Солиқ имтиёзи нархларни арзонлаштирди

/
Ҳукуматимиз томонидан тасдиқланган дастурга мувофиқ барча ҳудудларда бўлгани сингари Самарқанд вилоятида ҳам ижтимоий ёрдамга муҳтож оилалар учун арзонлаштирилган нархлардаги янги турар жой бинолари қуриш жадал давом эттирилмоқда. Шаҳарсозликни мувофиқлаштириш кенгашидан олинган маълумотга кўра, бу йил 1638 та хонадондан иборат ана шундай уй-жойларни қуриб, ўз эгаларига топшириш белгиланган.
Ҳозир вилоятдаги ўттиздан ортиқ қурилиш компаниялари бош пудратчи сифатида бу ишга жалб этилган бўлиб, улар лойиҳани амалиётга мукаммал татбиқ этишга ҳаракат қилишмоқда. Табиийки, арзонлаштирилган уйларни тез ва соз, яъни талаб даражасида барпо этиш арзон ҳамда сифатли қурилиш хомашёси узлуксиз етказилишига боғлиқ.
— Мустақиллик байрами арафасида бир қатор арзонлаштирилган уй-жойлар фойдаланишга топширилиб, мингта хонадон аҳли ўз янги уйига эга бўлишади, — дейди “Қишлоққурилишинвест”нинг вилоят филиали бош муҳандиси Одил Мухторов. — Биз билан шартнома тузган ҳар битта бош пудратчи қурилиш ишларига катта масъулият билан ёндашмоқда. Хомашё, молиялаштириш масалаларида муаммо келиб чиқишига йўл қўйилмаяпти.
Арзонлаштирилган турар-жойлар учун Самарқанд шаҳридаги “Парвозпроектсервис” ташкилоти мукаммал лойиҳалар яратмоқда. Ташкилот раҳбари Азиз Боқиевнинг таъкидлашича, бугунги кунда жамоа лойиҳаси асосида 300 дан зиёд хонадонлар учун янги тураржойлар қурилмоқда. Бу лойиҳаларда ҳам замонавий меъморчилик, кўркам дизайн ва қулайлик жиҳатлари ҳисобга олинган.
Самарқанддаги ўнлаб кичик бизнес корхоналари қурилиш ташкилотлари билан тузилган шартномага мувофиқ таъминотчилик вазифасини бекаму кўст уддалашга муваффақ бўлишмоқда.
“Строймастерсмес” масъулияти чекланган жамиятининг қурилиш хомашёси ишлаб чиқариш корхонаси қурувчиларнинг ана шундай ишончли шерикларидан.
— Биргина Самарқанд шаҳридаги арзонлаштирилган уй-жойларни бунёд этаётган ўнта қурилиш ташкилоти билан хомашё таъминоти бўйича шартнома тузганмиз, — дейди кичик корхона раҳбари Мақсуд Ҳамидов. — Шунга мувофиқ ҳар ойда уларга 200 миллион сўмлик 11 хилдаги бўяш ва пардозлаш ашёлари етказиб бераяпмиз. Хомашё ишлаб чиқаришда ўз брендимизга эга эканлигимиз ва сифатни бир зайлда сақлаб келаётганимиз буюртмачилар томонидан эътироф этилмоқда. Қурилиш бозорида юқори талабга эга маҳсулотларимиз арзонлаштирилган нархларда сотилишининг сабаби ҳукумат қарорига мувофиқ шундай хомашёни етказиб беришдаги солиқ тўловларидан озод этилганимизда. Демак, ишлаб чиқарувчиларнинг манфаатлари ҳисобга олинаётгани бизнинг кичик корхона сифатидаги таъминотчилик вазифамизни аниқ ва изчил бажаришимизга ва иқтисодий юксалишимизга имкон бермоқда.
Дарвоқе, “Строймастерсмес” Европа технологияси билан жиҳозланиб, юқори даражада модернизациялаштирилгани боис бу ерда бозор рақобати шартларига тўла жавоб берадиган маҳсулот тайёрлашга ва буюртмачилар рўйхатини тобора кенгайтиришга муваффақ бўлишмоқда. Ҳозир элликдан ортиқ қурилиш ташкилотлари шартнома асосида корхона хомашёсидан фойдаланмоқда. Ўз навбатида, Тошкентдаги “Магма гроуб”, Жомбой туманидаги “Бимакс билдинг” корхоналари ва Бекобод цемент заводи сифатли гипс, кальций, цемент етказиб бериш билан Самарқанддаги бу рақобатбардош корхонанинг тўлиқ маҳаллийлаштириш дастури асосида ишлашига ва таннархни арзонлаштиришига кўмакдош бўлишмоқда. “Ипотека-банки” томонидан ажратилаётган кредит маблағлари эса янги техника ва технологиялар харид қилиб, ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш имкониятини яратмоқда. Шу йил ҳисобидан олинган 300 миллион сўмлик кредитга корхона янги юк автомашинаси харид қилди ва хомашёни буюртмачининг манзилига етказиб берадиган бўлди. Бу ҳам рақобатда устунликнинг муҳим шарти, дейиш мумкин.
Зоҳир ТЎРАҚУЛОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
“Қишлоқ қурилиш банк” акциядорлик-тижорат томонидан кўрсатилаётган хизматлар кўлами йилдан-йилга кенгайиб бормоқда....
01 янв 1970
Бозору дўконларнинг пештахталарига дид билан териб қўйилган қизил, оқ, сарғиш олма, нокларни кўриб кўзингиз қувонади. ...
01 янв 1970
Тадбиркорлик ёки бизнес соҳасида даромад орттириш, ўзи ва ўзгалар рўзғорини фаровон қилишнинг сирлари кўп....
01 янв 1970
Корхонада жорий этилган энг янги замонавий технологиялар ва ҳамма учун бир хилда яратилган қулай ижтимоий шарт-шароитлар эса меҳнат унумдорлигига, ...