Ҳуқуқ ва мажбурият чамбарчас боғлиқ тушунча

/
Юртимизда сўнгги йилларда миллий ҳуқуқ тизимида кўлами ва моҳияти нуқтаи назаридан ислоҳотларнинг янги даври бошланди. Янги даврнинг муҳим талаби сифатида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, унинг қонуний манфаатларини амалда таъминлашга нисбатан муносабатни тубдан ўзгартириш – тизимдаги ислоҳотларнинг бош ғоясига айланди.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ва Қонунчилик палатасидаги фракцияси ташаббуси билан Тараққиёт стратегияси марказида ташкил этилган “Юксак ҳуқуқий маданият — қонун устуворлигининг гарови” мавзус-идаги давра суҳбатида ҳам мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқий онг ва маданиятини юксалтириш жараёнида уларда қонунларга нисбатан ҳурмат ҳиссини мустаҳкамлаш, ҳар бир фуқаро ўз ҳуқуқлари билан бирга ҳуқуқий мажбуриятларини ҳам бажариши лозимлигини тушунтириш ҳақида сўз юритилди.
Ўзбекистон “Адолат” СДП ташкил топганининг 24 йиллигига бағишлаб ўтказилган мазкур давра суҳбатида партия Сиёсий Кенгаши аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Адлия вазирлиги, Республика суд экспертизаси маркази, Тараққиёт стратегияси маркази, Ўзбекистон судьялари ассоциацияси ҳамда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати вакиллари Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлашда давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш муҳим масала эканлигини таъкидлашди.
Қайд этилганидек, ҳуқуқий маданият кишиларнинг ҳуқуқий саводхонлик даражаси, қонунларга бўлган ҳурмати, ҳуқуқий нормаларни ижро этиши, ҳаётга татбиқ эта олиш кўникмаси, ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик, қонунларга итоаткорлик, ҳуқуқий фаоллик ҳамда ташаббускорлигини англатади. Айни шу мезонлардан келиб чиқиб, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини ислоҳ қилишга қаратилган долзарб вазифалар белгилаб берилди.
Жумладан, фуқаролар онгида “Жамиятда қонунларга ҳурмат руҳини қарор топтириш — демократик ҳуқуқий давлат қуришнинг гаровидир!” деган ҳаётий ғояни мустаҳкамлаш, аҳолига мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари ва давлат дастурларининг мазмуни ва моҳиятини изчил етказиш тизимини шакллантириш бирламчи вазифалардан ҳисобланади.
Шу билан бирга, бу борада таълим-тарбиянинг тизимли ва узвий равишда олиб борилишига алоҳида эътибор қаратиш, мактабгача таълим тизимидан бошлаб, аҳолининг барча қатламларига ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни чуқур сингдириш, шахсий манфаатлар ҳамда жамият манфаатлари ўртасидаги мувозанатни сақлаш ғояларини кенг тарғиб қилиш назарда тутилмоқда. Бунда, айниқса, ёш авлод онгига ҳуқуқ ва бурч, ҳалоллик ва поклик тушунчалари ҳамда одоб-ахлоқ нормаларини чуқур сингдириб бориш, Конституциянинг муҳим жиҳатларини уларга болалигидан бошлаб ўргатиш бўйича ўзига хос тизим яратилади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, давлат ва жамиятнинг ривожланганини белгилайдиган бир қатор муҳим омиллар бор. Аввало, ривожланган жамият аъзоларининг, ривожланган давлат фуқароларининг ижтимоий-сиёсий фаоллиги юксак бўлиши, иккинчидан, ҳуқуқий онги, ҳуқуқий маданияти, ҳуқуқий саводхонлик даражаси баланд бўлиши лозим, учинчидан, уларнинг жамиятдаги ислоҳотларга нисбатан дахлдорлик туйғуси мустаҳкамлиги талаб этилади. Шу каби хусусиятларнинг ҳар бир фуқарода намоён бўлишида бу борада белгилаб берилган вазифалар ижроси, тарғибот тадбирлари муҳим саналади.
Мазкур фармонда давлат хизматчиларининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириб бориш, уларда коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик муносабатини шакллантириш вазифаси белгилангани алоҳида аҳамиятга эга. Чунончи, жамиятимизда коррупцияга қарши муросасиз кураш олиб борилаётган бугунги даврда мансабдор шахсларнинг ҳуқуқий билими ва ҳуқуқий маданияти даражасига нисбатан алоҳида талаблар ишлаб чиқиш, қонунларга ҳурматсизлик қилган мансабдор шахслар тўғрисида асослантирилган кўрсатувлар, эшиттиришлар ташкил қилиш, мақолалар чоп этиб бориш, уларнинг қилмиши нотўғри эканлигини таъсирчан воситалар орқали кўрсатиб бериш лозим.
Фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини таъминлашда оммавий ахборот воситаларининг роли жуда муҳим. Айниқса, ҳозирги глобаллашув, илмий-техник тараққиёт даврида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришнинг инновацион усулларидан, тарғиботнинг илғор ва таъсирчан воситаларидан, хорижий давлатларнинг бу борадаги илғор тажрибаларидан самарали фойдаланиш амалий аҳамият касб этади.
Шу билан бирга, “Юксак ҳуқуқий маданият – мамлакат тараққиёти кафолати” деган концептуал ғоя асосида аҳолининг барча қатламлари ҳуқуқий саводхонликка эришишлари, юксак даражадаги ҳуқуқий онгга эга бўлишлари ҳамда ҳуқуқий билимларини кундалик ҳаётда қўллай олишлари учун тизимли ва кенг қамровли ҳуқуқий тарғибот тадбирларини ташкил қилиш давлат органлари ва ташкилотларнинг устувор вазифасидир.
Бунда жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш “шахс-оила-маҳалла-таълим муассасаси-ташкилот-жамият” принципи бўйича тизимли ва узвий ташкил этилади.
Фармоннинг яна бир ўзига хослиги, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда ҳар бир ёшдаги фуқаролар учун алоҳида ёндашувнинг жорий этилишидир. Жумладан, болалар учун махсус ҳуқуқий портал яратилиши, Конституцияни ўргатишга доир илк тушунчалар, кундалик ҳаётда қўллашга мўлжалланган бошланғич ҳуқуқий билимлар, ҳуқуқий ўйинлар, машғулотлар ва дастурлар бўйича услубий қўлланмалар ишлаб чиқилади.
Жамиятда сиёсий онг ва ҳуқуқий маданиятнинг ўсишида сиёсий партиялар ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Айни шу нуқтаи назардан ушбу фармон ўз мазмун-моҳиятига кўра Ўзбекистон “Адолат” СДП дастурий ғоя ва мақсадларига ҳамоҳанглиги билан аҳамиятлидир. Жумладан, партия жамиятда ҳуқуқий маданиятни шакллантириш ва ривожлантириш, мамлакатимизда ҳуқуқий таълим ва билимлар тарғиботини тубдан яхшилаш, қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ижрочиларга етказиш, аҳолини қабул қилинаётган қонунларнинг мақсади, мазмун-моҳиятидан кенг хабардор этиб боришга йўналтирилган мақсадли чора-тадбирларни қўллаб-қувватлайди.
Фуқароларнинг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш, ёшларда ҳуқуқ соҳасига бўлган қизиқишларни ошириш, уларни ҳуқуқий саводхонлик жиҳатдан етук, баркамол авлод қилиб тарбиялаш мақсадида ўтказиб келинаётган “Конституция билимдони” кўрик-танлови, ҳар ҳафтанинг сешанба куни маҳаллаларда ўтказилаётган сиёсий ўқувлар ҳамда бошқа ҳуқуқий тарғибот тадбирлари орқали “Адолат” СДП мазкур фармон ижросини таъминлашда фаол иштирок этишни мақсад қилган.
Тадбирда депутатлар, партия фаоллари ва ҳамкор ташкилотлар вакиллари ушбу фармон билан тасдиқланган Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепциясини 2019 йилда самарали амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” доирасида ҳамкорликда бажариладиган ишлар юзасидан фикр алмашдилар ва ушбу йўналишдаги чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Фаррух АБДУҲАМИДОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Матбуот хизмати масъул ходими

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Жорий йилнинг 27-30 апрель кунлари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳудудларга чиқиб, сайловчилар билан очиқ мулоқот ўтказишди....
01 янв 1970
Маҳаллий ҳокимият вакиллик органларидаги депутатлик корпуслари ҳудудларда қонун устуворлигини таъминлаш муҳим ўрин тутади....
01 янв 1970
Юртимиз фарзандларининг соғлом ўсиши бир қатор омилларга боғлиқ. Хусусан, бу борада уларнинг соғлиғини назорат қилиш, ўз вақтида ўтказилган тиббий ...
01 янв 1970
“Тупроққалъа” қишлоғида халқ депутатлари Ҳазорасп туман Кенгашига “Адолат” СДПдан сайланган депутат Баҳодир Бобожонов сайло...