Ертўладаги кутубхона

/
Самарқанд шаҳар халқ таълими бўлими диққатига!
Кўп китоб ўқиган кишининг дунёқараши, билими ва фикрлаш доираси кенг, онг-шуури, нутқ маданияти юқори бўлади. Шу билан бирга, яхши китоблар одамнинг дўсти, маслаҳатгўйи саналади. Буюк адиблардан бири китоб ўқишдан тўхтаган одам фикрлашдан ҳам тўхтаган бўлади, дегани бежиз эмас. Фикрлашдан тўхтаган инсон онгини бошқаларнинг фикри эгаллай бошлайди. Шуларни назарда тутганда, айниқса, ёшларда китобхонлик маданиятини шакллантириш, улар қалбида китобга меҳр уйғотиш ҳаётий вазифалардан бири эканини англаймиз.
Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси депутатлик гуруҳи, Кенгашнинг “Ижтимоий-маданий ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссияси” аъзолари ҳамкорликда Президентимизнинг “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан Самарқанд шаҳридаги бир қатор ахборот-ресурс марказларида ўрганишлар олиб боришди.
Мазкур ўрганишлар натижалари халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг навбатдаги сессиясида атрофлича муҳокама этилди. Хўш, Самарқанд шаҳридаги 8 та олий, 39 та ўрта махсус ўқув юртлари, 12 та умумий ўрта таълим даргоҳларида фаолият кўрсатаётган ахборот-ресурс марказлари фаолияти қай аҳволда?
Аввало шуни айтиш жоизки, шаҳардаги кўпгина ахборот-ресурс марказларида аҳоли кенг қатламларининг, айниқса, ёш авлоднинг маънавий-интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтириш, она-Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол шахсни тарбиялаш, китобхонлик маданиятини ошириш, бу масалага кенг жамоатчилик диққат-эътиборини жалб этиш бўйича бирмунча ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Самарқанд давлат университети ахборот-ресурс маркази фойдаланувчилари сони бугунги кунда 13 минг 104 нафарга етганлиги, мазкур марказга охирги 6 ойда 9 миллион 654 минг сўмлик китоб ва адабиётлар университет маблағи ҳисобидан харид қилингани, фойдаланувчилар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 10 фоизга кўпайганини қайд этиш мумкин.
Бу каби амалий ишлар билан бир қаторда соҳага етарлича эътибор қаратилмаётган, камчиликларга йўл қўйилаётгани ҳам ўрганишлар жараёнида кўзга ташланди.
Мисолларга мурожаат қилсак. Ахборот-ресурс марказлари ташкил этилган Самарқанд шаҳридаги 5, 8, 11, 13, 14, 18, 20, 45, 52, 63, 64, 73-умумтаълим мактаблари 10 мингта фойдаланувчини қамраб олган, жами 37076 дона китоб фондига эга. Мазкур мактаблардаги ахборот-ресурс марказларида 10 нафари мутахассислиги бўлмаган, 6 нафари ўрта махсус маълумотли ходимлар фаолият юритиб келмоқда.
Ишчи гуруҳи аъзолари шаҳардаги 8-умумтаълим мактабидаги ахборот-ресурс марказига икки кун боришса ҳам бирорта масъул ходимни топа олишмади. Чунки ахборот-ресурс маркази эшиги ёпиқ эди. 45-умумтаълим мактаби кутубхонасида яратилган шароитлар талабга жавоб бермайди. Синф етишмаслиги сабабли мазкур ахборот-ресурс маркази мактаб ертўласига кўчирилган, интернет тармоғига уланмаган. Фойдаланувчилар сонига қизиқиб кўрилганда мактабнинг юқори синф (9-10 синфлар) ўқувчиларидан бирортаси йил давомида ахборот-ресурс маркази китоб фондидан фойдаланмаганлиги аниқланди. Кутубхонада мавжуд жиҳозлар ҳам эскирган, таъмирга муҳтож. Бу каби ҳолатларни 63-, ва 64-мактабларнинг кутубхоналарида ҳам кузатиш мумкин. Ўрганилган ахборот-ресурс марказларида эътиборсизлик, лоқайдлик туфайли ёзувчи ва шоирлар билан учрашувлар ташкил этилмаганлиги ҳам афсусланарлидир.
Илм-маърифат даргоҳида китобга, кутубхонага эътибор масаласида масъулиятсизликка йўл қўйилаётганининг аянчли оқибатлари ёш авлод, яъни шу мактаб ўқувчиларининг келгуси тақдирига салбий таъсир кўрсатиши муҳокамалар чоғида таъкидланди. Хўш, бундай ҳолатларда баъзан қулоққа чалиниб турадиган “ёшлар китоб ўқимаяпти”, деган иддао ўзини оқлайдими? Йўқ, албатта. Айни билим пойдевори қўйиладиган паллада ўқувчиларни китобдан мосуво қиладиган бундай ҳолатларга чек қўйиш, мавжуд муаммоларни кечиктирмай ҳал этиш лозим. Ёш авлод таълим-тарбияси, хусусан, китобхонлик борасида давлат сиёсати даражасида чора-тадбирлар амалга оширилаётганига нега ҳудудда мутасадди раҳбарлар панжа орасидан қараб келишмоқда?
Муҳокамалардан сўнг сессия қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ, жумладан, Самарқанд шаҳар ҳокими ўринбосари Б.Элмурадовга бир ой муддатда ҳудуддаги ахборот-кутубхона муассасалари биноларини капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, шаҳар халқ таълими бўлими раҳбарига 5 кун муддатда 8, 45, 63, 64-умумтаълим мактаби директорларига ахборот-ресурс марказлари фаолиятини самарали ташкил этмаганлиги учун интизомий жазо чораларини кўриш, шаҳар халқ таълими бўлими тизимидаги ахборот-ресурс марказлари фаолиятини қайтадан кўриб чиқиш, аниқланган камчиликлар бўйича таъсирчан чоралар белгилаш, ахборот-ресурс марказлари ходимларининг билим даражаси, кўникмалари, касбий салоҳиятини ўрганиш, заруратга қараб, кутубхоналарни малакали мутахассислар билан таъминлаш вазифалари топширилди. Сессия қарори ижроси устидан депутатлик назорати ўрнатилди.
Абдуҳалим МЕЙЛИЕВ,
халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Халқ депутатлари Шофиркон туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари аҳоли ўртасида ўтказилган мулоқотлар дав...
01 янв 1970
Ҳозирги вақтда мамлакатимизда турли соҳа ва тармоқларда меҳнат қилаётган ишчи-хизматчиларнинг 45 фоизини хотин-қизлар ташкил этади....
01 янв 1970
Ўрганишлар натижасида “Наврўз” ШФЙ ҳудудида жойлашган 11-сонли “Шодлик” мактабгача таълим муассасаси биноси ачинарли аҳволг...
01 янв 1970
Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида маҳаллий ҳокимият вакиллик органларида фаолият юритаётган депутатларнинг масъулияти яна ҳам ортди.&n...