Балиқчилик ривожида ишончли молиявий таянч

/
Юртимизда қишлоқ хўжалигининг алоҳида тармоқларидан бири бўлган балиқчилик тармоғини ривожлантириш, парҳезбоп ва фойдали неъматни етиштириш ҳамда қайта ишлашни замонавий технологиялар асосида йўлга қўйиш юзасидан қатор ишлар олиб борилмокда.
Таъкидлаш жоизки, балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш, қадоқлаш технологияларини жорий этиш ва тармоқнинг экспорт салоҳиятини ошириш бугунги кунда муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Бунда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига асосан “Ипотека-банк” акциядорлик тижорат ипотека банки мамлакатимизда балиқчилик соҳасини ривожлантириш учун масъул этиб бириктирилган.
Бугунги кунда мамлакатимиздаги 3000 та балиқчилик хўжаликларининг асосий депозит ҳисобварақларига “Ипотека-банк” АТИБнинг ҳудудий филиаллари томонидан хизмат кўрсатилмоқда. Ўтган йили балиқ етиштиришга доир 437 лойиҳага 166,4 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Хорижга экспорт қилинган балиқ маҳсулотлари эса 446,1 тонна, яъни 1,4 миллион АҚШ долларини ташкил қилди.
Фермерлар балиқ етиштиришнинг интенсив усулидан кенг фойдаланаяпти. Ёпиқ сув айланиш тизими, интенсив кичик сув ҳавзалари, қафас (садок) ва «Шоли+балиқ» усулларида етиштирилган балиқлар инсон саломатлиги учун фойдали экани эътироф этилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 2-3 май кунлари Наманган вилоятига ташрифи давомида банк раҳбарларига «Ипотека сармояси» МЧЖ қошида балиқчилик соҳасида илмий ишларни амалга ошириш ва балиқчилик хўжаликларига илмий ишланмалари билан хизмат кўрсатадиган «Балиқчилик илмий маркази» ташкил қилиш вазифаси юклаган эди. Айни пайтда ушбу марказ фаолиятини йўлга қўйиш ва илмий маълумотларнинг назарий асосларини амалиётга изчил татбиқ этиш йўлида бир қатор чора-тадбирлар белгилаб олинди. Бу борада Хитойнинг Хэйлунцзян балиқчилик илмий-тадқиқот институти профессорлари иштирокида олиб борилаётган музокараларда соҳа ривожида илмий ишланмаларнинг ўрни ва аҳамиятига алоҳида урғу берилмоқда. Қайд этиш лозимки, мазкур институтнинг асосий фаолияти осетр ва карп турдаги балиқларни етиштириш бўйича тадқиқотлар олиб боришга қаратилган.
Институт олимлари республикамиз ҳудудидан Орол мўйловдори (Аральский усач) ва Туркистон мўйловдори (Туркистанский усач) балиқларини Хитойнинг Харбин провинциясига олиб бориб маҳаллийлаштиришга эришган. Хитойлик олимлар ушбу турдаги балиқлар устида илмий тадқиқотлар ўтказиб, самарадорликни янада ошириш бўйича янги технология ишлаб чиқишган. Ҳозирги кунда бу икки балиқ тури Хитойда энг қиммат балиқ турлари қаторига киради.
Ўзбекистонда Орол мўйловдори ва Туркистон мўйловдори балиқлари Орол денгизининг сатҳи торайиши ва Амударё ирмоқларида тўғон, сув омборлари, каналлар қурилиши ҳисобига кескин камайиб кетганлиги сабабли “Қизил китоб”га киритилган.
Хэйлунцзян институти билан ҳамкорликда Ўзбекистонда осетр, карп, Орол мўйловдори ва Туркистон мўйловдори балиқларини кўпайтириш технологиясини жорий қилиш сифатли балиқ махсулотларини кўпайтиришга хизмат қилади.
Балиқ етиштирувчиларни молиявий қўллаб-қувватлаш натижасида мамлакатимизда сўнгги йилларда балиқ етиштириш ҳажми кескин ортди. Бу борада банк томонидан балиқчилик хўжаликларини молиявий қўллаб-қувватлашининг самарали механизмлари амалиётга изчил татбиқ этилаётгани муҳим аҳамият касб этаяпти. Жумладан, «Ипотека-банк» АТИБ балиқчилик билан шуғулланаётган хўжаликларга лизинг хизматлари кўрсатишни йўлга қўйган. Ушбу мақсадда “Ipoteka-Leasing” лизинг компанияси ташкил этилди.
Бундан ташқари, банк мутахассислари балиқ етиштириш ва соҳани молиялаш механизмларини ўрганиш мақсадида Seafood Expo Global/Seafood Processing Global анъанавий кўргазмаси ташкилотчиларининг таклифига биноан, Бельгия пойтахти Брюссел шаҳрида бўлиб қайтдилар. Seafood Expo Global/Seafood Processing Global кўргазмаси балиқ, денгиз маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, қадоқлаш, сақлаш ва уларнинг сифатини назорат қилиш бўйича энг янги технология ва ускуналар билан танишиш имкони мавжуд бўлган майдонча ҳисобланади.
Seafood Expo Global/Seafood Processing Global – халқаро балиқ саноати кўргазмаси Европа ҳудудида ушбу тармоқ бўйича муҳим воқеа ҳисобланади. Кўргазма дунёнинг 78 мамлакатидаги 28 500 мутахассисни бирлаштирди. Унда 1946 та балиқ овлаш компаниялари, балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш ташкилотлари, соҳага оид илмий тадқиқот компаниялари ва ташкилотлар вакиллари иштирок этдилар.
Анжуманда вакилларимиз жаҳонда балиқчилик тармоғининг нуфузли — Исландиянинг “Marel”, Американинг “Nothum”, Голландиянинг “Anova” сингари етакчи балиқни қайта ишлайдиган компаниялари, Голландиянинг балиқлар озуқасини ишлаб чиқарувчи “Coppens”, Исроилнинг ёпиқ сув таъминоти қурилмаларини қурувчи “Aqua maof”, Туркиянинг сунъий ҳовузларни ишлаб чиқарувчи “Akvaplast” каби йирик компаниялари билан балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича тажриба алмашдилар.
Музокаралар якунида ёпиқ сув таъминоти қурилмаларини қуриш бўйича дунёда етакчи ўринлардан бирини эгалланган Исроилнинг “Aqua maof” компанияси билан ҳамкорлик қилишга доир битимни имзоланди. Ушбу компания мутахассислари ўзбек ҳамкасбларига энг арзон нархда балиқ ва денгиз маҳсулотларини етиштириш имконини берадиган технологияларни етказиб беришга тайёр эканликларини билдирдилар. Жорий йилнинг ўзида Исроил компанияси билан шерикликда бир нечта қўшма лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган. Улар орасида Сирдарё вилоятининг “Sirdaryo Fish Technology” масъулияти чекланган жамияти негизидаги сув ҳавзасида интенсив технологиялардан фойдаланган ҳолда, 4000 тоннали балиқ маҳсулотларини ишлаб чиқаришга оид лойиҳани алоҳида таъкидлаш зарур. Шунингдек, балиқлар учун энг сифатли озуқа ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги етакчилардан бири бўлган Голландиянинг “Coppens” компанияси билан ҳам балиқ озуқасини мамлакатимизга мақбул нархларда етказиб бериш бўйича келишиб олинди. Бундан ташқари, “Ипотека-банк” ҳудудларда балиқ етиштириш ва қайта ишлаш бўйича қўшма корхоналарини кўпайтириш мақсадида Хитой, Вьетнам, Индонезия давлатларнинг тажрибали мутахассисларини юртимизга жалб этган. Уларнинг илғор технологияларини мамлакатимиздаги балиқчилик хўжаликларда кенг татбиқ этиш юқори самара бераяпти.
Соҳада тизимли ишларнинг амалга оширилиши натижасида сунъий сув ҳавзаларида 74,8 минг тонна, табиий сув ҳавзаларида 33,8 минг тонна, қафас (садок) мосламаларида 13,3 тонна, интенсив кичик сув ҳавзаларда 7,9 минг тонна, сунъий сув айланиш тизими (УЗВ) да 4,8 минг тонна, сувли майдонларда 15,4 минг тонна, жами 150 минг тонна балиқ овланиши кутилмоқда. Ўз навбатида, жорий йил якунига қадар 2 миллион АҚШ доллари қийматидаги балиқ маҳсулотлари хорижга экспорт қилинади.
Балиқ етиштириш хўжаликлари ва бошқа тамоқларни кредитлаш борасида ҳам ҳудудларда қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, “Ипотека-банк” АТИБнинг Наманган вилоят филиали томонидан хонадон шароитида иш билан банд бўлиш учун 870 та фуқарога 6,5 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағлари ажратилди. Бундан ташқари, Норин тумани, Учқўрғон тумани, Уйчи туманларида дарё қирғоқларида яшовчи фуқароларга ҳам хонадон шароитида балиқ боқиш, балиқчиликни ривожлантириш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
— Ўғлим уй шароитида балиқ етиштиришга қизиқиб қолгани учун ушбу банкка моддий ёрдам сўраб мурожаат қилдик, — дейди Норин туманида яшовчи фуқаро Муаззам Раҳматуллаева. — Дастлаб бизга балиқчилик хўжалиги ташкил этиш учун 17 миллион сўм кредит берилди. Олинган маблағ ҳисобига Африка лаққалари боқишни йўлга қўйдик. Бошланишида 4 та бассейнга 2000 та балиқ олдик. Балиқларнинг ҳар 10 кунда суви алмаштирилиб, дорилаб турилар экан. Вақтида сувини алмаштириб, озуқасини вақтида бериб борсангиз, 6 ойда битта балиқ чавоғи 3 килограммгача тош босар экан. Учинчи ҳовузни ҳам тайёрлаб қўйдик. Балиқлар бир ойлик бўлгандан кейин учинчи ҳовузга оламиз. Уч ойлик бўлганда эса тўртинчи ҳовузга ўтказамиз. Ҳар бир ҳовузга 500 тагача балиқ сиғади. Бу йил яхши даромад қилсак, кейинги йилга шу ердан бетонли ҳовузлар қурмоқчимиз. Оқ амур, дўнгпешона, сазан каби балиқлар аллақачон xалқимиз томонидан севиб истеъмол қилинадиган парҳез таомга айланган. Лекин Африка лаққаларининг таъми бошқача. Уларни парваришлаш ҳам ўзига хос тарзда олиб борилади. Сунъий ҳовузлардаги сувнинг иссиқлиги меъёрида бўлиши керак. Ҳовузга ташланган чавоқлар ҳар куни 5 маҳалдан овқатлантирилади.
Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда аҳолининг балиқ маҳсулотларига бўлган эхтиёжини таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган бундай саъй-ҳаракатлар инсон саломатлиги учун зарур бўлган парҳезбоп маҳсулотларни кўпайтириш, тадбиркорликнинг янги йўналишларини ривожлантириш, шунингдек, жойларда янги иш ўринлари яратишга хизмат қилади.
Банк ахборот хизмати

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Тадбиркорлик ёки бизнес соҳасида даромад орттириш, ўзи ва ўзгалар рўзғорини фаровон қилишнинг сирлари кўп....
01 янв 1970
Нимаики яхшиликлар бўлса, аввало, фарзандларимизга раво кўрамиз.
01 янв 1970
Айни пайтда иқтисодиётга хорижий инвестицияларни киритиш натижасида ишлаб чиқариш ва иқтисодиётнинг бошқа соҳаларида ижобий ўзгаришлар амалга ошири...
01 янв 1970
Ёшлар бандлигини таъминлашда ташаббускорларни қўллаб-қувватлашнинг ҳаётий аҳамияти бор....