Энг фаол адолатчи аёл

/
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси тизимида анъанавий ўтказиб келинаётган “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” республика кўрик-танлови сафимиздаги хотин-қизларнинг ташаббускорлигини қўллаб-қувватлашга, уларнинг етакчилик қобилиятини оширишга, шу билан бирга, жамият ҳаётида мавжуд муаммоларни ҳал этишга доир таклифларни ўрганиш ва рўёбга чиқаришга хизмат қилмоқда. Бу муҳим жиҳатлар Халқаро хотин-қизлар куни байрами арафасида пойтахтимизда ўтказилган танловнинг республика босқичида ҳам ўз ифодасини топди. Таъкидлаш жоизки, опа-сингилларимиз жамият ҳаётининг барча жабҳаларида фаол иштирок этаётган бугунги кунда уларнинг фикри, ҳудудларда ечимини кутаётган масалаларга синчков назари, ҳаётий тажрибалари, ибратли ишлари амалий аҳамият касб этмоқда.
Тадбирнинг очилиш маросимида таъкидланганидек, мамлакатимизда хотин-қизларга оид давлат сиёсатининг ҳаётга изчиллик билан татбиқ этилаётгани бу борадаги ислоҳотлар кўламини янада кенгайтирмоқда. Шунингдек, аёлларнинг давлат ва жамият ишидаги иштирокини янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.
Президентимиз томонидан 2018 йилда қабул қилинган “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон, “Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ҳамда “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастурини амалга ошириш тўғрисида”ги қарорлар мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган истиқболли ўзгаришлар, тарихий ислоҳотларда юртимиз хотин-қизлари ҳам фаол иштирок этиб, халқ фаровонлигига ва она Ватан тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқдалар.
Ҳозирги вақтда мамлакатимизда турли соҳа ва тармоқларда меҳнат қилаётган ишчи-хизматчиларнинг 45 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Жумладан, давлат ва жамоат ташкилотлари тизимида 1 минг 400 га яқин опа-сингилларимиз раҳбарлик лавозимларида меҳнат қилмоқда. Улардан 18 нафари сенатор, 19 нафари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати бўлиб, минг нафардан зиёд опа-сингилларимиз халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари таркибида фаолият юритмоқда.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Сайловолди дастурида мамлакатимизнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётида хотин-қизларнинг тўлиқ ва тенг иштирокини таъминлаш, хотин-қизларнинг давлат органларининг барча бўғинларида қарор қабул қилиш жараёнидаги иштирокини кафолатлашга қаратилган устувор вазифалар ўз аксини топган. Бугунги кунга келиб сафдошларимизнинг 50 фоизини хотин-қизлар ташкил қилмоқда.
— “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” кўрик-танловининг мақсади ҳам жамиятда аёлларнинг ролини янада кучайтириш ҳамда хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, партия сафидаги энг фаол, ташаббускор, жамоа ва оилада намуна кўрсатаётган аёлларни аниқлаш ва уларни муносиб рағбатлантириш, уларнинг ибратли ишларини оммалаштиришга қаратилган, — дейди партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати хотин-қизлар ва ёшлар билан ишлаш бўлими мудири Райҳона Ўрмонова. — Танловнинг туман, шаҳар ва вилоят босқичларида турли касб эгалари бўлган 800 га яқин хотин-қизлар иштирок этди.
ўолибларни аниқлаш иштирокчилардаги ташаббускорлик, дунёқарашнинг ғоявий ва мафкуравий жиҳатдан мустаҳкамлиги, сиёсий саводхонлик, умумбашарий, миллий ва ижтимоий қадриятларни яхши ўзлаштирганлик, амалга оширган лойиҳалари, ҳамкорлик ишлари жамоатчилик томонидан эътироф этилишига оид маълумотларни таҳлил этиш ва баҳолаш асосида амалга оширилди.
Ўз ҳудудида ғолиб бўлган барча сафдошларимизнинг партия тизимида оммалаштирса бўладиган ибратли ишлари борлиги диққатга сазовор.
Кўрик-танловнинг якуний натижаларига кўра, Самарқанд вилояти иштирокчиси, журналист Наргиза Юнусова 1-ўрин, Қашқадарё вилоятидан Қарши туманидаги 69-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Дилрабо Чориева 2-ўрин, Андижон туманидаги ахборот технологиялари ва сервис касб-ҳунар коллежи директори Жанона Раҳимова 3-ўринга сазовор бўлишди.
ўолиблар Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгашининг I, II, III даражали дипломи ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Шу билан бирга, кўрик-танловнинг бошқа барча иштирокчилари ўз иқтидор ва қобилиятига кўра турли номинациялар бўйича партиянинг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан рағбатлантирилди.
Фаррух АБДУҲАМИДОВ,
журналист

Муқаддам БЕКМУРОДОВА,
Тошкент вилояти босқичи ғолиби,
ЎзДЖТУ ҳузуридаги Ангрен академик лицейи ўқитувчиси:

— 2018 йилда партиямизнинг “Таълим сифати — партия нигоҳида” лойиҳаси доирасида мактаб дарсликларидаги хатоликлар ва турли тиллардаги ўқув қўлланмаларидаги тафовутлар ҳамда бу китобларнинг сифат даражаси ўрганилди. Ангрен шаҳрида тузилган ишчи гуруҳ таркибида таълимдаги ушбу муаммоларни ўрганар эканман, яна бир савол туғилди. Дарсликлар сифатини ўргандик, хўш, ўқувчилар фойдаланаётган ўқув қуроллари сифати-чи? Тўғри, мамлакатимизда тадбиркорликка кенг йўл очилганлиги сабабли ўқув қуроллари тадбиркорлар томонидан истеъмолчиларга етказиб берилади.
Ўқув қуроллари бирор жиҳатдан болалар соғлиғига зарар етказмаслигини мутахассислар билан биргаликда ўрганиб кўрдикми? Дейлик, дафтарлардаги чизиқлар яхши кўринмаса, боланинг кўзига бу ҳолат қандай таъсир қилади, улар фойдаланаётган пластилинлар терида аллергик хусусиятлар уйғотмайдими? Юртимизда ўқув қуролларининг сифатини аниқлашга доир тегишли стандартлар белгиланганми?
Маълумки, ўқув қуроллари сифат даражасини белгиловчи халқаро стандартлар мавжуд. Лекин ҳали юртимизда бунга доир стандартлар борлиги тўғрисида маълумот топа олмадим.
Шунинг учун танловда фарзандларимиз фойдаланаётган ўқув қуроллари сифатини партиямиз лойиҳаси асосида мутахассислар иштирокида ўрганиш таклифини илгари сурдим. Бундай ўрганишлар орқали ўқув қуроллари сифати меъёрлари бўйича стандарт қабул қилинишига замин яратилиши мумкин. Шу билан бирга, ўқувчиларда учраши эҳтимоли бўлган айрим касалликларнинг олди олинади.
Яна бир масала. Маълумотларга кўра, дунёда йўл ҳаракати қоидалари бузилиши оқибатида ҳар йили юз минглаб одам вафот этар экан. Галдаги таклифим шу мавзуга доир бўлди. Яъни боғчаларда партиямиз ташаббуси билан ташкил этиб келинаётган шахмат-шашка майдончалари ёнида жойлардаги ички ишлар бўлинмалари билан ҳамкорликда йўл ҳаракати хавфсизлиги майдончалари ҳам барпо этилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бунинг натижасида фарзандларимизни болалигидан бошлаб қонунга итоаткорлик руҳида тарбиялаш, уларда белгилангпн тартиблар, қонун-қоидаларга амал қилиш зарурлигини сингдиришга эришамиз.
Наргиза ЮНУСОВА,
журналист, республика кўрик-танловининг 1-ўрин соҳиби:

— Биз оилавий “Адолатчи”лармиз. Онам билан маслаҳатлашган ҳолда Тайлоқ туманида аёллар саломатлигини яхшилаш мақсадида “Жозибадор аёллар” спорт клубини ташкил этдик, соғлом овқатланиш саломатлик мезони эканлиги сабабли “Соғлом овқатланиш — саломатлик гарови” лойиҳасини кенг тарғиб этмоқдамиз.
Танловга тайёргарлик кўрар эканман, “Адолат” партиясини сиёсий куч сифатида қандай тасаввур қиламан?”, “Партия фаолиятининг қайси жиҳатларига янада эътиборни кучайтириш зарур?” деган саволлар устида яна жиддийроқ ўйлаб кўрдим.
Бугунги кун талабларидан келиб чиқсак, партиянинг барча бўғиндаги тузилмалари, депутатлари мамлакатимиз тараққиёти йўлида ягона сиёсий платформада туриб ҳаракат қилишлари ҳар қачонгидан ҳам муҳим. Очиғини айтганда, биз сиёсий йиғилишларда БПТларнинг мавқеини, ишчанлигини ошириш лозимлиги ҳақида кўп такрорлаймиз. Лекин кутилган даражада натижа бўлмаяпти. Аввало, БПТларнинг аҳоли ўртасидаги ўрганишларида аниқланган муаммолар маҳаллий Кенгашдаги партия депутатлари томонидан тўлалигича ҳал этилиши, ижтимоий аҳволни ўнглашда БПТларнинг жамоатчилик назоратини кучайтириш зарур. Шу мақсадда маҳаллий Кенгаш депутатларининг қабулхоналарини айнан БПТларда ташкил этиш фойдадан холи бўлмайди. Шундагина депутатлар жойлардаги ижтимоий аҳволдан тўлиқ хабардор бўлиб, муаммоларни ўз жойида ҳозиржавоблик билан ҳал этиш имконига эга бўлади.
Яна бир масала. Маълумки, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан шаҳар, қишлоқ жойларда яшовчи аҳолининг кам таъминланган қатлами учун арзонлаштирилган уй-жойлар қурилмоқда. Партия дастуридаги вазифалардан келиб чиққан ҳолда ушбу замонавий турар жойларда қайта тикланувчи энергия манбалари жорий этилишини шарт қилиб қўйиш, бунинг учун архитектура ва қурилиш идоралари зиммасига аниқ вазифалар юклатишга эришиш зарур. Интернет хабарларидаги маълумотларга кўра, Хитойда 12 фоиз аҳоли қайта тикланувчи энергия ресурсларидан фойдаланар экан. Мамлакатимизда бу кўрсаткич 0.02 фоизга ҳам етмаяпти. Демак, “адолатчи”лар ушбу соҳада ҳам партиявий тарғиботлар билан чекланиб қолмасдан янада кўпроқ амалий ишларга ўтиши керак, деб ҳисоблайман.
Дилрабо ЧОРИЕВА,
Қарши туманидаги 69-умумтаълим мактаби ўқитувчиси, республика кўрик-танловининг 2-ўрин соҳиби:

— Бир неча йилдан буён педагогика соҳасида ишлаб, ёш авлодни ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялаш ишига ҳисса қўшишга интилаяпман. Таълим йўналишига оид бир неча қўлланмалар ёздим, матбуот нашрларида ҳуқуқий мавзуда ҳамда педагогика соҳасига оид илмий қарашларим акс этган мақолаларим чоп этилган.
Ўз уйимда кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларнинг иқтидорли, илмга чанқоқ болалари учун бепул қўшимча дарс ўтишни йўлга қўйдим. Буни хайрли иш демоқчи эмасман, иқтидорли ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш, уларга қўлидан келган ёрдамни аямаслик ҳар бир педагогнинг бурчи, деб биламан. Аслида ҳар бир фандан дарс машғулотидаёқ ўқувчи зарур билим олиши лозим. Аммо ўқувчилар сони, уларнинг ўзлаштириш даражаси ҳар хил эканлиги ўқитувчининг кўпроқ вақтини олиб қўяди. Бу эса иқтидорли болалар билан дарсдан ташқари вақтда алоҳида шуғулланиш, уларнинг ўзи ҳам мустақил ўқишига жиддий зарурат пайдо қилади. Балки бунга бошқа бирор аниқроқ ечимлар топиш керакдир. Шу маънода олий ўқув юртларига қабул квоталари йилдан-йилга ошиб бораётганлиги умумтаълим мактаблари сонининг ошишига замин яратади, деб ўйлайман. Бу масалада партиямиз ғояларидан келиб чиқиб, депутатларимиз мутахассислар билан ҳамкорликда аниқ таклифлар ишлаб чиқиши айни муддао деб биламан. “Адолат” СДП вилоят кенгаши томонидан уюштирилаётган тадбирларда шулар ҳақида ҳам фикрлашамиз.
Мамлакатимизнинг дунёда нуфузи ортиб бормоқда, ҳамкорликлар кенгаймоқда. Бу жараёнда юртимиз педагоглари ҳам дунёга ўз сўзнини айтиб туриши мақсадга мувофиқдир. Ёшлар манфаатини ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш юзасидан хорижий матбуот нашрларида ҳам ўз мақолаларим билан мунтазам равишда иштирок этаяпман. Дунё ёшлари бўш вақтларини мазмунли ўтказиши, иқтидорли болаларни излаб топиш, тарбиялаш борасидаги кузатишлар ўз аксини топган мақолаларим хориж матбуотида доимий равишда ёритиб келинади.
Дилдора ОХУНОВА,
Наманган вилояти босқичи ғолиби:

— Кейинги йилларда “Адолат” социал-демократик партияси туманимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида янада фаоллашди. Сафдошларимиз сони ҳам ортиб бормоқда. Чунки партия ғоя ва мақсадларининг жозибадорлиги, Сайловолди дастурида кўпчилик учун аҳамиятга эга бўлган масалалар кўтарилганлиги одамларда қизиқиш уйғотмоқда.
Очиқ мулоқотлар кенг йўлга қўйилган бугунги кунда, айниқса, партия депутатлари фуқароларнинг фикр ва таклифларини ўрганиб, ўз амалий ишларида бу таклифлардан фойдаланишга интилаётгани айни муддао бўлмоқда. Бу жараёнда сафдош опа-сингилларимизнинг ҳам ўз ўрни бор, албатта.
Мингбулоқ туманидаги 22-умумтаълим мактабида маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари бўлиб ишлайман. Иш асносида мутасадди ташкилотларнинг масъул ходимлари-ю, ўқувчиларнинг ота-оналари билан суҳбатлашиш, ҳамжиҳатликда ишлашга тўғри келади. Глобаллашув шароитида ёш авлод таълим-тарбияси шуни тақозо этади. Ким билан фикрлашсак ҳам фарзандларимизни илм-маърифатли қилиш, китобхонлик мавзуси етакчилик қилади. Китоб, газета-журнал ўқийдиган ота-она фарзандига чинакам ибрат бўла олади. Қайси соҳада бўлмасин, китобхон раҳбарларгина мактаб таълимининг моҳияти ва аҳамиятини, жамият ҳаётига, тараққиётга таъсирини яхши тушунади.
Фарзандларимизга ниманингдир зарари ҳақида тушунтирар эканмиз, уларга фойдали машғулотни таклиф қила олишимиз зарур. Бир нарса аён, китоб ўқийдиган, фанларни яхши ўзлаштирадиган ўқувчининг тарбияси яхши бўлади. Уйда ҳам, мактабда ҳам илм-маърифат, китобхонлик муҳити қарор топиши, ҳар бир хонадонда мўъжазгина кутубхона бўлиши лозим. Афсуски, баъзан оилавий тадбирлар, маиший муаммоларга ота-оналар, айниқса, аёллар кўпроқ вақт ва маблағ ажратишлари ҳамон давом этмоқда. Бу эса таълим-тарбияга салбий таъсир кўрсатади. Айниқса, “ибрат” маъносида бу ҳол янада ачинарли тус олади. Шуларни назарда тутиб, партиямиз фаоллари тарғибот тадбирларида ана шулар ҳақида ҳам сўз юритмоқда.
Сурайё УСМОНОВА,
Сирдарё вилояти босқичи ғолиби:

— Хотин-қизларнинг сиёсий соҳадаги билим ва кўникмаларини янада ошириш мақсадида ташкил этилган “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” республика кўрик-танловида иштирок этиш биз аёлларга ўзимизнинг куч ва имкониятларимизни кўрсата олиш, иқтидоримизни рўёбга чиқаришдаги роли билан ҳам қимматли бўлди.
Қатнашувчи сифатида таассуротларимни ифодалайдиган бўлсам, сиёсий-ҳуқуқий соҳадаги билим ва тажрибаларим ортди. Мактаб таълимига оид миллий қонунчилик асослари, белгиланган ҳар бир меъёр мазмунини нафақат касбдошларимиз, балки ўқувилар ва уларнинг ота-оналари ҳам зарур даражада билиши лозимлиги ҳақида беллашув иштирокчилари билан фикрлашганим айни муддао бўлди. Бу масалада партия депутатлари билан биргаликда иш олиб боришни ўз олдимга мақсад қилиб қўйдим.
Кўпчиликка маълумки, ўқувчи ва ўқитувчиларнинг маънавияти ҳақида ижтимоий тармоқларда бир қатор чиқишлар бўлмоқда. Ўқитувчи, ўқувчи ва ота-она муносабатлари бир-бири билан боғлиқ бўлиб, пировардида бу таълим сифатига жиддий таъсир қиладиган ҳаётий омил саналади. Уларнинг ҳар бири ўз бурч ва мажбуриятларини бажариши шарт. Ўз бурч ва мажбуриятларини бажармаслик қандай ҳуқуқий оқибатларга олиб келишини ҳар биримиз яхши англаб олишимиз лозим. Таълим-тарбия жамият тараққиёти, соҳалар ривожланишида, ёшларимиз ҳаётда ўз ўрнини топишида кўзланган натижаларни бериши, турли муаммолар пайдо бўлишининг олдини олишда ҳам бу норматив-ҳуқуқий меъёрларни амалиётда қўллаш ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Меҳринисо МУҲАММАДИЕВА,
Бухоро вилояти босқичи ғолиби:

— Танлов ўз устимда ишлаш, билим ва дунёқарашимни бойитишда кўмак берди. Шу билан бирга, бу иш фаолиятимга ҳам ижобий таъсир қилмоқда. Ёшлар билан ишлаш, уларни жамиятда фаол бўлишга, ўз билимларини мустаҳкамлашга ундаш ҳам лидерлик қобилияти ва маҳорат талаб қиладиган жараён саналади.
Кўрик-танловда намойиш этган партия лойиҳасига доир тақдимотимда экологик муаммоларнинг олдини олиш, мактабда ижтимоий тенгликни таъминлаш, ёшларнинг инновацион қарашларини шакллантириш билан боғлиқ таклифларга алоҳида эътибор қаратдим. Хусусан, бугунги кунда ҳар бир педагог инновацион технлологиялардан фойдаланган ҳолда сифатли таълим беришга ҳаракат қилиши лозим. Шундагина ўқувчининг замон билан ҳамнафас яшаши ҳамда билим доираси кенгайишига эришамиз.
Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан бу сингари кўрик-танловларнинг ташкил этилиши нафақат иштирокчиларнинг, балки тадбирда қатнашган барча мухлисларнинг сиёсий фаоллигини, жамият ҳаётига дахлдорлик ҳиссини оширади. Танлов жараёнида сиёсий фаоллик ҳар биримиз учун муҳим мезон эканига яна бир бор амин бўлдик.
Жанона РАҲИМОВА,
Андижон туманидаги ахборот технологиялари ва сервис касб-ҳунар коллежи директори,
республика кўрик-танловининг 3-ўрин соҳиби:

— Олий ўқув юртини тамомлагач, журналист сифатида тайёрлаган илк мақолам оила мавзусига бағишланганди. Ўшанда устозларим оила мавзусини ёритиш, аёл ҳақида сўз айтиш қанчалик қийинлигини айтиб, танлаган қаҳрамонинг ким бўлмасин, халқимизнинг аёлларга бўлган муносабати, ҳурматини ёдда тут, деб уқтиришганди.
Йиллар ўтиб, кўплаб опа-сингилларимиз билан суҳбатлашдим, улар ҳақида материаллар тайёрладим. Шунда билдимки, аёллик масъулиятини бир сўз билан ифодалаб бўлмайди, у аёл ва оналик мартабаси билан бирга жамиятнинг фаол аъзоси.
Ўзбекистон “Адолат” СДП сафига киришимга андижонлик сиёсатчи хотин-қизларнинг фаоллиги, ташаббускорлиги сабаб бўлганди. Ўзимда уларнинг сафига қўшилиш истаги туғилди. Чунки “Адолат” номи билан жамоатчилик орасига кириб боришнинг ўзи ярим ютуқ, агар бошқаларни ўз ортингдан эргаштира олсанг, бу тўла ютуқ дегани.
Оилани, аёлнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш, қизларни турмушга тайёрлаш партия аъзоси сифатидаги фаолиятимда муҳим ўрин тутмоқда. Бу борада Андижон шаҳридаги МФЙлар ва ўзим раҳбарлик қилаётган Андижон тумани ахборот технологиялари ва сервис касб-ҳунар коллежи жамоаси билан биргаликда иш олиб боряпмиз. Жамоатчилик билан мулоқотлар давомида бир нарсага амин бўлдим. Агар аёл зукко бўлса, оилада ҳам, жамиятда ҳам ўз ўрнини топади.
Халқаро хотин-қизлар куни байрами арафасида ўтказилган “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” кўрик-танлови бу борада мен учун яна бир синов бўлди. Танловда ғолиблар қаторидан ўрин олишим зиммамдаги масъулиятни янада оширди. Ва бир хулосага келдим: Биз ҳар бир ишда ташаббускор, фаол бўлишимиз керак. 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
ДОНОРЛИК АКЦИЯСИ: 548 нафар кўнгилли 138,3 литр қон топширди Аввал хабар берганимиздек, жорий йил юртимизда карантин чоралари қатъий бе...
01 янв 1970
Юртимизда кексаларни ардоқлаш ва ўтганларнинг хотирасини ёд этиш билан боғлиқ қадрият асрлар давомида аждодлардан авлодларга мерос бўлиб келмоқда.&...
01 янв 1970
Партия депутатлари мурожаатларда кўтарилган масалаларни депутатлик сўровлари орқали ҳал этишга ҳаракат қилишди....
01 янв 1970
Истиқлолимиз пойдеворини мустаҳкамлаган Бош қомусимиз қабул қилинганининг 25 йиллик байрамини муносиб кутиб олиш мақсадида жойларда турли тадбирлар...