“Сизга қандай ёрдам керак?”

/
Фаолларнинг бу сўрови амалий ишларда акс этмоқда
Аввало шуни таъкидлаш жоизки, давлат бошқаруви идораларига йўлланган ҳар битта депутатлик сўрови жойлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни бартараф этиш, фуқаролар манфаатлари қонун доирасида ҳал қилинишини таъминлаш баробарида муайян соҳада раҳбарлик масъулияти ва жавобгарлигини кучайтириш, қабул қилинаётган қарорлар бўйича аниқ, тизимли ишларни йўлга қўйишга кўмаклашиши лозим.
Ваколатга айни шу тарзда ёндашув халқ депутатлари Тайлоқ туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг депутатлик гуруҳи фаолияти учун асосий мезонга айланган. Партия депутатлик гуруҳи томонидан жорий йилнинг ўтган биринчи чораги давомида тумандаги бошқарув идоралари раҳбарлари номига 24 та депутатлик сўрови киритилиб, шундан 17 таси белгиланган муддатда тўлиқ ҳал этилди. Фуқароларнинг тиббий хизматни яхшилаш, ижтимоий дорихоналар тармоғини кенгайтириш, сотувдаги дори воситалари нархига амал қилинишини назоратга олиш ёки маҳаллаларда етишмаётган мактабгача таълим муассасаларининг янги биносини қуриш, йўлларни таъмирлаш, кўприк барпо этиш ҳақидаги мурожаатлари асосида кўрилган чора-тадбирлар шулар жумласидандир.
Депутат Нилуфар Акрамованинг уч мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган “Истиқлол” маҳалласининг янги биносини қуриш бўйича фуқароларнинг талаб-истакларини чуқур ўрганиб, шу асосда мутасадди идораларга киритган депутатлик сўрови ижобий ечим топди. Мазкур масала бўйича тегишли вазифалар “йўл харитаси”га киритилиб, лойиҳа асосидаги ишлар бошлаб юборилди. Маҳалланинг янги маркази йилнинг 2-чорагида фойдаланишга топширилиши устидан жамоатчилик назорати ўрнатилгани эса ишни янада тезлаштиришга туртки бермоқда.
Депутат Муртазо Мавлоновнинг “Қўрғонча” маҳалласидаги ички йўлларни асфальтлаштириш ҳақидаги депутатлик сўрови асосида туман йўлсозлик идораси янги иш режасини тасдиқлаб олди. Ёки депутатлик гуруҳининг яна бир аъзоси Миркамол Муродов салкам 4 минг нафар аҳоли истиқомат қилаётган “Олмазор” маҳалласида ота-оналар билан мулоқотида аниқланган масала юзасидан яна бир муҳим ижтимоий муаммо ўз ечимини топганини алоҳида таъкидлаш лозим. Гап шундаки, бу ерда аҳоли талабига совуққонлик билан қараш оқибатида узоқ йиллардан буён янги мактабгача таълим муассасаси биноси қурилмай, оилаларни ўйлантираётган муаммо ҳал этилмай келаётган эди. Депутат ташаббуси билан мазкур масала халқ депутатлари туман Кенгашининг тегишли доимий комиссияси муҳокамасига киритилди. Натижада янги, кўп ўринли МТМ қуриш вазифаси “йўл харитаси”га киритилиб, бино учун ер ажратилиб, қурилиш ишлари бошлаб юборилди.
Худди шундай талабчанлик, ваколатга нисбатан масъулият, ишчанлик ва ижро назорат қилиниши туфайли туманда қурилиш, ободончиликлар соҳасида ижобий ўзгаришлар кун сайин яққолроқ кўзга ташланмоқда. Партия депутатлик гуруҳининг таклифи асосида март ойида халқ депутатлари туман Кенгаши сессияси ички йўлларни таъмирлаш ва тартибга солиш бўйича қарор қабул қилди. Шунга мувофиқ “Ўртасачак” маҳалласида 2 километрлик, “Ургут — Давлатобод” йўналишида 4 километрлик, “Ургут — Сочак” йўналишида 6 километрлик йўлни тўлиқ таъмирлаш чоралари кўрилмоқда.
— Депутатлик гуруҳи йиғилишларида бошқарув идоралари раҳбарларининг фаолиятига доир эшитувлар ташкил этиб борилмоқда, — дейди депутат Нилуфар Акрамова. — Туман бандликка кўмаклашиш маркази раҳбари Мансур Гадоев, туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Дилфуза Камолова, туман йўлсозлик идораси бошлиғи Хуршид Суяровларнинг депутатлар олдида чиқишлари, фикрлашувлар уларнинг ўз соҳаларидаги ишлар аҳволини яхшилаш учун жиддий хулосалар чиқариб олишларига ёрдам берди, десак янглишмаймиз.
Дарвоқе, туманда ёшларни иш билан таъминлашда меҳнат ярмаркалари амалий аҳамият касб этаётгани, 6 та янги кўптармоқли оилавий поликлиника қуриб ишга туширилгани, қисқа муддатда 20 километрлик таъмирталаб йўлларга тош ётқизилиб, маълум қисми асфальтланганлиги депутатлик назоратининг таъсири, мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлашнинг натижаси саналади.
Депутат Сулаймон Боқиев қишлоқ қиёфасини тубдан ўзгартириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш мақсадида мукаммал лойиҳалардан фойдаланишни ўз назоратига олган. Касби меъморчилик бўлгани боис у маҳаллаларда қурилаётган ҳар бино пишиқ-пухта бўлиши, ижтимоий инфратузилмани ривожлантиришга хизмат қилиши учун зарур таклифлар беради.
— Ҳар ҳафтанинг чоршанба куни электорат билан мулоқот сифатида белгиланган, шундан келиб чиқиб, маҳаллаларда очиқ мулоқотлар ўтказилмоқда, — дейди депутат Муртазо Мавлонов. — Ички ишлар ходимлари, бандликка кўмаклашиш маркази, маҳалла вакиллари иштирокида ҳар бир хонадоннинг муаммосини чуқур ўрганиб борамиз. Аҳоли мурожаатларининг аксариятини жойида ҳал этаяпмиз. Мулоқотлар давомида 3 ойда юздан ортиқ мурожаатни ўрганиб ечим топишга эришдик.
Депутатлик гуруҳи фаолиятида уюшмаган ёшлар муаммосини ҳал этишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. “Сочак” қишлоғида яшовчи ёш ҳуқуқшунос Мафтуна Тўраева ўз ихтисослиги бўйича иш тополмай юрган эди. Депутатлар ёрдамида у Ёшлар иттифоқи туман бўлимига ишга жойлаштирилди. Шунингдек, Савлат Мустафоқуловнинг фуқаролик паспортини янгилаш ва ишга жойлашишда ёрдам кўрсатиш ҳақидаги мурожаати ҳам ўрнида ҳал қилинди.
Ўлкамизда баҳор нафаси кезиб юрган, боғларда, дала-қирларда яшаш, яратиш завқи, ташвиши беором қалбларни эзгу ишларга ундаётган шу кунларда партия фаоллари, депутатлар яна бир ажойиб ташаббусга бош бўлдилар. Туманда истиқомат қилаётган кам таъминланган оилаларнинг томорқа хўжалигини ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида уларнинг ҳар бирига йигирматадан мевали дарахт кўчатлари тортиқ қилинмоқда. Бу иш манзилли, аниқ талаб ва эҳтиёж асосида ташкил этилаяпти, депутатлар маҳалла фаоллари билан кам таъминланган ҳар битта хонадонга кириб, уларнинг томорқа хўжалигини юритиш имкониятларидан батафсил хабардор бўлишмоқда. Мўлжалланган ҳосилни олишингиз учун сизга яна қандай ёрдам кўрсатайлик, кимёвий ўғит керакми, агросервис хизматидан фойдаланасизми, эҳтимол ҳовлининг бир четида иссиқхона қуришингиз учун банк кредити керакдир — ҳар гал хонадон эгалари билан суҳбатдан кўнгил ёришиб кетади, албатта. Мени тушунадиган, менга суянчиқ бўладиган кишилар ёнимда-ку, деган фикр рўзғор ташвишларидан бироз чарчаган қалбларга қувват бағишлайди. Мана, сизга эшик санаб, хонадонма-хонадон кириб юришдан вақтини қизғанмаган депутатнинг фойдали мулоқоти, иш услуби, ижтимоий тадқиқоти.
Мухтасар айтганда, одамлар орасида ўтаётган ҳар кун, фуқароларнинг ҳуқуқ, манфаатларини таъминлаш учун қилинаётган ҳар битта мулоқот, ваколатлардан ўринли фойдаланиш депутатнинг аҳоли ўртасидаги ишонч-мавқеини оширмоқда. Ишга шундай муносабат, ёндашув ва қатъият бўлган, ижтимоий назорат ўз сўзини айтиб турган жойда эса халқ фаровонлиги йўлида масъулият ҳам ортиб бораверади.
Зоҳир ТЎРАҚУЛОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Сайлов — кучли фуқаролик жамияти ва демократик ҳуқуқий давлатнинг ажралмас белгиси, халқ хоҳиш-иродаси эркин ифодаланишининг асосий шакли ҳис...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ва Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси ҳамкорлигида давра суҳбати ташк...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати томонидан буюк бобокалонимиз Амир Темур таваллудининг 682 йиллигига бағишлаб д...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ташаббуси билан давра суҳбати ўтказилди....