Сайлов кодекси лойиҳаси юзасидан аниқ таклифлар билдирилмоқда

/
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ва Тошкент шаҳар кенгаши ҳамкорлигида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва туман Кенгашлари депутатлари, шаҳар сайлов комиссияси аъзолари, партия экспертлари ва фаоллари иштирокида Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси лойиҳасининг муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда партия Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Раҳмонов қатор қонун лойиҳалари партия томонидан аҳолининг кенг қатлами, партия электорати ва мутахассислар ўртасида муҳокама қилиниб, фикр ва таклифлар ўрганилганини таъкидлади. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзоси Шуҳрат Якубов Сайлов кодекси лойиҳасининг мазмун-моҳияти, ундаги янгиликларнинг ўзига хос жиҳатлари хусусида тўхталиб ўтди.
Маълумки, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурига асосан Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилди. Айни вақтда мазкур кодекс лойиҳаси кенг жамоатчилик томонидан қизғин муҳокама этилмоқда.
— Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган ушбу ягона Сайлов кодекси лойиҳасида белгиланган тартиб-меъёрлар келгусидаги сайлов жараёнларида муҳим аҳамиятга эгадир, — деди халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Тошпўлат Матибоев. — Мазкур лойиҳада белгиланишича, сайловчилар учун ягона электрон рўйхат жорий қилиниши ҳам фуқароларга катта қулайлик яратади. Бу эса сайлов жараёнида очиқлик, шаффофликни таъминлашга хизмат қилади. Муҳокама жараёнида лойиҳага Ўзбекистонда неча йиллардан буён истиқомат қилаётган фуқаролиги йўқ шахсларга ҳам сайлаш ҳуқуқини беришга доир таклифни билдирдик. Улар ҳам ўз меҳнати билан юртимиз ривожи учун ҳисса қўшиб келмоқда.
— Муҳокама учун тақдим этилган лойиҳа халқимиз манфаатлари, юртимиз келажаги учун катта аҳамиятга эгадир, — дейди “Фуқаролик жамияти” журнали бўлим муҳаррири Дилмурод Эрназаров. — Суҳбат давомида ушбу кодекс лойиҳасига доир бир қатор таклифлар тингланди. Шу билан бирга, сайлов жараёнларини ёритишда ижтимоий тармоқлардан самарали фойдаланишга доир қоида ҳам белгиланиши хусусида таклифимизни баён этдик. Бу эса сайлов тарғиботини кенг ва тўлақонли амалга ошириш имконини берган бўлур эди.
Тошкент шаҳар партия кенгаши раиси Равшан Толибов ўз сўзида сайлов участкаларида комиссия аъзоларининг таркиби кўпинча таълим соҳаси вакилларидан иборат эканини назарда тутиб, аъзолар рўйхатини профессионал кадрлар асосида шакллантириш, сайлов кунлари қиш мавсумига тўғри келиши сабабли комиссия аъзоларига қулайлик яратиш мақсадида бу жараёнда сайловни эрталаб янада олдинроқ бошлаш ҳисобига кечкурун вақтлироқ якунлаш, сайлов якунида участка баённомаси кўчирмасини сиёсий партияларнинг ваколатли вакилига тақдим этиш муддатини белгилаш мақсадга мувофиқлигини қайд этди.
Давра суҳбатида ўртага ташланган барча таклифлар партия фракцияси томонидан умумлаштирилиб, ўрганилиши алоҳида таъкидланди.
Зулайҳо ЧЎЛПОНОВА,
Тошкент шаҳар кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент шаҳар кенгаши ташаббуси билан 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муно...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ташаббуси билан “Ҳаракатлар стратегияси – таълим ва фан соҳаси исл...
01 янв 1970
Халқ депутатлари Қизилтепа тумани Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари мутасадди ташкилотларга депутатлик сўр...
01 янв 1970
Ҳар бир хонадон оила мустаҳкамлигини таъминлашида, айниқса, катта ёшдагиларнинг алоҳида ўрни бор....