Соҳибқиронни ёд этиб

/
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати томонидан буюк бобокалонимиз Амир Темур таваллудининг 682 йиллигига бағишлаб “Амир Темур даврида илм-фан ривожининг умумбашарий аҳамияти” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Унда мутахассис олимлар, депутатлар, партия фаоллари ҳамда “Ёш адолатчилар” қаноти аъзолари иштирок этишди.
Тадбирда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Раҳмонов, Темурийлар тарихи давлат музейи директори Хуршид Файзиев, тарих фанлари доктори, профессор Абдумажид Мадраимов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Тўлқин Ҳайитов юртимизда маънавиятни юксалтириш йўлида амалга оширилаётган кенг қамровли ишлар жараёнида Амир Темур мероси ҳам тобора эъзоз топаётгани, адолатли давлат арбобининг ўлмас закоси ёш авлодни ватанпарварлик ва миллий ифтихор руҳида тарбиялашда муҳим маърифий дарслик бўлаётганини таъкидлашди.
Тадбирда қайд этилганидек, Амир Темур шахсига қизиқиш халқаро майдонда тобора ортиб бормокда. Бу беназир зотнинг қандай миллий замин ва тарихий шароитда ўсиб-улғайгани, қай тариқа юксак чўққиларга кўтарилгани, давлат арбоби, енгилмас саркарда ва инсон сифатидаги фазилатлари, ички дунёси ва кечинмалари ҳақида янги-янги асарлар яратилмоқда. Жумладан, Темур ва темурийлар даври ҳақида ўтган давр мобайнида яратилган асарлар сони Европа тилларида 500 дан зиёд, Шарқ тилларида эса 900 га яқинни ташкил этади.
Соҳибқирон ўз даврида нафақат энг қудратли давлат асосчиси, илм-фан, маданият ва маънавият ҳомийси, балки Осиё ва Европа қитъаларида рўй берган тарихий ўзгаришларга ҳал қилувчи таъсир кўрсатиб, дунё цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшган буюк шахс бўлганлиги давра суҳбатида қайд этилди. Бобокалонимизнинг қудратли давлат, адолатли жамият барпо этиш, ўзаро ҳамжиҳатлик, бағрикенглик, меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, халқ фаровонлигини таъминлашга оид эзгу тамойиллари бугун Ватанимиз ижтимоий-иқтисодий, маънавий ҳаётининг асосий мезонига айлангани таъкидланди.
Амир Темурнинг инсоният равнақига қўшган маданий ва маънавий ҳиссаси унинг қудратли давлат барпо этганидир. Чунки давлат қудратли бўлмас экан, унда на бой маънавий мерос, на обида ва тарихий ёдгорликлар бўлади. Темурийлар томонидан қурилган мадрасалар, масжидлар, хонақоҳ ва саройлар, кўприклару йўллар, бекатлар, ариқлар, қалъалар ва бошқа қатор иморату иншоотларнинг сон-саноғи йўқ. Амир Темурнинг бевосита раҳнамолигида бунёд этилган меъморий обидалар, Боғи Чинор, Боғи Дилкушо, Боғи Беҳишт, Боғи Баланд сингари ўнлаб гўзал сарой-боғлар ва бошқа иншоотлар шулар жумласига киради.
Буюк Соҳибқироннинг яна бир нодир маънавий мероси унинг “Темур тузуклари” асаридир. Ундан давлат бошқарувининг асосий қоидалари, бобомизнинг чуқур маъноли ҳикматлари, панду насиҳат ва ўгитлари жой олган.
Амир Темурнинг Марказий Осиёда марказлашган давлатга асос солиб, бир қанча мамлакатлар билан савдо-дипломатик муносабатларни ўрнатгани катта аҳамиятга эгадир. Бунинг натижасида Буюк Ипак йўли қайта тикланди. ўарб ва Шарқ муносабатлари ривожланди. Айниқса, пойтахт Самарқанд дунёнинг такрорланмас дурдонасига айланди.
Тадбирда алоҳида эътироф этилганидек, донолик, мардлик, тўғрисўзлик, давлатни адолатли бошқариш, фарзандларни миллий руҳда тарбиялаш, илм-фан ва маънавий дунёқарашнинг ривожланишига алоҳида эътиборни буюк Соҳибқирон сиймосида кўриш мумкин.
Айниқса, “Куч — адолатда” ғояси Амир Темур томонидан бунёд этилган, 27 та давлатни бирлаштирган марказлашган давлат ҳудудида маънавий мезонга айланган эди. Ушбу ҳикматни мамлакатимиз сиёсий майдонида 23 йилдан буён фаолият кўрсатиб келаётган Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ўзининг бош шиори сифатида танлаган. Яъни, партия ўз номига мос равишда буюк Соҳибқироннинг жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, ижтимоий адолат тамойилларини қарор топтириш, илм-фан ривожланишини қўллаб-қувватлаш каби йўналишларни ўзининг устувор мақсади этиб белгилаган ҳамда бу борада қатор амалий чора-тадбирларни ҳаётга татбиқ этиб келмоқда.
Жонли мулоқот тарзида ўтказилган тадбир сўнггида мавзу юзасидан ёшларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан жавоб берилди.
Дилором ОДИЛОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати сектор мудири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бир қарашда йўлсозлик, коммунал хизматларга доир масалалар фуқаролар мурожаатларида тез-тез қайд этиб туриладиган, қонун доирасида кечиктирмай ҳал ...
01 янв 1970
Мамлакатимизда аҳоли бандлигига алоҳида эътибор қаратилиб, айниқса, ёшлар ҳамда хотин-қизларни иш билан таъминлаш борасида амалий ишлар қилинмоқда....
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Тошкент шаҳар кенгаши ҳамда Миробод туман кенгаши ҳамкорлигида “Ўзбекистон темир й...
01 янв 1970
Пойтахтимизда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ташаббуси билан сиёсий форум бўлиб ўтди....