Ихтирочиларнинг янги қурилмаси

/
Андижон вилоятида зукколиги ва билимдонлиги билан тенгдошларига намуна бўлиб келаётган йигит-қизлар кўпчиликни ташкил этади. Айниқса, инновацион лойиҳалари билан устозлари ишончини оқлаётган талабалар янги-янги ғоялар ва ташаббуслар билан чиқиб, ўз иқтидорларини намоён этмоқда.
Бугунги кунда илм-фан ва техникани янгиликларсиз тасаввур этиш қийин. Инновацион иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш, янги ғоялар, технологиялар ва лойиҳаларни амалиётга жорий этишга бўлган эътибор кичик бизнес ва тадбиркорлик ривожланишига хизмат қилмоқда. Бу борада ёш олимлар ва иқтидорли талабаларнинг фаоллиги ошиб бораётгани янада қувонарли.
Андижон қишлоқ хўжалик институтидаги изланувчан ихтирочилар томонидан таклиф этаётган лойиҳалар амалиётга татбиқ этилаётгани бунинг ёрқин далилидир. Кейинги йилларда институт инновацион маркази фаолияти ривожланиб, аъзолар сони ортиб бормоқда. Ёш олимлар қаторида иш олиб бораётган иқтидорли талабаларнинг қишлоқ хўжалиги ва саноат соҳасидаги ишланмалари соҳа ривожида муҳим аҳамиятга эга.
2016 йилда Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли Жаҳонгир Маматходиевнинг доривор магнолия ўсимлигини иқлимга мослаштириш, Ойжамол Имайдинова таклиф этган бодом кўчатини тез ривожлантириш ва Достонбек Мамадалиев яратган чархпалак ҳаракатини тезлаштириб, муқобил энергия манбаси яратишга қаратилган ишланмалар мутахассислар томонидан ижобий баҳоланди.
Иқтидорли талабаларга устозлик қилаётган олимларнинг бу борадаги фаолияти янада ибратли. IХ инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркасида кўпчиликда қизиқиш уйғотган, фойдаланилмай ётган ерлардан самарали фойдаланишда қўлланадиган ёмғир ва қор сувларини тўплаш (аккумуляция) қурилмаси ҳам улар томонидан яратилди.
Адир ерларда боғ яратишни истаган киши учун энди муаммога ўрин йўқ. Чунки сув билан таъминлаш имконияти яратилди. Кўп йиллик кузатишлар хулосаси сифатида тоғ ва тоғ олди жойларидан фойдаланиш коэффициентининг ўта кичиклиги уларни изланишга ундади. Камсув мевали дарахтлар, асосан бодом ва хандонписта учун мавсумда бир маротаба сув бериш етарли эканлиги ўрганилгач, шунга мос равишда куз-қиш мавсумида қор ва ёмғир сувларини йиғувчи қурилма ихтиро қилдилар. Ушбу қурилма асосан ўрмон ва фермер хўжаликлари ҳамда якка тартибда деҳқончилик билан шуғулланувчиларга мўлжалланган.
Ер майдонининг ҳажми айтилса кифоя, ихтирочилар шунга мос аккумуляция резервуарини тайёрлаб беришади. Қурилманинг баҳоси қамраб олинадиган майдоннинг ҳажмидан келиб чиқиб белгиланади.
Лойиҳанинг дастлабки натижаси сифатида Андижон туманидаги адирликка 500 литрли резервуар ўрнатилиб, фойдаланиш йўлга қўйилди. Натижада 0,5 гектар бўш турган майдонда бодомзор барпо этилди.
Айни пайтда Хонобод шаҳарчаси, Жалақудуқ тумани ва қўшни вилоятлардаги бир неча фермер хўжаликлари билан 45 миллион сўмлик шартнома имзоланганининг ўзи ҳам келгусида ушбу лойиҳа кенг оммалашишини кўрсатади.
— Инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш асосий вазифаларимиздан бири, — дейди Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилоят кенгаши раиси Паттохон Асханов. — Чунки бу давр талаби. Айниқса, муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни ривожлантириш электр энергияси таъминотидаги узилишларнинг олдини олади. Шу сабаб ихтирочиларнинг бу борадаги таклифларига алоҳида эътибор қаратилиб, қўллаб-қувватланмоқда.
Партиямиз Сайловолди дастуридан ўрин олган инновацион ишланмаларни ривожлантириш борасида Андижонда олиб борилаётган юқоридаги каби ишлар партиядошларимизнинг фаоллиги ошиб бораётганини ҳам ифодалайди.
Акбаржон НАЗАРОВ,
“Аdolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
2014 йилда 100 нафар ходим билан иш бошлаган корхонада ҳозирги кунга келиб, 200 нафар киши фаолият кўрсатмоқда....
01 янв 1970
Андижон вилояти Булоқбоши туманидаги “Буюк Турон” маҳалласида фаолият юритаётган кичик бизнес субъектларининг сони йилдан-йилга ортиб б...
01 янв 1970
“Қишлоқ қурилиш банк” АТБ томонидан 1809,1 миллиард сўмдан ортиқ маблағлар сарфланди...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Қарши шаҳар кенгаши фаоллари ва депутатлар “Буюк Турон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги хонадон...