“Талабаларнинг кичик инновацион корхонаси” лойиҳаси амалда

/
Давлатимиз раҳбарининг мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида 2016 йилда таълим-тарбия соҳасига давлат бюджети харажатларининг 33,7 фоизи йўналтирилиши, соҳани таъминлаш ва ривожлантириш сарф-харажатлари ўтган йилга қараганда 16,3 фоизга кўпайиши ҳақида таъкидлаб ўтилган эди.
Ўз навбатида, мазкур эътибор таълим соҳасидаги профессор-ўқитувчилар билан бир вақтда талабалар олдига ҳам мамлакатимиз саноатини жадал ривожлантириш ва ялпи ички маҳсулотда унинг улушини 2015 йилдаги 33,5 фоиздан 40 фоизга етказиш, энергияни тежайдиган замонавий технологияларни кенг жорий этиш эвазига ялпи ички маҳсулот учун сарфланадиган энергия ҳажмини тахминан 2 баробарга қисқартириш вазифаларини қўяди.
Мазкур масалалар ечимларидан бири сифатида олий ўқув юртларининг инновацион инфратузилмасини кучайтириш, талабаларнинг инновацион фаолиятга бўлган қизиқишлари ва интилишларини қўллаб-қувватлаш, улар томонидан кичик инновацион корхоналар тузишни рағбатлантириш, ўқитувчилар ва ходимларнинг инновацион фаоллигини ошириш, олий ўқув юртларининг илм-фан, саноат ва иқтисод билан алоқасини янада мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг “Талабаларнинг кичик инновацион корхонаси” лойиҳаси амалга ошириб келинмоқда. Лойиҳа доирасида инновацион фаолият билан бевосита алоқадор олий ўқув юртлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш кўзда тутилган.
Яқинда мазкур лойиҳа доирасида Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетида “Тармоқлараро инновация маркази” ташкил этилганлигини ана шундай ҳамкорлик самараси сифатида баҳолаш мумкин. Марказ очилишига бағишлаб Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзолари, талабалар, олимлар, тегишли ташкилот ва идоралар масъул ходимлари, тадбиркорлик субъектлари, экспертлар ҳамда мутахассислар иштирокида ўтказилган давра суҳбатида электр энергиясини ҳосил қилиш, узатиш, сотиш ва ишлатиш тизимида корхоналараро ҳамкорликни инновацион технологияларга ўтказиш ишларини жадаллаштириш ҳамда мазкур йўналишда қонунчиликни такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Маълумки, мамлакатимиз корхоналарида ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини ошириш, уларни ишлаб чиқариш, ички ҳамда ташқи бозорда сотилиши ҳажмини ошириш, шу асосда саноат ишлаб чиқаришининг барқарор ривожланишини таъминлаш, иқтисодиёт тармоқларига электр энергиясини тежовчи стандартларни янада самарали жорий этиш мақсадида таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш корхоналарининг ўзаро мувофиқлашган инновацион фаолиятини ташкил этиш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бирига айланди.
Тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимиз иқтисодиёт тармоқларида, аҳоли хонадонларида энергиядан самарали фойдаланиш ва энергияни тежашда инновацион ечимлар ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунки ишлаб чиқаришни ривожлантириш, аҳоли турмуш шароитини янада яхшилаш электр энергияси таъминоти ва ундан самарали фойдаланишга бевосита боғлиқ бўлиши баробарида уни тежаш масаласи ҳам долзарб саналади.
Давра суҳбати иштирокчилари томонидан мамлакатимизда ялпи ички маҳсулот бирлигини ишлаб чиқариш учун Европа Иттифоқи давлатларининг ўртача кўрсаткичига нисбатан кўпроқ электр энергияси сарфланаётгани таъкидланиб, соҳада таркибий ва ҳуқуқий масалалар юзасидан жадал амалиёт ўтказиш муҳим эканлиги қайд этилди.
Мутахассислар ҳамда экспертлар томонидан мамлакатимизда энергия сарфини камайтириш юзасидан энергетик аудит, экспертиза, давлат назорати, ноанъанавий юқори қўшимча қиймат яратиш ва ресурстежамкорликка асосланган истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқиш ҳамда уларни амалга ошириш, тадқиқотлар натижаларини оммалаштиришни молиялаштиришда таваккалчилик ва фандрайзинг муносабатларини ўзаро мувофиқлаштириш, тадбиркорларнинг янги ишланмаларни яратишдан манфаатдорлиги механизмларини ривожлантириш масалалари ечимида ҳуқуқий асосларни янада такомиллаштириш зарурлиги қайд этиб ўтилди.
Шу билан бирга, ёшларимиз тарбиясида электр энергиясига нисбатан янгича муносабатни шакллантириш муҳимлиги таъкидланди.
Давра суҳбати якунида соҳада энергия сарфини камайтириш ва тармоқлараро инновацион ҳамкорликни тараққий эттиришнинг ҳуқуқий асосларини замон талабларига мувофиқлаштириш бўйича тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.
Ёрмамат ХОЛИЯРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бугунги кунда банк тизимида мижозлар учун қулай имкониятлар яратиш учун катта саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Айниқса, уларнинг ўзаро ҳамкорликда ...
01 янв 1970
Ўзбекистон миллий матбуот марказида 2019 йил 13 март куни Халқ банки томонидан матбуот анжумани ташкил этилди. ...
01 янв 1970
Оҳалик тоғ ёнбағридаги маъмурчиликнинг тўкин дастурхонига айланган кўркам манзара экотуризм нуқтаси сифатида ҳам кўплаб хорижий сайёҳларни ўзига жа...
01 янв 1970
“Қишлоқ қурилиш банк” АТБ томонидан 1809,1 миллиард сўмдан ортиқ маблағлар сарфланди...