахрийларига алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб келинади. ...
01 янв 1970
Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП гуруҳи фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш йўналишида ҳам сама...
01 янв 1970
Халқ депутатлари Шофиркон туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари аҳоли ўртасида ўтказилган мулоқотлар дав...