Репродуктив саломатлик – оилалар мустаҳкамлиги ва жамият тараққиёти гарови

/
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан “Тараққиёт стратегияси” марказида “Фуқаролар репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш – оилалар мустаҳкамлиги ва жамият тараққиёти гарови” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “Тараққиёт стратегияси” маркази, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Республика аҳоли репродуктив саломатлиги маркази ва “Оила” илмий-амалий маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, партия экспертлари ва фаоллари, ҳамкор ташкилотлар масъул ходимлари иштирок этди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 22 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида ва 12 июль куни Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммоларни ўрганиш, соҳага оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, аҳолининг тиббий маданиятини оширишда ҳамкорликдаги ишларни белгилаб олиш бўлди.
Эътироф этилганидек, давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармонида соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш соҳасида белгиланган мақсад-вазифалар ижроси доирасида ўтган қисқа даврда тиббиёт соҳаси тубдан ислоҳ этилди, жойлардаги қишлоқ врачлик пунктлари оптималлаштирилди, аҳолига бирламчи тез тиббий ёрдам кўрсатиш ва патронаж хизматлари сифатини яхшилашга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди.
— Соғлиқни сақлаш тизимига бўлаётган эътибор мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг марказида инсон турганлиги, бош мақсад инсоннинг ҳаётий ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилганидан далолат беради, — деди Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров. — Соҳадаги ислоҳотлар доирасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан жойларда аҳолига малакали тиббий ёрдам кўрсатиш, касалликлар профилактикаси, патронаж ва скрининг хизматларини замонавий даражага кўтариш, аҳолини арзон ва сифатли дори-дармон воситалари билан таъминлаш тизими самарадорлигини оширишга қаратилган вазифалар ижроси устидан жамоатчилик назорати ўрнатилди. Соҳадаги муаммоларни аниқлаб, уларни ҳал этишга қаратилган механизмлар жорий этилди.
Президентимизнинг парламентга Мурожаатномасида инсон саломатлигини муҳофаза қилиш борасида сўнгги вақтларда олиб бораётган ишларимизга қарамасдан, жойларда кўплаб муаммолар ҳамон сақланиб қолаётгани алоҳида қайд этилди. Ана шуларни ҳисобга олиб, ҳудудлар аҳолиси учун қулай бўлган, сифатли ва замонавий тиббий ёрдам кўрсатиш, касалликларни барвақт аниқлаш бўйича бошланган ишларни изчил давом эттиришга доир инновацион ёндашувлар илгари сурилди. Қонунчилик палатаси ўз иш фаолиятида асосий эътиборни тизимдаги муҳим муаммоларни, айниқса, жойларда ҳал этишга қаратиши мақсадга мувофиқ эканлиги белгиланди.
— Барча соҳаларда бўлгани каби тиббиёт соҳасидаги ислоҳотларнинг ҳам узвийлигини таъминлашимиз зарур, — деди Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова. — Юртбошимиз таъкидлаганидек, халқимиз тиббиёт тизимидаги ўзгаришларни ўз ҳаётида эрта ёки индинга эмас, бугун сезиши керак. Аҳолимизни рози қилиш энг асосий вазифамиз саналади.
Шу маънода биз учун ижтимоий аҳамияти юқори бўлган репродуктив саломатлик ҳар бир инсоннинг руҳий ва физиологик ҳолати мўътадиллигини ифодалайдиган энг муҳим омиллардан бири бўлиб, бу эса, оиланинг соғломлигига, пировардида жамият мустаҳкамлиги ва мамлакат барқарорлигига хизмат қилади. Ўз навбатида, ушбу соҳанинг норматив-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш, бу борада ҳамкорликни кучайтириш долзарб вазифадир.
Давра суҳбатида таъкидлаб ўтилганидек, Ўзбекистон “Адолат” СДП мамлакатимизда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг натижалари, эришилган ютуқларни эътироф этган ҳолда, соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммоларни ўрганиш, соҳага оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштиришни зарур, деб ҳисоблайди.
Айни шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан имзоланган Меморандумга мувофиқ “Одам аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилиш тўғрисида”ги, “Аҳолининг репродуктив саломатлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш, аҳоли орасида муҳокама қилиш ҳамда қабул қилинишига эришиш белгиланган.
Шундан келиб чиқиб, тадбирда ушбу масалага иштирокчилар томонидан алоҳида эътибор қаратилди. Соҳа мутахассислари ва депутатлар бугунги кунда мавжуд баъзи чекловлар туфайли мамлакатимизнинг тиббиёт соҳасидаги салоҳиятидан тўлиқ фойдаланилмаётганлиги, айрим тиббий муолажаларни ўтказиш, хусусан, трансплантология, ЭКУ (экстракорпорал уруғлантириш) каби масалаларда фуқароларимиз ҳамон хориждаги тиббиёт муассасаларига мурожаат этишга мажбур бўлаётганини қайд этишди.
Шу сабабдан, Ўзбекистонда инновацион ёрдамчи репродуктив технологияларни жорий этиш ҳамда “Одам аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилиш тўғрисида”ги, “Аҳолининг репродуктив саломатлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда ҳамкорликни янада кучайтириш юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Бу борада “Тараққиёт стратегияси” маркази билан ҳамкорликда халқаро тажрибани ўрганиш ҳамда қонун лойиҳаларини оддий фуқароларнинг таклиф ва фикрлари асосида маромига етказиш зарурлиги қайд этилди.
Давра суҳбати якунида фуқароларнинг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилаётган давлат даражасидаги эътибор баробарида, аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ва ёшлар орасида соғлом турмуш-тарзи тамойилларини тарғиб қилиш, соҳада ишга солинмаётган имкониятлардан фойдаланиш ҳамда жойлардаги мавжуд масалаларни ҳал этишда ҳамкорликда амалга ошириладиган ишлар белгилаб олинди.
Илёс САХАТОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон «Адолат» СДПнинг янги лойиҳаси “Адолатли қайнона”, деб аталади....
01 янв 1970
Юртимизда сўнгги йилларда миллий ҳуқуқ тизимида кўлами ва моҳияти нуқтаи назаридан ислоҳотларнинг янги даври бошланди. ...
01 янв 1970
Бир қарашда йўлсозлик, коммунал хизматларга доир масалалар фуқаролар мурожаатларида тез-тез қайд этиб туриладиган, қонун доирасида кечиктирмай ҳал ...
01 янв 1970
Маълумки, Президентимиз Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида Қарши туманида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан ҳам танишди....