Синовдан ўтган дўстлик ва унинг янги уфқлари

/
Ўзбек ва хитой халқлари ўртасидаги ўзаро муносабатлар тарихи узоқ асрларга, қадимги Буюк ипак йўли юзага келиши ва ривожланиши даврига бориб тақалади. Бугунги кунда ҳам икки давлат ўртасидаги алоқалар Дўстлик, ҳамкорлик ва шериклик муносабатлари тўғрисидаги шартнома ҳамда Стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларация руҳида барча соҳаларда ривожланмоқда.
Ўзаро манфаатдорликка асосланган ҳамкорлик муносабатларнинг барча йўналишларини қамраб олган. Давлат раҳбарларининг ўзаро ишончга асосланган шахсий мулоқотлари бунда муҳим омил бўлмоқда. Олий даражадаги учрашувлар ва ташрифлар мунтазам амалга оширилмоқда.
Президентимизнинг таклифига биноан Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг 21-24 июнь кунлари мамлакатимизга давлат ташрифи доирасида амалга оширилган учрашув ва мулоқотлар давлатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли алоқалар тарихида янги босқични бошлаб бериши шубҳасиз.
Таъкидлаш лозимки, давлатлараро муносабатларда, айниқса, парламентлараро алоқалар ривожида давлат раҳбарларининг парламентга шахсан ташрифи камдан-кам учрайдиган ҳолат саналади. Шу маънода Президент Ислом Каримов ҳамроҳлигида Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасига қилган ташрифи парламентимиз тарихида унутилмас воқелик бўлди.
Мазкур учрашув чоғида ХХР Раиси жаноб Си Цзиньпиннинг икки давлат ўртасидаги алоқалар, парламентлараро муносабатлар, манфаатли ҳамкорлик истиқболлари ҳақида сўзлаган нутқи ва билдирган фикр-мулоҳазалари биз, депутатлар ва сенаторларда катта таассурот қолдирди. Хусусан, олий мартабали меҳмоннинг давлатларимиз ўртасидаги алоқаларнинг тарихи, халқимизнинг меҳмондўстлиги, Буюк ипак йўлида жойлашган Самарқанд, Бухоро, Тошкент каби қадимий шаҳарларимиз, Алишер Навоий, Имом ал Бухорий, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек каби буюк алломаларимизнинг инсоният тамаддунига қўшган улкан ҳиссалари, мустақиллигимизнинг 25 йиллиги, ўтган даврда эришган натижаларимиз ҳақида билдирган илиқ фикрлари бизни жуда қувонтирди. Айниқса, Хитой раҳбарининг ишлаб чиқаришга инвестицияларни жалб этиш, замонавий ахборот-коммуникацион технологиялар, илм-фан, туризм, соғлиқни сақлаш, ижтимоий-гуманитар, экология соҳалари учун малакали мутахассис кадрларни тайёрлаш йўналишларида ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича билдирган амалий таклифлари Ўзбекистон “Адолат” СДП дастурий ғояларига ҳамоҳангдир.
Учрашувда сўзга чиққан Президент Ислом Каримов икки давлат ўртасидаги алоқаларнинг истиқболига алоҳида тўхталар экан, Хитой бугунги кунда дунёдаги энг ривожланган давлатлардан бири эканлиги, уни янада тараққий эттиришда асосий ислоҳотчи бўлаётган давлат раҳбарининг саъй-ҳаракатларини алоҳида эътироф этди. Айниқса, янада жадал ривожланиш учун тўсқинлик қиладиган коррупцияга қарши курашиш, иқтисодий ўсишнинг юқори суръатларини сақлаб қолиш ва инновацияларни ривожлантириш борасидаги Хитой тажрибасига эътибор қаратди.
Давлатимиз раҳбари бугунги кунда Хитой Халқ Республикасининг дунё сиёсий-иқтисодий майдонида тутган ролига юксак баҳо берар экан, Ўзбекистон мустақил ривожланиш йўлини танлаган дастлабки йилларда бошидан кечирган қийинчиликлар даврида ушбу давлат биринчилардан бўлиб дўстлик қўлини чўзгани, буни ўзбек халқи ҳеч қачон унутмаслигини мамнуният билан қайд этди. Сўнгги йилларда дунёнинг камдан-кам давлатлари қаторида иқтисодиётимизнинг ўсиш суръатлари 8 фоиздан кам бўлмай келаётгани ҳам айнан Хитой сингари ривожланган хорижий давлатлар тажрибасини ўрганган ҳолда иш олиб бораётганимиз самараси эканлигига алоҳида урғу берилди.
Дарҳақиқат, мазкур учрашув мамлакатлараро дўстона муносабатлар, шу жумладан, парламентаризм соҳасидаги алоқалар ривожининг янада юксак даражага кўтарилишида муҳим аҳамият касб этади.
Ушбу тадбирда парламентимиз аъзоларига халқнинг ишончли вакиллари, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳаракатлантирувчи кучи сифатида баҳо берилиши, айниқса, Ўзбекистон—Хитой ўртасидаги дўстона муносабатлар ривожида депутатларнинг ҳам алоҳида ўрни борлиги хусусида билдирилган фикрлар биз, депутатларни икки давлат ўртасидаги тенг ҳуқуқли алоқаларнинг қонуний асосларини мустаҳкамлашда, истиқболдаги лойиҳаларнинг изчил ижро этилишини таъминлашда янада фаолликка ундайди.
Наримон УМАРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари,
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси раиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 15 февраль куни мамлакатимизда амалий ташриф билан бўлиб турган АҚШнинг «Женерал ...
01 янв 1970
Адабиёт ёш ўтган сари қаримайди. Уни истеъдодсизлик, дидсизлик, савиясизлик ва бадбинлик қаритади. ...
01 янв 1970
Ўзбекистонда ёки хорижда паспорт йўқотиб қўйилганида уни тиклаш, янгисини олиш тартиби қандай?...
01 янв 1970
Олий ўқув юртига тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинган, II гуруҳ ногирони бўлган талабалар учун таълим кредити олиш бўйича алоҳида имтиёзлар...