ЮРТ РАВНАҚИГА КАМАРБАСТАМИЗ

/
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва унинг замиридаги иқтисодий ўсиш кўп жиҳатдан ишлаб чиқаришга янги технологияни жорий этиш, инновацион ривожланиш, ресурслардан самарали фойдаланиш омилларига боғлиқ.
Айни пайтда иқтисодиётга хорижий инвестицияларни киритиш натижасида ишлаб чиқариш ва иқтисодиётнинг бошқа соҳаларида ижобий ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Ички имкониятлардан фойдаланиб, аҳоли ўртасида хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ҳам самарали механизмлардан бири экани аввалдан исботланган. Айниқса, оилавий касаначилик ва ҳунармандчилик халқимизнинг миллий қадриятларидан биридир. Мазкур соҳани ривожлантириш бўйича ўтган йиллар мобайнида қатор меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 ноябрдаги «Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони соҳада фаолият олиб бораётганларга кенг имконият ва имтиёзлар тақдим этди. Чунончи, ушбу фармонда молия муассасалари олдига ҳунармандларга имтиёзли кредитлар бериш талаблари қўйилган.
Мазкур фармон талабларини бажариш борасида «Микрокредитбанк» АТБнинг Қорасарой филиали томонидан қатор вазифалар амалга оширилмоқда. Жумладан, молия муассасаси ўз йўналишидан келиб чиқиб, жойларда ҳунармандчиликни ривожлантириш мақсадида 557,12 миллион сўм миқдорида 7-14 фоизли кредитлар ажратган.
Тадбиркорлар томонидан кредит олишга тақдим этилаётган ҳар бир ҳужжат-лойиҳа диққат билан ўрганилиб истиқболли, деб топилган лойиҳаларга қисқа муддатда маблағлар берилмоқда.
Банк филиали томонидан иқтисодиётнинг реал сектори, хусусан, тадбиркорлик субъектларининг лойиҳалари молиялаштирилиши натижасида юзлаб иш ўринлари яратилди. Бу, ўз навбатида, аҳоли даромадларининг ошишига хизмат қилмоқда.
Тошкент шаҳар Олмазор туманида рўйхатдан ўтган ҳунарманд Гулчеҳра Акромова филиалнинг имтиёзли кредитларидан бир неча йилдан буён фойдаланиб келаётган мижозлардан бири.
Ҳунарманд чинни буюмлар ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Унинг чинни буюмлари ишлаб чиқаришга зарур хомашё сотиб олиш учун банкка тақдим этган лойиҳаси ҳам қисқа муддатда молиялаштирилди. Яъни ҳунарманднинг мазкур лойиҳасига 40 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилди.
— Банк кредитлари ҳисобидан тадбиркорлик фаолиятимни йўлга қўйдим, — дейди якка тартибдаги тадбиркор Гулчеҳра Акромова. — Энди олаётган даромадим, сифатли хизмат эвазига фаолиятимни йилдан-йилга кенгайтираяпмиз. Харидорларга манзур бўладиган, хориж маҳсулотларидан кам бўлмаган чинни буюмларини ишлаб чиқаришга ҳаракат қилаяпмиз.
Президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан оилавий тадбиркорлик билан шуғулланаётганларга кенг имтиёзлар берилмоқда. Бу, ўз навбатида, аҳоли фаровонлигининг ошишига хизмат қилаётир. Мазкур банкдан имтиёзли кредит олган ўнлаб ёш оилалар ўз даромадларини ошириб, уй-жойли бўлишиб, фарзандларининг келажагини таъминлаяпти. Қисқа қилиб айтганда, кредитлар фуқароларнинг турмуш тарзини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
— Банк ходимлари зарур пайтда оилавий тадбиркорлик фаолиятимизни йўлга қўйиш учун кредит берди, — дейди Шайхонтоҳур туманида рўйхатдан ўтган якка тартибдаги тадбиркор Муҳаррамхон Ҳусанова. — Анчадан буён пойабзал тикиш билан оилавий шуғулланиб келамиз. Иш фаолиятимизни қонуний тартибда йўлга қўйиб, уни кенгайтирдик. Кейинги пайтларда ҳунармандчилик фаолияти билан шуғулланаётганларга имтиёзли кредит ажратилаётганини билиб, лойиҳамизни ушбу банк филиалига топширдик. Банк қисқа муддатда режамизни кўриб чиқиб, уни 51 миллион сўмга молиялаштирди. Ажратилган кредит эвазига зарур асбоб-ускуна ва технологияни харид қилдик. Бу пойабзал ишлаб чиқариш имкониятларини кескин оширди. Бундан ташқари, қўшимча иккита иш ўрни яратилишига замин бўлди.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, «Микрокредитбанк» АТБнинг Қорасарой филиали жамоаси ўз мижозлари ҳамда аҳолининг кенг қатламига малакали ва тезкор хизмат кўрсатиб, юрт равнақига камарбаста бўлиб келмоқда.
Бобиржон ТУНГАТОВ тайёрлади

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Тадбиркорлик ёки бизнес соҳасида даромад орттириш, ўзи ва ўзгалар рўзғорини фаровон қилишнинг сирлари кўп....
01 янв 1970
Солиқ тизимидаги янгиликлар, ўзгаришлар ҳеч кимни — тарбиркорларни ҳам, жисмоний шахс сифатида солиқ тўловчиларни ҳам бефарқ қолдирмайди.&nbs...
01 янв 1970
Ҳукуматимиз томонидан тасдиқланган дастурга мувофиқ барча ҳудудларда бўлгани сингари Самарқанд вилоятида ҳам ижтимоий ёрдамга муҳтож оилалар учун а...
01 янв 1970
Самарқанд вилоятида кўп тармоқли фермер хўжаликлари базасида қорамолчилик, паррандачилик, асаларичилик билан бир қаторда балиқчиликни ривожлантириш...