Қишлоқ хўжалиги равнақи йўлида

/
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида соҳани модернизациялаш, замонавий техника ва технологиялар билан таъминлаш муҳим ўрин тутади. Бугун бирон соҳа ривожини илм-фансиз тасаввур қилиш мушкул. Чунончи, қишлоқ хўжалигида ҳам фундаментал тадқиқотларсиз, уларнинг амалиётдаги синови натижаларисиз ютуқларга эришиб бўлмайди.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги таркибидаги Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази қишлоқ хўжалиги йўналишидаги илмий-тадқиқот институтлари, конструкторлик бюролари, илмий-ишлаб чиқариш бирлашмалари ҳамда бошқа илмий ва илмий-ёрдамчи ташкилотларнинг мувофиқлаштирувчиси ҳисобланади. Биз янги қишлоқ хўжалиги машиналарини яратиш ва техника воситаларидан фойдаланиш даражасини оширишга доир изланишлар билан шуғулланувчи таянч илмий-тадқиқот муассасаси — Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти қошидаги Қишлоқ хўжалигини механизациялаш ва электрлаштириш илмий-тадқиқот институти директори Алишер Ражабов билан суҳбатлашдик.
— Алишер Ҳошимжонович, аграр соҳада амалга оширилаётган туб ислоҳотлар самараси ўлароқ, бугунги кунда қишлоқ хўжалигининг барча тармоқларида эътиборга молик натижалар қўлга киритилмоқда. Айтингчи, Сиз раҳбарлик қилаётган институт олимлари томонидан қандай илмий изланишлар олиб борилмоқда?
— Фаолият йўналишидан келиб чиқиб, биргина 2016 йилда институтимизда 2 та фундаментал, 8 та амалий, 3 та ёш олимлар тадқиқотлари ҳамда 9 та инновация лойиҳалари, жами 22 та лойиҳа бўйича илмий-тадқиқотлар ўтказилди. Ушбу лойиҳаларнинг бажарилишида 6 нафар фан доктори, 19 нафар фан номзоди, 23 нафар катта илмий ходим ва мустақил изланувчилар, жами 48 нафар илмий ходим иштирок этишди. Олинган амалий натижалар Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки грантлари асосида республикамизнинг 6 та вилоятида ташкил этилган институтимиз агромелиоратив технопаркларида фермер хўжаликларига кўргазмали намойиш этилди ва амалиётга йўналтирилди. Шунингдек, олимларимиз томонидан олинган натижалар юртимиздаги етакчи нашрларда ва хорижий давлатлар, жумладан, АҚШ, Германия, Япония, Австрия, Хитой, Жанубий Корея каби мамлакатларнинг нуфузли журналларида чоп этилди.
— Қишлоқ хўжалигидаги тадқиқотлар мавзусида суҳбатимизни давом эттиришдан олдин ҳаётингиз ва меҳнат фаолиятингиз ҳақида қисқача тўхталиб ўтсангиз.
— Маълумки, ҳар бир инсон оиладаги муҳитдан келиб чиққан ҳолда шахс сифатида шаклланади, камолга етади. Отам Ҳошимжон Ражабов қишлоқ хўжалиги соҳаси ходими, инженер-механик. Узоқ йиллар шу соҳада меҳнат қилиб, ҳурмат-эътибор топган. Онам Ҳалима ая болалар боғчасида тарбиячи бўлиб ишлаган, ҳозир нафақада. Мактабда ўқиётган кезларимда ўқитувчимиз “Келажакда қайси касб эгаси бўламан?” мавзусида иншо ёздирганида, мен инженер бўламан, деб ёзганим ҳамон ёдимда. Тошкент ирригация ва мелиорация институтини тамомлаб, Тошкент давлат аграр университетида ўқишни давом эттирдим. Мазкур университетда аспирантурада ўқидим, илмий ходим сифатида фаолият олиб бордим. 2011-2012 йилларда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги Машина ва асбоб-ускуналарнинг техникавий ҳолатини назорат қилиш давлат инспекцияси бош мутахассиси ва “Ўзмелиомашлизинг” давлат лизинг компанияси ҳузуридаги “Мелиомашлизингсервис” шўъба корхонасининг инженер-механиги, “Сервис” бўлими бошлиғи, 2012 йилдан 2016 йилгача Тошкент давлат аграр университетининг “Қишлоқ хўжалиги машиналари” кафедрасида ассистент, доцент, кафедра мудири лавозимларида ишладим.
— Қишлоқ хўжалигини механизациялаш ва электрлаштириш илмий-тадқиқот институтида янги қишлоқ хўжалиги машиналарини яратишга доир изланишлар қайси лойиҳаларда намоён бўлмоқда?
— “Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида замонавий техника воситаларидан фойдаланиш даражасини ошириш, машинасозлик корхоналарида уларни энергия-ресурс тежамкорлик йўналишларида такомиллаштиришнинг назарий-методологик асослари ва оптимал моделларини ишлаб чиқиш” лойиҳаси бўйича: машина-трактор агрегатларини функционал моделлаштириш ва рационал бутлаш, ғилдиракли ва занжирли тракторлар, улар базасида тузилган агрегатларнинг динамик хусусиятларини яхшилаш, машиналар иш унумини ошириш, фермер хўжаликлари ишлаб чиқариш соҳалари учун талаб этиладиган техника воситаларининг оптимал таркиби ва сонини аниқлашга доир мавжуд илмий муаммолар илк бор тизимли таҳлил ва ёндашув усуллари ёрдамида тадқиқ этилди. Агрегатлардан фойдаланиш даражасини (сменали ва мавсумий иш унуми, йиллик юкланмасини) оширишнинг илмий-техник ечимларини белгиловчи фундаментал назариялар, қонуниятлар яратилди, машиналарнинг агротехник, эксплуатацион-технологик ва ишончлилик кўрсаткичларини ошириш юзасидан илмий асосланган тавсиялар берилди.
“Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида турли технология жараёнларни қўшиб бажарадиган мобиль энергия-ресурс тежамкор агрегатларни яратишнинг илмий асосларини ишлаб чиқиш” лойиҳаси бўйича: 3-4 классдаги тракторлар билан агрегатланадиган “push-pull” системасидаги плуг ва комбинациялашган машина конструкциялари такомиллаштирилди ҳамда уларнинг макет нусхалари тайёрланиб, дала синовлари ўтказилди. Ишлаб чиқилган плуг ва комбинациялашган машинанинг параметрлари аниқлаштирилди.
Ҳар икки фундаментал лойиҳа натижаларига оид монография чоп этилиб, тегишли мутахассислар тайёрлайдиган олий ўқув юртлари ҳамда илмий марказ кутубхоналарига юборилди.
— Институт олимлари томонидан олиб борилган амалий тадқиқотлар натижасида деҳқон, боғбон, умуман олганда, фермерларга қандай қулайликлар яратилди?
— Амалий тадқиқотлар доирасида “Ўзбекистонда мойли экинларни йиғиштириш ва уруғини тозалашнинг мақбул усулларини ишлаб чиқиш ва машиналарини асослаш” лойиҳаси бўйича: ғалла комбайнлари мойли экинларни йиғиштиришга мослаштирилди. Уларнинг шу экинлар учун мақбул параметрлари ва иш режимлари аниқланди. Кунгабоқарни ўрадиган жатка ва мойли уруғни тозалаш машинасининг тажриба нусхалари ишлаб чиқилиб, параметрлари назарий ва тажрибавий жиҳатдан асосланди.
“Замонавий пахта териш машиналари билан пахта ҳосилини йиғиб олишнинг юқори самарадор технологиясини ишлаб чиқиш” лойиҳаси бўйича: пахта териш аппарати терим тўлиқлиги кўсаклар очилиши даражасига ва шпинделли барабанлар орасидаги иш тирқишининг ўлчамига боғлиқлигига доир натижалар умумлаштирилди ва таҳлил этилди. Пахта териш машинасининг кўсаклар турли даражада очилгандаги дала синовлари ўтказилди.
“Интенсив боғлар ва токзорлар учун махсус тракторнинг параметрларини асослаш” лойиҳаси бўйича: тракторни боғ ва токзор қатор ораларида дарахтларни шикастламай ҳаракатлантириб, технологияда кўрсатилган иш жараёнларини сифатли бажариши учун трактор (узунлиги, кенглиги, баландлиги)га қўйиладиган агротехник талаблар тўғрисидаги материаллар тўпланиб, таҳлил этилди ва ўрганилди. Трактор билан агрегатланиши кўзда тутилаёттан машиналар, уларнинг тортишга қаршилигини баҳоловчи кўрсаткичлар, талаб этиладиган қувват тўғрисида маълумотлар йиғилди ва таҳлил этилди. Тракторнинг асосий параметрлари асосланди.
Институтимиз олимлари томонидан “Тик шпинделли пахта териш машиналари учун шпинделларни ювиш ва тозалаш тизимининг макет нусхасини тайёрлаш ва ишлаб чиқаришга татбиқ этиш” лойиҳаси бўйича: шпинделларни ювиш ва тозалаш тизими детал ва узелларининг чизмалари тайёрланди ва улар ясалиб, пахта териш машинасига ўрнатилди. Янги тизимга эга пахта териш машинасининг дала синовлари ўтказилди.
“Кўчма қобиқлаш қурилмаси тажриба нусхасининг такомиллаштирилган вариантини тайёрлаш ва амалиётга жорий этиш” лойиҳаси бўйича ушбу қурилманинг такомиллаштирилган вариантида қишлоқ хўжалик экинлари уруғи кенг миқёсда тайёрланиб, 11 та фермер ҳамда 2 та хусусий тадбиркор хўжалиги далаларига экилди. Қишлоқ хўжалик экинлари уруғини кўчма қобиқлаш қурилмасида экишга тайёрлаш юзасидан тавсия ишлаб чиқилди.
“Комбинациялашган дискли боронанинг саноат нусхаларини тайёрлаш ва ишлаб чиқаришга жорий этиш” лойиҳаси асосида комбинациялашган дискли боронанинг конструктив ҳужжатлари ва саноат нусхаси қайта ишланди ва дала синовлари ўтказилди. Комбинациялашган дискли боронани фермер хўжаликларида қўллаш бўйича тавсиялар берилди.
Мухтасар айтганда, институтимиз олимлари илмий изланишлари, тадқиқотлари қишлоқ хўжалигининг пахтачилик, ғаллачилик, мева-узумчилик ва бошқа соҳаларини янада ривожлантиришга, ер, сув, минерал ўғит ва моддий-техника ресурсларидан самарали фойдаланиш усулларини ишлаб чиқиш, аграр соҳада ислоҳотларни чуқурлаштириш, фермер хўжаликларининг иқтисодий кўрсаткичларини яхшилаш каби муҳим масалаларни ечишга қаратилган. Бу, ўз навбатида, мамлакатимиз иқтисодиётини мустаҳкамлашга, қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга, халқимиз фаровонлигини оширишга хизмат қилади.
Ойгул РАЗЗОҚОВА суҳбатлашди.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Нимаики яхшиликлар бўлса, аввало, фарзандларимизга раво кўрамиз.
01 янв 1970
Мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашда молия муассасалари фаолияти муҳим ўрин тутади....
01 янв 1970
Андижон шаҳридаги “Эко комфорт элегант” масъулияти чекланган жамиятида фаолият юритаётган ёш сафдошларимиз партиямизнинг инновацион тар...
01 янв 1970
Оҳалик тоғ ёнбағридаги маъмурчиликнинг тўкин дастурхонига айланган кўркам манзара экотуризм нуқтаси сифатида ҳам кўплаб хорижий сайёҳларни ўзига жа...