Ўзбекистоннинг тинчликпарвар сиёсати барқарор ривожланиш асоси

/
Инсон бахти учун зарур моддий ва маънавий неъматларга, аввало, тинчлик орқали эришилади. Зеро, тинчлик бор жойда буюк ва эзгу орзулар дилларга ошно бўлади, уларнинг рўёбига интилади. Эзгу режалар бисёр, саховат йўлидаги ҳаракатлар амалга оширилаётган юрт тинчлик барқарор ўлкадир.
Шундай экан, юрти тинч, кўнгли хотиржам халққа тўю тантаналар, шодлигу хуррамлик ярашади, байрамлар татийди, аҳиллик ва тотувлик, қут ва барака ҳамдам бўлади. Халқимиз бу олий неъматни доим улуғлаб келишининг, ҳар сафар дуога қўл очганда Яратгандан, аввало, эл-юртга тинчлик ва осойишталик, фаровонлик ва ободлик тилашининг сабаби ҳам шунда.
Холиджон КОМИЛОВ,
Ўзбекистон Қаҳрамони,
Олий Мажлис Сенати аъзоси

Маълумки, бугунги кунда Ўзбекистон олиб бораётган тинч қўшничилик, ижтимоий ҳамкорлик сиёсати жаҳондаги 180 дан ортиқ давлат томонидан тан олиниб, умумэътироф этилмоқда. Ўзбекистон тинчликпарвар сиёсатининг асл негизи қонунларимизда белгилаб қўйилган. Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 17-моддасида мустаҳкамлаб қўйилганидек, “Ўзбекистон Республикаси халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъектидир. Унинг ташқи сиёсати давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегараларнинг дахлсизлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик қоидаларига ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган бошқа қоидалари ва нормаларига асосланади”.
Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, “Мудофаа тўғрисида”ги, “Терроризмга қарши кураш тўғрисида”ги, “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг миллий хавфсизлик концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий фаолияти концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қатор қонунлар мамлакатимизда тинчлик, осойишталик ва барқарорликни таъминлашнинг, фуқаролар, турли миллат ва элатлар ўртасидаги аҳиллик, ҳамжиҳатликнинг ҳамда халқимиз бахтли ҳаётининг муҳим омили бўлиб хизмат қилмоқда.
Президентимиз Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилиб, ҳаётга изчил татбиқ этилаётган ривожланишнинг “ўзбек модели” муваффақиятининг бош омили ҳам юртимизда тинч ва осойишта ҳаёт барқарор таъминланаётганидадир. Буни дунё ҳамжамияти эътироф этмоқда. Чунончи, Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот ўсиши саккиз фоиздан кам бўлмай келаётгани Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси, Осиё тараққиёт банки каби йирик халқаро молия муассасаларининг эътиборига тушган. Улар сингари кўплаб хорижий сармоядорлар мамлакатимиз иқтисодиётига инвестиция киритишга ҳаракат қилмоқда. Бунинг учун юртимизда барча шарт-шароитлар, энг муҳими, даромад олиш, ривожланиш ва тинч фаолият юритиш кафолати бор. Юртимизда ишлаб чиқаришнинг юксалаётгани, бунёдкорлик ва фаровонликнинг бош омили эса тинч-осуда ҳаёт эканига шак-шубҳа йўқ.
Мамлакатимизнинг қаерига борманг, бунёдкорлик, ободончилик ишларининг гувоҳи бўласиз. Зотан, обод, саришта жойда қут-барака бўлади. Бетакрор диёримизнинг кўрку тароватини ўзида намоён этган пойтахтимизнинг шукуҳига шукуҳ қўшаётган кенг ва равон йўллар, кўприк ва транспорт боғламалари барчанинг эътиборини ўзига тортади. Фахр билан таъкидламоқ лозимки, бундай хайрли ишлар, тинчлик ва тараққиётнинг ҳаётбахш самараси йил сайин чирой очиб бораётган қишлоқларимиз қиёфасида ҳам ўз аксини топмоқда. Бугун қишлоқ аҳли замонавий лойиҳалар асосида бунёд этилаётган кўркам тураржойларда истиқомат қилмоқда. Янги массивларда шарқона усулда, халқимизнинг миллий ҳаёт тарзи, табиий иқлим шароити, замонавий муҳандислик коммуникациялари билан уйғун ҳолда, баҳаво, ёруғ, кенг ва қулай қилиб тикланаётган уй-жойлар қурилиши кўлами жорий йилда ҳам янада кенгайгани халқимизнинг ҳеч кимдан кам бўлмай яшаши, муносиб ҳаёт кечиришига хизмат қилаётир. Шунинг натижаси ўлароқ, ҳозирги қишлоқларимизни шаҳарлардан ажратиш мушкул. Улар ҳар томонлама тенглашиб бормоқда. Энг чекка қишлоқларда бунёд этилган иморатлар ҳам дунё талаби даражасида экани ҳам фикримизнинг яққол далилидир.
Инсоннинг инсон сифатида эмин-эркин яшашига имкон яратадиган тинчлик ва тотувлик ўз-ўзидан келмайди. Бинобарин, салкам йигирма беш йиллик мустақил тараққиётимиз йўлида элу юртимиз қанчадан-қанча оғир синовларни бошдан кечирганини унутиб бўлмайди.
“Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” китобида қайд этилишича, 1989 йилнинг май ойида Фарғона вилоятида бузғунчи кучлар томонидан ташкил этилган оммавий тартибсизликлар июннинг охирига келиб ниҳоятда авж олиб кетади. 25 июнь куни эса Ислом Каримов жанжал-тўполонлар алангаси ичида қолиб кетган Фарғонага йўл олади. Ловиллаб ёнаётган уйлар, таҳлика ва саросимага тушган шаҳар ва қишлоқлар, қаҳр-ғазабга тўлган одамларнинг ичига дадил кириб боради. Улар билан чин дилдан, ҳеч нарсани яширмасдан очиқ гаплашади. Бу инсонларнинг шу вақтга қадар ҳеч ким эшитмаган оҳу нолаларини тинглаб, ўзининг юракдан чиққан самимий ва ҳаққоний сўзлари билан бамисоли уларнинг қалбидаги жароҳатларга малҳам қўйгандек бўлади, кўнгилларда сўнган умид учқунларини уйғотади. Тартиб-интизомни тиклаш, қон тўкилишининг олдини олиш бўйича бутун масъулиятни ўз зиммасига олиб, аниқ чора-тадбирлар кўради. Давлатимиз раҳбари бу ишларни битта ният билан – олдида турган қора кўзларнинг ҳаёти, тинчлиги, равнақини таъминлаш мақсадида қилди.
Президентимиз томонидан ана шундай қатъият ва жасорат билан олиб борилаётган оқилона сиёсат сабаб мамлакатимизда тинчлик ва осойишталик барқарор бўлиб турибди. Бироқ ён-атрофимизга уйғоқ назар ташласак, дунёнинг турли давлатларида нотинчлик сабаб одамлар жисман ва маънан эзилаётганига, инсон қадри топталаётганига гувоҳ бўламиз. Бу мамлакатларда деярли ҳар куни бегуноҳ инсонларнинг қони тўкилаётир. Мактаблар, шифохоналар, маданият ва маърифат масканлари, йирик ишлаб чиқариш иншоотлари, аҳоли турар жойлари харобага айланмоқда.
1993 йилдаёқ давлатимиз раҳбари БМТ минбаридан туриб, дунё аҳли эътиборини Афғонистон можаросига жалб этганди. Президентимиз кўплаб халқаро конференцияларда Афғонистондаги вазиятни фақат ҳарбий куч ишлатиш орқали ўнглаб бўлмаслигини, бу мамлакатда тинчлик ўрнатиш учун қарама-қарши томонларни муросага келтириш, қатор иқтисодий ва гуманитар масалаларни ҳал қилиш, халқнинг урф-одатларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш зарурлигини таъкидлаб келади. Халқаро экспертлар бу фикрлар нақадар тўғри эканини қайд этмоқда. Вақтнинг ўзи Президентимизнинг сўзлари нақадар ҳаётий, ҳаққоний эканини исботламоқда.
Ўзбекистон халқи тинчликни юксак қадрлайди ва ўз орзу-интилишлари, эзгу ниятлари рўёбга чиқишининг муҳим кафолати деб билади. Давлатимиз раҳбари раҳнамолигида истиқлол йилларида эришган энг катта бойлигимиз халқимизнинг тинч ва осуда ҳаётидир. Жамиятимизда қарор топган ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва бағрикенглик каби олижаноб фазилатлар, миллий ва умумбашарий қадриятларга уйғун яшаш тамойили янада мустаҳкамланиб бораётир. Зотан, осойишта ҳаёт, аввало, бу одамлар ўзаро аҳил-иноқ яшаб, яхши кунларини баҳамжиҳат ўтказишидир.
Оммавий ахборот воситалари орқали дунёнинг айрим мамлакатларида бўлаётган нотинчлик, уруш-тўполон, тартибсизликларни кузатар эканмиз, она заминимиздаги тинч ҳаёт, мусаффо осмон билан фахрланамиз. Бугунги кунда Шимолий Африка, Шарқий Европа, Яқин Шарқ минтақасидаги баъзи мамлакатлар халқларининг ҳаловати бузилган. Сайёрамизнинг турли минтақаларида рўй бераётган бундай мудҳиш воқеаларга уйғоқ кўз, теран тафаккур билан қараш ва баҳо бериш лозим. Бу муаммоларга менинг дахлим йўқ, деган тушунча билан яшашнинг, бепарво ва лоқайдлик билан қарашнинг даври ўтган. Инсон қалбини тилка-пора қиладиган қонли можаролар тўсатдан пайдо бўлиб қолмаганини, ушбу мамлакатларга нисбатан узоқ йиллар давомида аниқ мақсадга қаратилган ахборот хуружлари олиб борилганини эътибордан соқит қилиб бўлмайди. Хунрезликлар, ғалаёнлар ортида қандай ғаразли мақсад яширинганини соғлом фикрловчи ҳар бир инсон тушуниб турибди.
Юрт тинчлиги — улуғ неъмат, барқарор тараққиёт гаровидир. Шу боис, бу буюк неъматни кўз қорачиғидек асраш ҳар бир фуқаронинг биринчи галдаги вазифаси бўлиб қолиши лозим. Зотан, тинчлик ва барқарорлик ҳукмрон бўлган мамлакатдагина илм-фан, маданият юксак тараққий этиши, бунёдкорлик ишлари ривож топиши, юрт гуллаб-яшнаши мумкин. 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Аёл — оилавий ҳаёт иморатининг асосий устунларидан бири. 
01 янв 1970
— Якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятини текшириш муддати ҳақида маълумот берсангиз?...
01 янв 1970
Меҳнат шартномасида иш вақтимиз соат 9:00 дан 18:00 гача деб белгиланган бўлса ҳам, айрим ҳолларда ташкилотимизда кечгача қолиб кетамиз.ли вафот эт...
01 янв 1970
ҚУРБОН ҲАЙИТИНИ НИШОНЛАШ ТЎҒРИСИДА