Кичкинтойлар камолоти йўлида

/
1-мактабгача таълим муассасаси Чортоқ туманида тизимдаги йирик таълим маскани ҳисобланади. Короскон қишлоғидаги “Тинчлик” МФЙда жойлашган ушбу масканда 280 нафар кичкинтой тарбияланмоқда. Педагогик жамоага тажрибали мураббий Феруза Маҳмудова раҳбарлик қилади. Яқинда МТМ ходимлари Ўзбекистон “Адолат” СДП туман ташкилоти билан ҳамкорликда яна бир хайрли ташаббусга қўл урдилар. Муассасада 2х2 ва 3х3 метр ҳажмда шахмат ва шашка майдончалари барпо этилди.
— Аввалроқ фаоллар билан ушбу муассасадаги тадбирда иштирок этгандик, — дейди туман партия кенгаши раиси Ҳабибахон Мурабдуллаева. — Ўшанда бу ерда жисмоний тарбияга алоҳида эътибор берилишини кузатдик. Бунинг учун шарт-шароитлар ҳам яратилган, яъни спорт майдончалари, иккита сузиш ҳавзаси, бадиий гимнастика зали бор. Ўшанда муассаса жамоасига шахмат ва шашка майдончаси ташкил этишни таклиф қилдик. Бу фикр педагогларга маъқул тушди. Айтиш жоизки, партиямизнинг “Мактабгача таълим – кадрлар тайёрлашнинг бирламчи бўғини” лойиҳаси доирасида ҳудудлардаги бир қатор боғчаларда ташкил этилган шахмат майдончалари кўпчиликда қизиқиш уйғотганлиги ҳақидаги фикрлар ҳам боғча ходимларининг диққатини жалб этди.
Тез орада иш бошланиб кетди. “Чортоқархитектқурилиш” масъулияти чекланган жамияти аъзолари бу хайрли ишга ҳомийлик қилиш истагини билдиришди. Улар алебастр, цемент, бўёқ, бошқа қурилиш материалларидан ёрдам кўрсатдилар. Рассомлик қўлидан келадиган тарбиячи Гульгена Абдулина шашка “тош”ларидан тортиб шахматдаги пиёдалару сипоҳлар, шоҳ ва фарзин доналарини ясаб берди.
Мактабгача таълим муассасасида шахмат ва шашка майдончасини очишга бағишланган тадбир кўтаринки руҳда ўтди. Унда педагоглар, ота-оналар, партия фаоллари ва жамоатчилик вакиллари қатнашдилар. Кичкинтойлар иштирокидаги бадиий дастур уларнинг ғамхўрликка миннатдорлик белгиси сифатида янгради.
— Мамлакатимизда навқирон авлодни ҳар томонлама баркамол инсонлар қилиб тарбиялашга алоҳида эътибор берилмоқда, — дейди 1-МТМ мудири Феруза Маҳмудова. — Таълим соҳасида кенг ва чуқур ислоҳотлар ўтказилаётгани фикримиз далилидир. Президентимизнинг яқинда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида шахматни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳам бунга яққол мисол бўлади. Мазкур ҳужжатда республика умумий ўрта таълим мактабларида босқичма-босқич шахмат фани ўқитилиши белгиланган. Шуни ҳисобга олиб, биз ўз таълим муассасамизда болаларга бошланғич тушунчалар беришни кўзлаб, ушбу янгиликка қўл урдик. Бунинг самараси яхши бўлади, деб ўйлайман.
Шахмат ёки шашка ўйнашни ўрганган боланинг тафаккури ривожланади, тез ва аниқ фикрлайдиган бўлади. Шу билан бирга, ўз хатти-ҳаракатини таҳлил этиш қобилияти шаклланади. Буларнинг барчаси унга келгусида асқотади, албатта.
Нурбек АБДУЛЛАЕВ,
Наманган вилояти кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Юртимиз бўйлаб истиқлол шодиёналари шукуҳи кезмоқда, шу кунларда ушбу қутлуғ айём муносабати билан жойларда маънавий-маърифий тадбирлар бошлаб юбор...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг ҳудудий ва бошланғич партия ташкилотлари етакчилари ҳам муҳим роль ўйнамоқда....
01 янв 1970
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлик гуруҳи аъзолари ҳам аҳоли орасида бўлиб, жойларда аниқланган ижтимоий муаммоларга мутасадди ташки...
01 янв 1970
“Адолат” СДП Самарқанд вилоят кенгашида фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди.