Сайловчилар ишончини оқлаш фидойилик ва ташаббускорликка ундайди

/
Халқ депутатлари Сергели туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари партиямизнинг Сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш ҳамда электорат манфаатларини ҳимоя қилишда ташаббускорлигини оширмоқда.
2017 йилнинг 12 июль куни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишидаги маърузаси ҳамда 2017 йилнинг 22 декабрь куни Олий Мажлисга Мурожаатномасида илгари сурилган ташаббус ва белгилаб берилган вазифалар сиёсий партиялар ва депутатлик бирлашмалари зиммасига улкан масъулият юклади. Давлатимиз раҳбари ҳар қандай сиёсий партия замон билан ҳамнафас бўлиб, унинг ўткир талабларига жавоб берган тақдирдагина сиёсий куч сифатида яшай олишини таъкидлади. Бунинг учун биз бугунги давр муаммоларини чуқур англашимиз, депутатларимиз орқали халқ орасига кириб боришимиз, партиямиз ғояларини кенг тарғиб қила олишимиз зарур.
Маълумки, сиёсий партиянинг ўз ғоя ва мақсадларини амалга оширишида, электорат манфаатларини ҳимоя қилишда, ислоҳотларда фаол иштирок этиш ва одамлар ишончини қозонишда депутатлик корпуси фаолияти муҳим ўрин тутади. Президентимиз ташаббуси билан Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашлари ташкил этилганлиги мазкур йўналишдаги ишларни изчил давом эттириш ва янада самарали натижаларга эришишимизда кенг имконият яратмоқда.
Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига партиямиздан 37 нафар депутат сайланди. Бу эса, албатта, туман ҳудудида мавжуд муаммоларни ўрганиш ва ҳал этишдаги иштирокимизни кенгайтирди, партия дастурий ғояларига ҳамоҳанг масалаларни кўтариб чиқиш, электоратимиз манфаатини ҳимоя қилишда муҳим восита бўлиб хизмат қилмоқда. Депутатларимиз ўз фаолияти давомида фаол, жонкуяр, халқ дарди билан яшайдиган, аҳоли томонидан кўтарилаётган муаммоларни жойида ҳал қила оладиган халқ вакилига айланишга интилишмоқда. Зеро, бугун барча имкониятлар мавжуд, фақат депутатлик масъулиятини чуқур ҳис этиш, унинг ваколатларидан самарали фойдаланиш, ташаббускор бўлиш талаб этилади.
17-“Жаҳонаро” сайлов округидан сайланган Дониёр Рашидов бугунги давр руҳи билан жонбозлик кўрсатаётган фаол депутатларимиздан. Д.Рашидов халқ вакили сифатида аҳоли орасига кенгроқ кириб боришга интилмоқда. Фуқаролар билан бевосита мулоқот натижасида депутат жойлардаги давлат органлари, тадбиркорлик субъектлари, ижтимоий соҳа объектлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамда хонадонларда бўлиб, ҳақиқий ҳолатни ўрганмоқда. Уйма-уй юриб ўтказилаётган мулоқотларда аҳолини ўйлантираётган бир қатор масалаларга жойида ечим топаётгани қувонарлидир.
— Бугунги янгиланишлар, туб ислоҳотлар даврида ҳар бир депутатнинг масъулияти, жавобгарлиги ва ташаббускорлигини ошириш талаб этилади, – дейди Д.Рашидов. — Биз, депутатлар электорат билан юзма-юз мулоқотда бўлиб, аҳолини ўйлантираётган масалалар, долзарб муаммолар ва уларнинг қизиқишларини ўрганишимиз зарур. Фуқаролар бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка жалб қилиш, турли даражадаги муаммоларини ҳал этиш ҳамда ҳудудлардаги мавжуд масалаларга ечим топиш юзасидан сессияларга масала киритиб, қабул қилинган қарорлар ижросини таъминласаккина фаолиятимизда кутилган натижаларга эришамиз.
Д.Рашидов ўз сайлов округида ташкил этилган фуқаролар қабулхонасида ҳар ҳафтанинг шанба ва якшанба кунларида сайловчилар билан учрашади. Ўтган бир ой давомида депутатга сайловчилар 8 та ёзма равишда, 15 та оғзаки мурожаат қилишди. Мазкур мурожаатларда асосан ҳудуддаги муаммолар ўз ифодасини топган. Хусусан, кўп қаватли уйлар атрофида тунги чироқларни ўрнатиш, болалар майдончалари ва спорт майдончаларини ташкил этиш, ёлғиз қарияларга ёрдам кўрсатиш каби масалалар шулар жумласидандир. Фуқаролардан тушган мурожаатлар асосида тегишли ташкилотларга 5 та депутатлик сўрови юборилди, депутатлик сўровлари юзасидан ижобий ишлар бошланган.
Маълумки, партиямиз Сайловолди дастурининг 4-бўлими “Иқтисодиётнинг барқарор суръатларда ривожланиши — аҳоли турмуш фаровонлиги ўсишининг кафолати”, деб номланган. Туманимизда ушбу мақсадларни рўёбга чиқаришда Д.Рашидовнинг тадбиркорлиги қўл келяпти, десак муболаға бўлмайди. Унинг туман марказидаги бир вақтнинг ўзида 300 кишига хизмат кўрсатадиган тамаддихонасида меҳнат қилаётган 30 нафар ишчининг 15 нафари касб-ҳунар коллежи битирувчиларидан иборат.
Мухтасар айтганда, бугунги кенг қамровли ислоҳотлар даврида депутатлар зиммасига алоҳида масъулият, муҳим вазифалар юкланган. Шундай экан, барча даражадаги депутатлар партиямизнинг дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, аниқ таклиф ва ташаббусларни илгари суриши, амалий натижага эришиши лозим. Бунинг учун маҳаллий Кенгашдаги партия гуруҳимиз ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий масалалар, мансабдор шахслар ва тўрт сектор фаолияти юзасидан самарали депутатлик назоратини ўрнатиши мақсадга мувофиқлигидан келиб чиқиб, иш олиб бормоқда.
Айгул ПЕРНЕБЕКОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сергели тумани кенгаши раиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Маълумки, фуқаролик жамияти институтларининг ўзаро ҳамкорлиги улар фаолиятининг янада самарали бўлишини таъминлайди....
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгашини “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” кўрик-танловининг ҳудудий босқичи якунига етмоқда...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига 2019 йилнинг 11 январида жойлаштирилган “Ўқитувчи мақоми т...
01 янв 1970
Партия депутатлик гуруҳи аъзоси Янгибой Бўронов ҳам фаоллиги ва амалий ишлари билан сайловчилар меҳрини қозонмоқда. ...