Ҳар бир ташаббус аҳоли манфаатлари учун хизмат қилади

/
Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш ҳар бир партия ходими ва депутат олдида турган муҳим вазифадир. Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоллари, депутатлари ҳам жойларда бўлиб, мавжуд муаммоларни ўрганиш ва ҳал этишга ҳаракат қилишмоқда. Шу мақсадда халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи аъзолари ҳам ана шундай мулоқотлар давомида қайд этилган масалаларга ижобий ечим топиш чораларини кўрмоқда.
Хусусан, Жондор туманидаги “Дарвеши” МФЙга қарашли “Дарвеши”, “Қуйи Дарвеши” ва “Паҳлавон” МФЙга қарашли “Бўрибоғи” қишлоқлари аҳолисининг ҳудудда ичимлик суви таркиби бузилганлиги ҳақидаги мурожаати ўрганиб чиқилди. Ушбу масала юзасидан вилоят “Сув-оқава” ДУК раҳбари И.Холмуродовга депутатлик сўрови билан чиқилгач, амалий ишлар бошланди. Бунинг натижасида мазкур қишлоқлар аҳолиси тоза ичимлик сувидан баҳраманд бўлишмоқда.
“Қароли” МФЙга қарашли “Қароли” қишлоғида электр трансформаторларининг носозлиги туфайли электр энергияси таъминотидаги узилишлар туфайли бир қатор муаммолар пайдо бўлган эди. Жондор туман электр тармоқлари корхонасига юборилган депутатлик сўрови бўйича кўрилган чоралар туфайли трансформаторлар таъмирланиб, муаммо бартараф этилди.
Ушбу МФЙга қарашли яна бир ҳудуд — “Бўрибоғи” қишлоғидаги хонадонлар суюлтирилган газ баллонлари билан вақтида таъминланмаётганлиги аҳолини қийнаб келаётганди. Ушбу муаммо жойида ўрганилиб, “ўарбгазтаъминот” унитар корхонаси Жондор туман филиали раҳбарига депутатлик сўрови киритилди ва тез орада аҳолига газ баллонлари ўз вақтида етказилишига эришилди.
Яратилган қулайликлар, газ, сув тармоқлари, ички йўллар ҳолатига бепарво бўлмаслик ана шу қулайликлардан узоқ йиллар фойдаланиш имкониятини оширади, албатта. Шу маънода фуқароларимизнинг бундай қулайликларни қадрлаб, уларга эътиборли муносабатда бўлаётганини кўриш кишини хурсанд қилади. Когон туманидаги “Истиқбол” МФЙ, “Юқори Қатонғи” қишлоғида истиқомат қилувчи аҳоли Бухоро—Когон автомобиль йўли ёқасидаги тоза ичимлик суви ўтадиган махсус қувур тешилиб қолганлиги натижасида ичимлик суви исроф бўлаётганлиги хусусида депутат Ҳафиза Тўхтаевани хабардор қилишди. Ушбу мурожаат юзасидан вилоят “Сув-оқава” ДУК Когон шаҳар бўлимига депутатлик сўрови киритилгач, сув исрофгарчилигига чек қўйилди.
Шунингдек, ушбу ҳудуд аҳолиси ер ости юқори босимли газ қувуридан маълум миқдорда газ сизиб чиқиш ҳолатлари айрим муаммоларни юзага келтираётганини баён қилишди. Депутат Ҳафиза Тўхтаева мавжуд муаммони жойига бориб ўрганди ва “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти Бухоро вилояти бўйича газ таъминоти ҳудудий филиалига депутатлик сўрови киритди. Натижада аҳоли хонадонларини табиий газ билан таъминловчи ер ости газ қувурида аниқланган камчиликлар бартараф этилди.
Депутатлик гуруҳи аъзолари ўрганишлар жараёнида Шофиркон туманидаги “Жилвон” қишлоғида истиқомат қилувчи, икки фарзанднинг онаси, кам таъминланган фуқаро Ўғилой Қосимова хонадонида бўлиб, яшаш шароити билан танишди. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгаши раиси ўринбосарига фуқаро Ўғилой Қосимовага моддий ёрдам нафақасини тайинлаш масаласида депутатлик сўрови билан чиқилди. Жорий йилнинг ноябрь ойидан бошлаб фуқаро Ў.Қосимовага моддий ёрдам нафақаси тайинланди.
Шофиркон туманидаги “Маҳаллақози” МФЙ аҳолиси ҳудудда табиий газ босимининг пастлигидан шикоят қилишди. Депутат аралашгач, Шофиркон туманлараро газ таъминоти участкаси ходимлари томонидан муаммо жойида бориб ўрганилди ва жорий йилнинг 5 ноябридан бошлаб табиий газ таъминоти яхшиланди.
Партиямизнинг “Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур” лойиҳаси доирасида бир қатор МТМлар ва умумтаълим мактабларида “Мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим мактабларида синфлардаги ўқувчилар сониниг санитария-гигиена талабларига мослиги, умумий тиббий хизматнинг аҳволи, мажбурий дори-дармонлар, тоза ичимлик суви билан таъминланганлик ҳолатлари”, “Соғлом турмуш тарзи йўлида бирлашайлик” лойиҳаси асосида ҳудудлардаги умумтаълим мактабларида стоматология хоналарининг аҳволи ўрганилди. Муаммолар юзасидан фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Таклиф, тавсиялар алмашилди.
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясига партия депутатлик гуруҳи ташаббуси билан “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 сентябрдаги “Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгилаб берилган мактабгача таълимнинг нодалат тармоғини кенгайтириш вазифаси бўйича олиб борилаётган ишлар ҳолати”, “Ёшлар сиёсати ва соғлом авлод масалалари” доимий комиссиясига партиямизнинг “Саломатлик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида “Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш борасида вилоятда олиб борилган ишлар” билан боғлиқ масалалар киритилди.
Шуни таъкидлаш жоизки, сессия ва доимий комиссияларнинг йиғилишида қабул қилинган қарорлар ижроси юзасидан депутатлик назоратини асло сусайтириб бўлмайди. Чунки ҳар бир ташаббуснинг амалий натижаси аҳоли манфаатини рўёбга чиқаришга, шу билан бирга, сайловчиларнинг партияга бўлган ишончига таъсир қилади.
Мақсуд ҲАМИДОВ,
халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгашидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзоси  

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бугунги кунда “Адолат” социал-демократик партиясининг барча даражадаги ташкилотлари, депутатлик бирлашмалари ўз ишига танқидий назар та...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан давра суҳбати ўтказилди....
01 янв 1970
"Ҳуқуқий маслаҳатхона" фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини янада оширишда ижобий аҳамиятга эга бўлади....
01 янв 1970
Мустақиллик биз, ёшларга ўз тарихимиз ва миллий қадриятларимизни эмин-эркин ўрганиш, эркин фикрлаш ва ижод қилиш бахтини берди....