Коллеж битирувчилари ва хотин-қизларнинг ташаббуслари молиявий қўллаб-қувватланмоқда

/
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши, “Микрокредитбанк” акциядорлик-тижорат банки ҳамда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида Сурхондарё вилоятининг Музработ ва Узун туманларида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш жойларини ташкил этиш, аҳолининг кенг қатлами учун, айниқса, касб-ҳунар коллежи битирувчилари ва хотин-қизларнинг банк хизматларидан фойдаланишларини янада кенгайтиришга қаратилган навбатдаги семинарлар ташкил этилди.
Тадбирда таъкидланганидек, ёшларни, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш, аҳолига имтиёзли микрокредитлар ажратишни кенгайтириш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар айни вақтда ўзининг ижобий самараларини бермоқда. Тадбиркорлик учун яратилаётган қулай ишбилармонлик муҳити жойларда фуқароларнинг ўз бизнесини ташкил этиш ва ривожлантиришга бўлган қизиқишини кескин орттирмоқда.
Ҳамкорликда олиб борилаётган ишлар натижасида аҳоли фаровонлиги ва бандлигини таъминлашда муҳим ўрин тутаётган хусусий секторни молиявий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ажратилаётган кредитлар қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш, кичик бизнес субъектларининг бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ҳисобига янги иш ўринлари яратиш ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантиришга хизмат қилмоқда.
Шунингдек, партия Сайловолди дастурида белгиланган мақсад ва вазифалар ижросини таъминлаш, истиқлол йилларида мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар мазмун-моҳиятини жамиятнинг илғор қатлами, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида бўлган ёшлар ва хотин-қизларга етказиш, уларнинг тажрибасини оммалаштириш, жамиятнинг жадал суръатлар билан ривожланишига кўмаклашиш, чекка қишлоқларда янги иш ўринлари яратиш юзасидан амалга оширилаётган тизимли амалий чора-тадбирларни янада кучайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Маърузачилар ва мутахассислар томонидан тадбиркорларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида юртимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг аҳамияти, тадбиркорлик фаолиятига оид қонунчилик меъёрлари, шунингдек, ушбу соҳа ривожида тўсиқ бўлаётган муаммолар ва уларнинг ечимини излаш билан боғлиқ масалалар юзасидан ҳам иштирокчиларга маълумотлар берилди.
Семинарда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагида бўлган ёшлар ва хотин-қизлар паррандачилик, қуёнчилик, боғдорчилик, тикувчилик, иссиқхона ташкил этиш ва кўчат етиштириш каби йўналишларда ўзлари ишлаб чиққан лойиҳалари билан қатнашди. Барча лойиҳалар масъуллар томонидан ўрганиб чиқилди ва ҳар томонлама мукаммал лойиҳалар саралаб олинди.
Тадбир доирасида касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ҳамда хотин-қизлардан 40 нафарига тадбиркорликни йўлга қўйиш мақсадида умумий қиймати 170 миллион сўмдан ортиқ миқдорда имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилди.
Ойбарчин ҲАСАНОВА, тадбиркор:
— Бизнес лойиҳам орқали боғдорчиликни янада ривожлантириб, элимиз дастурхонига тўкинлик улашишни мақсад қилганман. Бунда туманимиз иқлимига мос бўлган ёнғоқ кўчатларини етиштиришни режалаштираяпман. Лойиҳамда ушбу кўчатларни харид қилиш, уларни белгиланган тартибда ўтқазиш, парваришлаш ва суғориш жараёнлари мутахассислар тавсияси асосида аниқ ўз ифодасини топган. Тадбиркорликни йўлга қўйиб, қўшимча даромадга эга бўлиш билан бирга 3 нафар маҳалладошимни иш билан таъминлайман. Лойиҳам ташкилотчилар томонидан маъқулланиб, 4,4 миллион сўм қийматида имтиёзли кредит олиш имконини берувчи сертификатни қўлга киритдим.
Мухлиса ШАРИПОВА, коллеж битирувчиси:
— Ташаббусларимиз қўллаб-қувватланаётгани биз, ёшларни янгидан-янги ғоялар сари илҳомлантирмоқда. Мен ҳам тадбиркорлик учун яратилаётган шароитлардан фойдаланиб, хонадонимизда паррандачиликни йўлга қўйиш бўйича лойиҳа ишлаб чиққан эдим. Лойиҳам мутахассислар томонидан ўрганиб чиқилиб, менга “Микрокредитбанк”нинг Узун туман филиали томонидан 4,4 миллион сўм миқдорда имтиёзли кредит ажратиладиган бўлди. Орзуларимни рўёбга чиқаришда камарбаста бўлаётган ташкилотчиларга ўз миннатдорчилигимни билдираман.
Шарофат ҚОРАЖОНОВА, коллеж битирувчиси:
— Бугун коллежни тамомлаб, ўз тадбиркорлик фаолиятимни йўлга қўйишда дастлабки қадамни ташладим. Мамлакатимизда кичик бизнесни бошлаш учун жуда катта маблағ, технология ва ер талаб этилмайди. Ишлаб чиққан лойиҳам асосида сертификати қўлга киритилган 4,4 миллион сўмлик имтиёзли кредит эвазига яшаб турган ҳовлимизнинг бўш қисмида белгиланган тартибда қурилиш ишларини ташкил этиб, иссиқхона барпо этишни режалаштираяпман. Бу ердан йилига икки маротаба ҳосил олиш ва мўмай даромад топиш мумкин. Қолаверса, ушбу лойиҳамни тўлақонли йўлга қўйиб, икки нафар тенгдошимни ҳам иш билан таъминлайман.
Дарҳақиқат, Ойбарчин, Мухлиса, Шафоат каби минглаб ишбилармон хотин-қизларимиз бугунги кунда муваффақиятли бизнес юритиб, юртимиз равнақи, турмушимиз фаровонлигига муносиб ҳисса қўшмоқда. Бу мамлакатимизда тадбиркор аёллар, айниқса, ёш тадбиркорларнинг фаолиятини ҳар томонлама рағбатлантириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг амалдаги ифодасидир.
Анвар ЭГАМҚУЛОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати масъул ходими

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Олдимиздаги энг долзарб вазифалардан бири бўлган янги иш ўринлари яратишда ҳам тадбиркорлар ташаббус билан чиқмоқда....
01 янв 1970
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мамлакатимиз иқтисодий тараққиётининг устувор йўналишидир. ...
01 янв 1970
“Navoiy Food Invest” масъулияти чекланган жамиятига қарашли “8 март – Хатирчи” тикувчилик фабрикаси фаолиятини бошлад...
01 янв 1970
Тадбиркорлик ёки бизнес соҳасида даромад орттириш, ўзи ва ўзгалар рўзғорини фаровон қилишнинг сирлари кўп....