Мактаб биноси таъмирланди

/
Жойларда фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш, уларда қайд этилган масалаларга ечим топиш партия депутатлари фаолиятида алоҳида ўрин тутади. Буни халқ депутатлари Термиз туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар мисолида ҳам кўриш мумкин.
Юзма-юз мулоқотлар чоғида сафдошларимиз юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, инсон омилига бўлган эътибор ва аҳолини ижтимоий ҳимоялашга қаратилган ҳуқуқий асослар, миллий қонунчилик янгиликлари ҳақида тушунчалар беришмоқда.
Жумладан, Термиз туман партия кенгаши фаоллари, депутатлардан иборат ишчи гуруҳининг “Саловот” маҳалласида яшовчи кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд фуқароларнинг хонадонларида ўтказилган мулоқотлар ҳам фойдали бўлди.
Мазкур маҳаллада яшовчи фуқаро Аваз Акромов қишлоқ атрофида тўпланиб қолган чиқиндилар атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатаётганини маълум қилди. Депутат аралашгач, туман ободонлаштириш бошқармаси томонидан чиқиндилар белгиланган жойга чиқариб ташланди.
Фуқаро Сожида Исломова уй-жой ва томорқага муҳтожлигини айтиб, ишчи гуруҳидан амалий кўмак сўради. Депутат Ш.Маманов маҳалла фаоллари билан биргаликда С.Исломованинг оилавий шароитини ўрганди ва шундан келиб чиқиб, унга уй-жой олиш учун ҳужжатлар тайёрлаш ҳақида ҳуқуқий тушунча берилди.
Ўрганишлар жараёнида “Айротом” маҳалласидаги 24-умумтаълим мактаби биноси таъмирталаблиги, иситиш қувурларининг носозлиги, бу ҳолатлар мактаб жамоасининг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётгани аниқланди. Ушбу масала юзасидан мутасадди ташкилотларга депутатлик сўрови киритилди. Туман ҳокимлиги томонидан масала атрофлича ўрганилиб, туман молия бўлими томонидан таълим маскани биносини таъмирлаш ишлари молиялаштирилди. Тез орада туман қурилиш ташкилоти саъй-ҳаракати билан мактаб биноси капитал таъмирланиб, фойдаланишга топширилди
Маҳалла аҳли кейинги йилларда аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, айниқса, коммунал хизмат кўрсатиш сифатини яхшилашга қаратилган ислоҳотлар самара бераётганини таъкидлашди. Шу боис ичимлик суви таъминоти яхшиланмоқда, бир қатор йўллар таъмирланиб, электр энергиясидаги узилишлар бартараф этилаяпти.
“Айротом” МФЙ раиси Оминахон Акбарова Ўзбекистон “Адолат” СДПдан сайланган депутат Мўмин Раҳмоновдан сайловчилар хурсандлигини таъкидлади:
— Халқ вакилини доимо сайловчилар орасида кўрамиз. Фуқароларнинг мурожаатларига эътибор билан қарайди. Айниқса, аҳолига коммунал хизмат кўрсатиш борасида ташаббус билан чиқиб, тегишли ташкилотлар кўмагида бир неча лойиҳаларни амалга оширди.
Маҳалладаги “Туронзамин” кўчасида ичимлик суви таъминотида узилишлар кузатилаётган эди. Фуқароларнинг мурожаати асосида масъул ташкилотларга юборилган депутатлик сўрови ва ижро бўйича назорат ўрнатилгани ўз самарасини берди. Таъмирлаш ишлари амалга оширилгач, хонадонлар обиҳаёт билан таъминланди.
Тумандаги 29-оилавий поликлиника жамоаси ҳам ичимлик суви масаласида ёрдам сўрашди. Депутат Мўмин Раҳмонов аралашуви билан туман “Сув-оқава” корхонаси бу ишга жалб этилди. 600 метр масофага қувур ётқизилиб, тегишли тармоққа уланди.
Мамлакатимизда мактабгача таълим сифатини ошириш, боғчаларда болаларни мактабга сифатли тайёрлашни тубдан яхшилаш, таълим-тарбия жараёнига жаҳон амалиётида кенг қўлланилаётган замонавий таълим дастурлари ва технологияларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу борада партиядошларимиз ҳам муайян ишлар қилмоқда. Партиямизнинг “Мактабгача таълим – кадрлар тайёрлашнинг бирламчи бўғини” лойиҳаси доирасида мазкур муассасаларда ўтказилаётган ўрганишлар ҳам МТМларда шарт-шароитларни яхшилаш, мактабгача таълим-тарбия сифатини оширишга қаратилган. Ана шундай мулоқотларда боғча тарбиячилари билдирган бир таклиф амалга оширилди. Партия депутатлари ташаббуси билан тумандаги 1-сонли мактабгача таълим муассасасида қурилган “Шахмат майдончаси” болажонларга катта қувонч бағишлади.
— Шахмат ақлни чархлайди, инсон тафаккурини ривожлантиради, аниқ мақсад сари интилишга, қийинчиликларни сабр билан енгиб ўтишга ўргатади. Шу маънода шахмат бола онги ривожланишига ижобий таъсир қилади. Кичкинтойларга “Шахмат майдончаси” совға қилган ҳомийлар ва ташаббускор “Адолат” СДП фаолларидан миннатдормиз, — дейди боғча тарбиячиси Хосият Раҳимова.
Президентимизнинг 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда. Вилоятимизда ҳам китоб дўконлари фаолиятини янада яхшилаш, янгиларини барпо этиш мақсадида амалий ишлар қилинмоқда, шаҳар ва туманларда ҳомий ташкилотлар томонидан ёшлар ва кенг оммага мўлжалланган китоб дўконлари ва кутубхоналар ишга туширилмоқда. Бу жараёнда партиямиз фаоллари ҳам четда тургани йўқ. Жумладан, туман партия кенгаши фаоли Шуҳрат Ҳайитов раҳбарлигидаги “Китоб дунёси” масъулияти чекланган жамияти ва туман ички ишлар бўлими бошлиғи, 3-сектор раҳбари М.Амонтўраев ташаббуси билан туман марказида барпо этилган “Китоблар олами” дўкони кўпчиликнинг севимли масканига айланди. Бу ерда китоб савдоси билан биргаликда мўъжазгина ўқув хонаси, нусха кўчириш, компьютер хизмати ҳам йўлга қўйилди.
— Китоб дўконимизда келгусида интернет тармоғига уланган “Электрон кутубхона” ва “Компьютер ўқуви” хоналарини ташкил қилишни режалаштирдик, – дейди Ш.Ҳайитов. — Шунингдек, туман ёшлари учун адиб ва шоирлар иштирокида давра суҳбатлари, ижодий анжуманлар, мулоқот ва учрашувлар ташкил этиш ҳам кўзда тутилган.
Зиё масканида яратилган шароит ва қулайликлар ёшларга маъқул бўлмоқда.
Гулшод ТУРСОАТОВА,
Сурхондарё вилояти кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
2017 йил — Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили
01 янв 1970
Тинч ва осойишта ҳаёт, барқарорлик ўз-ўзидан бўлмайди.
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси, партиянинг “Аёллар қаноти” Кенгаши ҳамда Қонунчилик па...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг “Ватан келажаги — ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида ҳар йили анъанавий ўтказиб келинаётган...