Меҳнат дафтарчаси

/
— Бир пайтлар меҳнат фаолиятимни бошлаш ниятида мутахассислигим бўйича бўш иш ўрнига эга корхоналардан бирига борганимда менга “янги иш бошлар экансиз, бизда ишлаш ниятингиз бўлса, меҳнат дафтарчасини ўзингиз сотиб олиб келасиз” дейишган эди. Кейин у корхонага эмас, уйимизга яқинроқ муассасага ишга жойлашдим. Бу корхонада менга меҳнат дафтарчаси олиб келинг, деб айтмади.
Айтинг-чи, меҳнат дафтарчаси сотиб олиш учун қаерга мурожаат қилиш лозим?

Т.Муҳаммадиев, Тошкент шаҳри

— Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Ижтимоий таъминот вазирлиги томонидан 1998 йил 7 январда 8/04-01, 32/01-сон билан тасдиқланган Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага (рўйхат рақами 402, 1998 йил 29 январь) мувофиқ,
ҳар бир корхона ўз эҳтиёжларидан келиб чиқиб, лекин штат жадвалида назарда тутилган ходимлар сонидан ошмаган ҳолда, меҳнат дафтарчалари сотиб олиш ҳуқуқига эга.
Меҳнат дафтарчалари ва меҳнат дафтарчаларига қўшимча варақлар корхоналар томонидан маҳаллий меҳнат органларидан олди-сотди шартномаси асосида сотиб олинади. Меҳнат дафтарчаларини бошқача тартибда сотиш, шунингдек, фуқаролар томонидан меҳнат дафтарчаларини сотиб олиш тақиқланади.
Меҳнат дафтарчалари ва меҳнат дафтарчаларига қўшимча варақларни сотиб олиш шартномасини тузиш учун корхоналар маҳаллий меҳнат органларига ёзма мурожаат қилишлари лозим. Ёзма мурожаатда штат жадвали бўйича ходимлар сони, вакант лавозимлар (жойлар) сони, шунингдек, меҳнат дафтарчаси (меҳнат дафтарчаси дубликати) ёки меҳнат дафтарчасига қўшимча варақ берилиши лозим бўлган ходимлар тўғрисида маълумотлар кўрсатилади.
Меҳнат дафтарчаси ва меҳнат дафтарчасига қўшимча варақларни корхоналар томонидан қайта сотишга ёки бошқача тартибда бегоналаштирилишига йўл қўйилмайди.
— Якка тартибдаги тадбиркор сифатида фаолият кўрсатаман. Меҳнат дафтарчамга ўзим бу ҳақда тегишли ёзув киритиб, уни муҳр билан тасдиқласам бўладими?
О.Шерматов, Самарқанд шаҳри
— Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага мувофиқ, хусусий тадбиркорлик ва якка тартибда меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахс бўлмаган фуқароларнинг ҳамда деҳқон хўжаликларида ишловчиларнинг меҳнат дафтарчаларига Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан тегишли маълумотлар киритилади.
Шунингдек, ушбу йўриқномага мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг меҳнат дафтарчаларига чет элда (шартнома асосида) ишлаган иш даври ҳақидаги ёзувлар, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига белгиланган суғурта бадаллари тўланган тақдирда, агар давлатлараро битимларда ўзгача қоидалар назарда тутилмаган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги томонидан тегишли маълумотномаларга асосланиб киритилади.
Фуқароларнинг чет элда (шартнома асосида) ишлаган иш даври умумий иш стажи жамланиб, яъни қайси корхонада, қайси даврда ва қайси лавозимларда ишлаган йиллари, ойлари ва кунлари умумий тарзда ёзилади.
Саволларга Адлия вазирлиги Кадрлар бошқармасининг бўлим бошлиғи
Муҳаммад ТОШОВ жавоб берди.
 
— Дугонам турмуш ўртоғи билан шаръий никоҳ асосида турмуш қурган эди. Аммо кўп ўтмай, муросага кела олмай, ажрашиш тўғрисида қарор қилишди. Яқинда дугонам она бўлди. Расмий никоҳдан ўтмагани сабабли собиқ турмуш ўртоғи фарзандини тан олишни истамаяпти.
Илтимос, бу борада дугонамга ҳуқуқий маслаҳат берсангизлар.

Г.Давлатова, Тошкент вилояти
— Амалдаги қонунчилигимизда оталикни тан олиш масаласи ўз ечимини топган. Бундай ҳолатларда оталикни белгилашнинг икки шакли — ихтиёрий ва мажбурий тарзи мавжуд. Одатда, оталикни тан олишнинг ихтиёрий шакли биргаликда ариза бериш орқали фуқаролик ҳолатларини қайд этиш идорасида амалга оширилади. Оталикни белгилашнинг мажбурий шакли эса жойлардаги фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш орқали ҳал бўлади.
Жавобгарнинг боланинг онаси билан бирга яшагани, умумий рўзғор юритгани, шунингдек, болани биргаликда тарбиялагани ва таъминлаб тургани ва ниҳоят, оталикни тан олганини аниқ тасдиқловчи далиллар оталикни белгилаш предмети бўла олади.
Оталикни суддан ташқари тан олиш қуйидаги шаклларда намоён бўлиши мумкин:
- жавобгарнинг оғзаки гапларида;
- турли ҳужжатларни тўлдиришда;
- даъвогарга тақдим этилган ёзма ва ашёвий далилларда.
Алоҳида тартибда оталикни белгилашда эса фараз қилинган отанинг ўлими унинг боласига нисбатан оталикни белгилашда бирмунча қийинчилик туғдиради. Шунинг учун суд оталикни белгилашда асос бўлувчи фактларни у ҳаётлигида тан олган бўлиши кераклигини текширади ва баҳолайди.
Фактни тан олишнинг аҳамияти шундаки, у иш бўйича исботлаш процессини енгиллаштиради, ишончли далил сифатида эътироф этилади. Шунингдек, оталикни тан олиш – никоҳсиз туғилган боланинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш кафолатларидан биридир.
Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, турмуш қонуний никоҳ асосида қурилса, ҳаётда кутилиши мумкин бўлган бу каби муаммоларнинг олди олинади.
Саволга Паркент тумани ФҲДЁ бўлими мудири Ҳури ИКРОМОВА жавоб берди.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Истиқлол йилларида халқимиз эришган ютуқлар ҳар бир юртдошимизнинг ҳаётида чуқур из қолдирди....
01 янв 1970
Агар талаба шартнома пулини тўлашга қийналса, олий таълим муассасаси томонидан имтиёз берилиши назарда тутиладими?...
01 янв 1970
Мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб мамлакатимизда амалга оширилган ислоҳотлар инсон манфаатларини таъминлаш, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини...
01 янв 1970
Ўзбекистон мустақилликка эришган кундан эътиборан мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик алоқалари изчил ривожланиб бормоқда....