Тайёргарлик ишлари қизғин

/
Мамлакатимизнинг барча ҳудудлари каби Наманган вилоятида ҳам шу йил май-июнь ойларида ўтказиладиган фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловига тайёргарлик қизғин давом этмоқда. Хусусан, сайловни ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи комиссияларнинг таркибида халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашлари депутатлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари борлиги эътиборга молик.
Ушбу ижтимоий-сиёсий кампанияда вилоят бўйича 882 нафар фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг 9600 дан зиёд маслаҳатчиларини сайлаш режалаштирилган.
Мазкур сайловларга тайёргарлик кўришда Ўзбекистон “Адолат” СДП аъзолари ҳам фаол қатнашмоқдалар. Партиядошларимизни сайловни ўтказишга кўмаклашувчи комиссиялар ва ишчи гуруҳлари таркибида кўплаб учратиш мумкин. Улардан бири халқ депутатлари Тўрақўрғон туман Кенгашидаги “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи раҳбари Эркин Эргашевдир. У айни пайтда ушбу маҳаллий Кенгашда қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш доимий комиссиясининг раиси ҳам ҳисобланади. Халқ депутатлари туман Кенгашининг қарорига биноан шу кунларда фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссиянинг раиси сифатида иш олиб бормоқда.
— Бугунги кунда маҳалла фуқаролик жамияти таркибидаги муҳим бўғинлардан бирига айланди, — дейди Э.Эргашев. — У ҳар бир кишининг ҳаётида муҳим роль ўйнайди, одамларни ягона мақсад йўлида бирлаштиради. Бу тизимни шарқона демократиянинг кўринишларидан бири, деб бежиз айтишмайди. Чунки маҳалла ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларини ҳал этишда, фуқароларнинг турмуш фаровонлигини юксалтиришда, уларни кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликка жалб этишда муҳим ўрин тутади.
Туманимизда 77 та ўзини ўзи бошқариш органлари фаолият кўрсатади. Уларни бошқаришга халқ орасида обрў-эътиборли, қадр-қиммати баланд, кўпчиликни ортидан эргаштира оладиган, ташаббускор инсонларни танлаб олишини таъминлаш олдимизда турган энг муҳим вазифадир.
Ишчи гуруҳларига тегишли ҳудудда доимий яшовчи фуқароларнинг фикрини инобатга олиш, номзодлар билан учрашувлар ташкил этиш, уларнинг дастурлари билан яқиндан танишиш учун шарт-шароитлар яратиш бўйича йўл-йўриқлар берилди.
Сайловларга пухта тайёргарлик кўриш учун аҳоли ўртасида тарғибот-ташвиқот ишлари янада кучайтирилмоқда. Бу борада оммавий ахборот воситаларининг фаолияти алоҳида аҳамият касб этади. Ушбу масала бўйича “Янгиқўрғон ҳаёти” газетаси муҳаррири, халқ депутатлари туман Кенгашидаги “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзоси Дилбар Асқарова шундай дейди:
— Ҳамкасбларимиз билан биргаликда яқинда Андижон шаҳрида бўлажак сайлов кампаниясига бағишланган масалаларни ёритишда оммавий ахборот воситаларининг ролига бағишланган минтақавий семинарда қатнашдик. Бу анжуманда ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этишда ошкоралик ва очиқликни таъминлашнинг аҳамияти ҳақида фикрлар билдирилди. Демак, биз журналистларнинг зиммамиздаги масъулият ниҳоятда катта. Биз шу кунларда фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссия ҳамда ишчи гуруҳларининг фаолиятини ёритишга алоҳида эътибор бермоқдамиз. Сайловларнинг қандай ўтишини газетамиз саҳифаларида ёритиш бўйича эса алоҳида режа ишлаб чиқдик. Ижодий жамоамиз белгиланган вазифаларни муваффақиятли бажариш учун барча имкониятларни ишга солади.
Нурбек АБДУЛЛАЕВ,
“Adolat” мухбири
 
Муносиб номзодлар танланади
Жиззах вилоятида фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловининг ташкилий-ҳуқуқий асосларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Семинарда таъкидланганидек, мамлакатимизда “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилининг изчил ҳаётга татбиқ этилиши натижасида маҳаллаларнинг ҳаётимиздаги ўрни ва нуфузи йилдан-йилга мустаҳкамланиб бораётир. Тадбир иштирокчилари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари энг муносиб фуқаролар ичидан сайланиши лозимлиги хусусида сўз юритдилар.
— Жорий йилнинг май-июнь ойларида бўлиб ўтадиган сайловларнинг аввалгилардан фарқи шундаки, бу жараёнда сайловлар давлат ва жамият қурилишининг барча жабҳаларини демократлаштириш ва либераллаштириш, кучли фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнлари чуқурлашиб бораётган, сифат жиҳатидан янги ижтимоий-иқтисодий ҳамда ижтимоий-сиёсий шароитда бўлиб ўтиши билан аҳамиятлидир, — дейди фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи вилоят комиссияси раиси Баҳром Мамажонов. — Бўлажак сайловларда вилоятимиз бўйича 304 нафар фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва уларнинг 3 минг нафардан ортиқ маслаҳатчиси сайланиши режалаштирилган. Бу вазифага обрў-эътиборли, ташаббускор, ҳаётий тажрибага эга ва ҳар томонлама муносиб номзодларни кўрсатишимиз керак бўлади.
Семинарда кўмаклашувчи комиссиялар ҳамда ишчи гуруҳларининг ваколатлари, фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари лавозимларига номзодлар учун қонунчиликда белгиланган талаблар, сайловни ташкил этиш ҳамда ўтказиш жараёнидаги устувор вазифалар хусусида батафсил фикрлашиб олинди. Муҳими, бу масалалар мутахассислар томонидан чуқур таҳлил қилиб берилди.
— Барча ташкилий ишлар белгиланган тартибда олиб борилмоқда, — дейди Жиззах шаҳар “Қассоблик” маҳалла фуқаролар йиғинидаги ишчи гуруҳ раиси Қаршигул Ҳайдарова. — Сайловни юқори савияда, уюшқоқлик билан ўтказиш учун зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Муқимбой ИСМОИЛОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Шу пайтгача ҳам бу ердаги саноат корхоналарида олимлар томонидан турли ихтиролар, ишланмалар, кашфиётлар ҳаёт талаби билан яратилар, қисман ишлаб ч...
01 янв 1970
ЙЎЛ ХЎЖАЛИГИНИ БОШҚАРИШ ТИЗИМИНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 15 февраль куни мамлакатимизда амалий ташриф билан бўлиб турган АҚШнинг «Женерал ...
01 янв 1970
Партиямизнинг Сиёсий ва Сайловолди дастурлари лойиҳаси муҳокамасига бағишланган тадбирларда, оммавий ахборот воситаларида кўплаб фикр-мулоҳазалар б...