Тинчлик, фаровонлик ва тараққиёт тарафдоримиз

/
Бугунги глобаллашув жараёнлари, тобора шиддат билан одимлаётган ҳозирги давр барчамиздан юрт тараққиёти, жамиятимизнинг эртаси учун қайғуришни, тинч ва осойишта ҳаётимизга рахна солмоқчи бўлаётган турли таҳдидларга қарши биргаликда курашишни тақозо қилмоқда. Тинч ва осойишта ҳаёт, барқарорлик ўз-ўзидан бўлмайди. Бунинг учун барчамиз шу азиз Ватанни ардоқлашимиз, осойишталикни асраб-авайлашимиз, фидойилик кўрсатишимиз лозим.
Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳудудий кенгашларида партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати томонидан “Тинчлик, фаровонлик ва тараққиёт йўлида бирлашайлик” шиори остида маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда. Сурхондарё вилоятида бўлиб ўтган маънавий-маърифий тадбир ҳам мана шу эзгу ташаббуснинг мантиқий давоми бўлди.
Тадбирда партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати масъул ходимлари, вилоят партия кенгаши аъзолари ва фаоллари, вилоят ички ишлар бошқармасининг Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда “Баркамол авлод” болалар маркази вилоят бўлимлари вакиллари, кенг жамоатчилик, ёшлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Маънавий-маърифий тадбир иштирокчилари дастлаб “Тинчлик менинг нигоҳимда” мавзусидаги расмлар кўргазмаси билан танишдилар. Вилоят “Баркамол авлод” болалар маркази ўқувчиларининг юртимиз тинчлиги ва фаровонлигини кўз қорағидек асрашга ундаган расмлари иштирокчиларда катта таассурот уйғотди.
Тадбирни кириш сўзи билан очган “Адолат” СДП вилоят кенгаши раиси Рустам Ҳамроев бутун дунёда манфаатлар ва ғоялар кураши авж олаётган, глобал муаммолар кучайиб бораётган шиддатли даврда ёш авлод онгида мафкуравий иммунитетни шакллантириш долзарб вазифага айланиб бораётганини таъкидлади.
Маънавий-маърифий тадбирда партия Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Рахмонов маъруза қилди.
— Тинчлик — бебаҳо неъмат. Шунинг учун ҳам унинг қадрига етиш, асраб-авайлаш, ёшларга бу неъматнинг аҳамиятини янада кенгроқ тушунтириш “Адолат” СДП олдида турган долзарб вазифалардан биридир, — деди А.Рахмонов. — Ўзбекистон мустақиллигини мустаҳкамлаш, демократик жараёнларни жадаллаштириш, ҳуқуқий-демократик давлат барпо этиш, Ватанга садоқатли хизмат қиладиган инсонларни тарбиялаш, миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлаш, дўстлик ва ҳамжиҳатликни ривожлантириш, экстремизм, терроризм иллатларига қарши кураш олиб бориш, динлараро бағрикенгликни, тинчлик ва барқарорликни тарғиб қилиш партиямизнинг дастурий вазифаларидан саналади. Барча ҳудудий партия ташкилотларида ташкил этилаётган бу каби маънавий-маърифий тадбирлар ана шу мақсадларимиз рўёбига хизмат қилмоқда.
Ҳа, ижтимоий-иқтисодий ҳаётимизда рўй бераётган ўзгариш ва янгиланишлар халқимизнинг турмуш фаровонлигини ошириш, оғирини енгил қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Халқимиз бугунидан рози бўлиб, эртанги кунга қатъий ишонч билан бунёдкорлик ишларини амалга оширар экан, ҳаётимиздаги бундай юксалишлар юртимизда хукм сураётган тинчлик, барқарорлик туфайли эканини дилдан ҳис қилаётир. Шунинг учун ҳам давлатимиз раҳбари ҳар бир чиқишида тинчликни қадрлаш, ёшларни турли бузғунчи ғоялар, экстремизм ва терроризм домига тушиб қолишдан асраш ҳақида бот-бот такрорлайди.
Дарҳақиқат, дунёнинг турли бурчакларида рўй бераётган беқарорлик, бесабаб қон тўкилиши, зиддият ва келишмовчиликлар давом этаётган бир пайтда юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо. Одамларимиз қалбида хотиржамлик ҳисси хукмрон. Иқтисодиётимизнинг барча тармоқлари жадал суръатлар билан ривожланмоқда. Зотан, тинчлик бор жойда тараққиёт бўлади. Хотиржам юртнинг одамларига тўй-тантана ярашади. Ана шундай фароғатли кунларнинг қадрига етиш, уни асраб-авайлаш учун ҳаракат қилиш ҳар биримизнинг энг эзгу мақсадимизга айланиши лозим.
Маънавий-маърифий тадбирда тақдим этилган маърузалар ҳақида ёшлар ўз фикр-мулоҳазасини билдирар экан, бу каби тадбирлар навқирон авлодда тинч, фаровон кунлар қадрига етиш, мафкуравий таҳдидларга қарши иммунитетини кучайтириш ва мустақил нуқтаи назарга эга бўлишга хизмат қилишини эътироф этдилар.
Ҳусниддин БЕРДИМУРОДОВ,
тадбир иштирокчиси:

— Ўзбекистон “Адолат” СДП ташкил этаётган тадбирлар, амалий ишлар бевосита биз, ёшларнинг манфаатимизга қаратилгани билан вилоятнинг фаол ёшларини бирлаштирмоқда. Бугунги тадбирда ҳам экстремизм ва терроризмнинг аянчли оқибатлари аниқ далил ҳамда мисоллар орқали айтиб ўтилди, буюк неъмат — тинчликни асраш, фаровонлигимизни таъминлаш учун курашиш, бу борадаги давлат сиёсатини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга ҳисса қўшиш, огоҳликни қўлдан бермаслик ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз эканлиги таъкидланди. Биз, ёшларнинг мақсадимиз битта — тинч ва фаровон юртда мақсадларимиз сари дадил қадам қўйиб, етук инсон бўлиб вояга етиш. Ушбу йўлда ҳамнафас бўлишимиз, қўлни қўлга бериб, доимо тараққиёт сари интилишимиз лозим.
Анжуманда иштирок этган ёшлар ана шундай якдил хулосага келишди.
Қашқадарё вилоятида “Тинчлик, фаровонлик ва тараққиёт йўлида бирлашайлик” шиори остида бўлиб ўтган маънавий-маърифий тадбир иштирокчилари дастлаб ёшларнинг инновацион лойиҳалар ярмаркаси билан танишдилар. Ёшлар яратган ихтиролар, инновацион ишланмалар барчада катта таассурот уйғотди.
“Адолат” СДП Қашқадарё вилояти кенгаши раиси Рўйиддин Раупов тадбирни кириш сўзи билан очар экан, навқирон авлод онгу шуурига рахна солишга уринаётган айрим кучларнинг ғаразли муддаолари, “оммавий маданият”нинг салбий оқибатларини билиб-билмай унга эргашаётган айрим ёшларимизни нотўғри йўлдан қайтариш баркамол авлод тарбияси учун ўзини масъул деб билган ҳар бир шахснинг вазифаси ҳамда инсонийлик бурчимиз эканини, мазкур тадбир ёшларимизни ёмон иллатлардан огоҳ этишга қаратилганини айтиб ўтди.
Партия Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Рахмонов бугун амалга оширилаётган ислоҳотларнинг барчаси ҳар бир фуқаронинг манфаатини қўллаб-қувватлаш орқали жамиятда тинч-хотиржам, фаровон муҳитни мустаҳкамлашга йўналтирилганлиги, аммо амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларга қарамасдан, маҳалла ва оила тинчлиги, одамларнинг муносиб турмуш кечириши, маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда айрим муаммолар мавжуд эканлигига йиғилганларнинг эътиборини қаратди.
Маънавий-маърифий тадбир якунида Қарши банк коллежи ўқувчиларининг дин ниқоби остидаги мафкуравий таҳдидларга қарши ёшларда мустаҳкам иммунитет ҳосил қилишга қаратилган “Ўргимчак тўри” номли саҳна кўриниши намойиш этилди.
Шоҳида ДАМАНОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши
Марказий аппарати етакчи мутахассиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ҳамда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида республикамиз ҳудудларида ўтказиб келинаётга...
01 янв 1970
Қарши шаҳридаги иқтисодиёт коллежида “Интернет маданиятини юксалтириш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш муҳим вазифамиздир” мавзусида ...
01 янв 1970
Тўрақўрғон — Наманган вилоятининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига муносиб ҳисса қўшиб келаётган, ҳар соҳада ўзига яраша мавқега эга бўлган т...
01 янв 1970
2019 йил мобайнида Ўзбекистон “Адолат” СДП тизимидаги “Адолат қабулхоналари”га фуқаролар ва юридик шахслардан жами 1865 дан...