Партия аграр сиёсати амалда

/
Маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 29 май куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида экспорт-импорт, маҳаллий бюджетга қўшимча тушумларни таъминлаш, қишлоқ хўжалигидаги долзарб масалалар, шу жумладан, ғўза парвариши, ғалла ўрим-йиғими, такрорий экинлар ва сувдан оқилона фойдаланиш каби муҳим тадбирларни самарали ўтказиш масалалари муҳокама қилинган эди.
Албатта, қишлоқ хўжалигидаги долзарб масалалар ечими, сув манбаларидан тежамкорлик билан фойдаланиш пировардида халқимиз фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси раҳбари Наримон Умаровнинг Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида қишлоқ хўжалиги ходимлари, мутахассислар билан мулоқотларида шу хусусда алоҳида таъкидланди. Деҳқончиликда илм-фан ютуқлари, янги ва самарали технологияларни амалиётга татбиқ этиш, бу борада хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибаларидан унумли фойдаланиш муҳим ўрин тутади. Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар бир-бири билан узвий боғлиқ жараёнлардир. Н.Умаров эндиликда мамлакат эҳтиёжини таъминлабгина қолмай, деҳқончилик маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажмини ошириш бўйича олдимизда катта вазифалар турганига эътибор қаратди. Шу билан бирга, моддий ресурслардан, айниқса, сув тақчиллиги юз бераётган бу йилги шароитда бебаҳо неъмат бўлган обиҳаётдан тежаб фойдаланиш амалий аҳамиятга эга эканлигига алоҳида тўхталиб ўтди.
Айтиш жоизки, бу йилги баҳор салқин ва қуруқ келиб, айни кунларда обиҳаёт тақчиллиги ҳар қадамда сезилмоқда. Ҳудудларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш борасида мавжуд муаммоларни аниқлаш, сув манбаларининг ҳолатини ўрганиш, сувдан оқилона фойдаланишни ташкил этишга кўмаклашиш Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоларининг ҳам диққат марказида бўлмоқда. Шу мақсадда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, “Адолат” СДП фракцияси раҳбари Наримон Умаров Нишон туманида бўлиб, вилоятдаги йирик “Талимаржон” сув омборининг 7-насос станцияси иш фаолияти билан яқиндан танишди.
Таъкидлаш жоизки, вилоятда бу йил 514 минг гектар ер суғорилади, бунинг учун йил бўйи 5-6 миллиард кубометр сув талаб қилинади. Қишлоқ хўжалиги экинларининг вегетация даврида эҳтиёж учун зарур бўлган сувнинг атиги 0,8-1,5 миллиард кубометринигина Қашқадарё дарёси таъминласа, қолган асосий қисмини Амударё ва Зарафшон дарёларидан келтиришга тўғри келади. Шу боис ушбу воҳанинг, айниқса, қишлоқ хўжалиги экинларининг сув таъминотини яхшилаш ва уни вегетация ҳамда новегетация даврлари бўйича барқарорлаштириш мақсадида тўпланадиган обиҳаёт “Талимаржон” сув омборида сақланади.
— Ушбу сув омборида иншоотлар жорий ва капитал таъмирланганлиги деҳқонлар учун айни мураккаб шароитда ҳал қилувчи аҳамиятга эга, — деди Наримон Умаров. —Эндиликда вилоятдаги “Талимаржон”, “Чимқўрғон”, “Пачкамар”, “Ҳисорак”, “Қамаши”, “Деҳқонобод” каби сув манбаларидаги обиҳаётдан қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда тежаб-тергаб фойдаланиш мутахассислар, деҳқонларимиздан жиддий масъулиятни талаб этади, албатта. Шу билан бирга, сув исроф бўлишига йўл қўйилмаслиги учун жойларда депутатлик ва жамоатчилик назорати амал қилиши лозим.
— Айниқса, бу йилги ноқулай об-ҳаво шароитида сувни тежайдиган технологияларни янада самарали қўллаш талаб этилади, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдуғани Умиров. — Қашқадарё вилоятида 20 минг километрлик ички суғориш тармоқлари мавжуд. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, сув исрофгарчилигининг аксарият қисми ана шу жойларда содир бўлиши кузатилмоқда. Юқоридаги ҳолатдан келиб чиқиб, сувдан оқилона фойдаланиш борасида жойларда самарали депутатлик ва жамоатчилик назорати кучайтирилди.
Халқ депутатлари Қашқадарё, Сурхондарё вилояти Кенгашларининг навбатдаги сессияларида ҳам қишлоқ хўжалигида сувдан оқилона фойдаланиш, сув танқислиги оқибатларини бартараф этиш, ғўзада кафолатли ҳосил яратишнинг қўшимча чоралари тўғрисидаги масала муҳокама қилинди. Мазкур анжуманларда Наримон Умаров иштирок этди.
Шунингдек, Наманган, Навоий вилоятларида ҳам Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзолари Шуҳрат Яқубов ва Зафар Султонов қишлоқ хўжалиги ходимлари билан учрашиб, сувдан оқилона фойдаланишда илғор технологияларни қўллаш, сув исрофгарчилигининг олдини олиш, шу билан бирга, иш самарадорлигини ошириш мақсадида сувчи, механизатор ва ишчиларга қулай меҳнат шароити яратиш, вақтида иш ҳақи билан таъминлаш хусусида фикрлашиб, деҳқонларга қандай амалий ёрдам кераклиги ва уларни ўйлантираётган масалаларни ўрганишди. Фракция аъзолари ушбу масалалар партиянинг дастурий мақсадларига уйғун эканини ҳам таъкидладилар.
Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Сайловолди дастурида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб берувчи тузилмаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган сиёсатга кўмаклашиш, оддий қишлоқ меҳнаткашларини самарали ҳимоя қилиш, қишлоқда ижтимоий инфратузилмани ташкил этиш партиянинг устувор вазифаларидан бири эканлиги, шу мақсадда ернинг ҳосилдорлигини ошириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, барча агротехник тадбирларни зарур даражада ўтказиш, замонавий агротехнологияларни жорий этиш, уруғчилик ва селекция ишларини ривожлантириш, ходимлар меҳнатини самарали ташкил этиш ва рағбатлантиришга эътибор қаратилиши ҳақида алоҳида қайд этилган.
Сарвар ЭРГАШЕВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши
Марказий аппарати масъул ходими

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бугунги кунда ҳар бир маҳаллада Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг сиёсий-ҳуқуқий масалалар бўйича кўнгилли лекторлари шакллантирилиб, сиёсий ...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси жорий йилнинг 15 октябрида партиянинг навбатдаги Қурултойини чақириш белгилаб олинди....
01 янв 1970
Даставвал шуни таъкидлаш лозимки, халқ депутатлари Нуробод туман Кенгашида “Адолат” СДПнинг депутатлик гуруҳи кўпчилик овозга эга....
01 янв 1970
Инновацияларни жорий этиш корхоналар рақобатдошлигини ошириш, уларнинг иқтисодий мустақиллиги ва бозордаги мавқеини мустаҳкамлашнинг асосий омиллар...