Буғли газ ускуналари жорий қилинмоқда

/
Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилояти кенгаши ташаббуси билан Қарши давлат университетида “Қайта тикланувчи энергия манбалари: ҳуқуқий асоснинг ўрни” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Унда Қарши шаҳридаги 7-умумтаълим мактаби ўқитувчилари, 5-оилавий поликлиника тиббиёт ходимлари, “Комилон” маҳалла фуқаролар йиғини аъзолари, партия фаоллари, депутатлар ва университет профессор-ўқитувчилари, талабалар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Давра суҳбатида Қарши давлат университети профессори Баҳриддин Хайриддинов бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритди.
— Университетимиз олимлари ва талабалари Фанлар академияси “Физика қуёш” ИИЧБ Физика-техника институти, Энергетика ва автоматика институти, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети ва Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти олимлари билан ҳамкорликда ҳамда уларнинг илмий маслаҳатлари билан муқобил энергия манбаларидан самарали фойдаланиш йўналишида илмий изланишлар олиб боришмоқда, — деди Б.Хайриддинов. — Шу мақсадда муқобил энергия манбаларидан фойдаланишда олиб борилаётган илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва илмий асосланган натижалар олиш ҳамда тадқиқотларни талабаларнинг илмий ишлари билан уйғунлаштириш учун Германия академик алмашинуви дастурининг “Ривожланаётган мамлакатларда илмий-тадқиқот муассасалари ва олий таълим тизимини такомиллаштириш гранти” асосида “Муқобил энергия манбалари” ўқув-илмий лабораторияси ташкил этилди.
Ушбу ўқув-илмий лабораторияда Қарши давлат университети олимлари ва талабалари томонидан иш олиб борилмоқда. Қарши МИИ томонидан қишлоқ хўжалиги, муқобил энергия манбаларидан фойдаланишнинг қулай усулларини яратиш борасида илмий изланишлар олиб борилмоқда. Албатта, мазкур олий ўқув даргоҳларида 50 нафардан зиёд сафдошларимиз илмий изланишлар билан машғул эканини таъкидлаш жоиз.
— Ўзбекистон “Адолат” СДП Сайловолди дастурида ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни муваффақиятли давом эттириш, айниқса, инновацион иқтисодиётни, хусусан, муқобил энергия манбаларини ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилган, — деди партия фаоли, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти докторанти Хайрулла Давланов. — Институтимиз олимлари билан партиямизнинг муқобил энергия манбаларини ривожлантиришга қаратилган кўрсатмалари асосида иш олиб бораяпмиз. Айни кунларда вилоятимиздаги йирик Талимаржон иссиқлик электростанцияси институтимиз олимлари лойиҳалари асосида буғли газ ускуналари жорий қилиниши эвазига кенгайтирилаяпти. Институт олимларининг илмий тавсияларига асосан электростанциянинг биринчи блоки таъмирланмоқда.
— Дарҳақиқат, партиямиз томонидан мазкур соҳани тараққий эттириш, муқобил энергия манбаларидан самарали фойдаланишни кенг йўлга қўйиш масаласига муҳим, устувор вазифа сифатида қараб келинаяпти, — деди давра суҳбатида вилоят партия кенгаши раиси Рўйиддин Раупов. — Ўзбекистон “Адолат” СДП мамлакатимиз келажагини инновацион иқтисодиётда деб билади. Биз самарали илмий изланишлар натижалари иқтисодиётнинг барча тармоқларига фаол татбиқ этилиши тарафдоримиз. Шу мақсадда, жумладан, мазкур йўналишда илмий изланишлар олиб бораётган барча ёшлар ўз истиқболли ғоялари билан бу жараёнда фаол иштирок этишлари лозим.
Давра суҳбатида бўлажак мутахассислар, ёш олимлар, талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олишди.
Нилуфар ТУРОБОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Халқ депутатлари Янгиқўрғон туман Кенгашидаги депутатлик гуруҳимиз аъзолари унча кўп эмас, жами тўрт кишидан иборат. ...
01 янв 1970
Очиқ эътироф этиш лозимки, партиявий фаолиятда амалий ёки тарғибот ишининг катта-кичиги бўлмайди. ...
01 янв 1970
Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП гуруҳи фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш йўналишида ҳам сама...
01 янв 1970
Инновацияларни жорий этиш корхоналар рақобатдошлигини ошириш, уларнинг иқтисодий мустақиллиги ва бозордаги мавқеини мустаҳкамлашнинг асосий омиллар...