Адолат ва қонун устуворлиги раҳнамоси

/
Мустақил Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, тинчлик, фаровонлик ва тараққиёт раҳнамоси Ислом Абдуғаниевич Каримовдан бевақт жудо бўлиш мамлакатимиз аҳолисининг барча қатлами қаторида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси аъзолари, депутатлари, фаоллари ҳамда электорати вакилларини ҳам чуқур қайғу ва изтиробга солмоқда.
Юксак жасорат ва матонатга эга Йўлбошчи, ҳақиқий ватанпарвар, халқпарвар ва инсонпарвар давлат арбоби, мулоҳазакор, қатъиятли ва доно етакчи, комил инсон Ислом Каримов асрий орзу-умидларимизни рўёбга чиқарган, халқни тоталитар тузумнинг кишанларидан озод этиб, ўз йўлимизни ўзимиз танлаш, ҳеч кимга қарам бўлмай яшаш, фаровон турмуш кечириш имкониятини яратиб берган, халқимизни буюк мақсадлар сари руҳлантирган давлат раҳбари, бунёдкор ва ислоҳотчи сифатида авлодлар хотирасида абадий яшайди.
Ислом Каримов Ўзбекистонни жаҳонга танитган, халқаро минбарлардан туриб глобал муаммолар ечимига оид асосли таклифларни илгари сурган, дунё халқларини ҳамиша ҳамжиҳатликка чорлаган ва тинчликпарварлик сиёсатини тарғиб қилган доно сиёсатчи ва давлат арбоби сифатида ҳам жаҳон тарихида ўчмас из қолдирди.
Шу ўринда Юртбошимиз бизга доим эслатиб турган “Тарихий хотирасиз келажак йўқ!” деган иборадан келиб чиқиб, ортга бир назар ташлаш ўринлидир. Чунончи, Биринчи Президентимизнинг “Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик!” деган доно ўгитлари бизни мудом ўтмишдан сабоқ чиқаришга, “Келгусида қандай юксак марраларни эгаллашимиз зарур”лиги ҳақида ўйлашга, олдимизга ҳамиша улуғ мақсадларни қўйиб, юксак марраларни қўлга киритишга ундайверади.
Қарийб уч минг йиллик давлатчилик тарихига эга табаррук заминимиз халқи ҳамиша озод ва ҳур яшашга интилган. Ватанимизнинг қанчадан-қанча мард ўғлонлари шу мақсад йўлида майдонга чиққан, юртни ғанимлар истибдодидан озод қилиш учун курашган. Бу йўлда Жалолиддин Мангубердининг кўрсатган жасоратлари тилларда достон бўлган бўлса, буюк саркарда ва давлат арбоби Амир Темурни она юртимизни мўғул истилочилари зулмидан озод қилиб, марказлашган давлат, адолатли жамият қурган жасур ва доно соҳибқирон сифатида бутун дунё яхши билади. Ўша даврда юртимиз том маънода янги цивилизацияни бошидан кечириб, ҳар томонлама обод ўлкага айлангани, илм-фан ва маданият ривож топгани, Мирзо Улуғбек каби муносиб ворислар унинг ишларини давом эттиргани ҳам барчамизга маълум.
Афсуски, шундан кейин халқимиз ўзининг давлатчилик тарихида қарийб тўрт асрлик турғунлик даврини ҳамда бир асрдан кўпроқ мустамлакачилик даврини бошидан кечирганлигини эслаб ўтиш ўринли.
Албатта, аввалига чор Россияси, кейин собиқ тоталитар тузумнинг адолатсиз сиёсатидан, зулмларидан халос бўлиш учун халқимиз доим курашган, бу йўлда юртнинг кўплаб асл ўғлонлари, маърифатпарвар зиёлилари ўз жонларини қурбон қилишган.
Ва ниҳоят ўтган асрнинг 80-йиллари охирида тарих саҳнасига чиққан Ислом Каримов халқимизни истибдод зулмидан озод қилишга, Ўзбекистонимизни мустақил давлат сифатида дунё саҳнига кўтаришга муваффақ бўлган ҳақиқий етакчи, давлат арбоби сифатида янги тарихимизга мангу муҳрланди.
Миллатимизнинг собиқ тузум даврида топталган қадр-қиммати ва шаънини, тилимиз, динимиз ва қадриятларимизни тиклаш йўлида Ислом Каримовнинг кўрсатган маънавий жасоратларини сўз билан таърифлаш мушкул. Зеро, Юртбошимиз ҳали мамлакатимиз мустақилликни қўлга киритмаган даврда, яъни 1986-1988 йилларда Қашқадарё вилоятига раҳбарлик қилган вақтдаёқ Марказ томонидан халқимиз бошига “пахта иши”, “ўзбеклар иши” номи остида ёғдирилган туҳматлар, қатағонларга қарши курашишга киришган, қанчадан-қанча бегуноҳ юртдошларимизнинг пок номларини оқлаб, адолат курашчиси сифатида халқимиз ишончига кирган эди.
Шундан кейин ҳам, ўз умрини яшаб бўлган, асосига дарз кетган эски тоталитар тузум ҳали ўзига қарши бош кўтарган ҳар қандай етакчиларни аямай жазолаётган ўта қалтис бир даврда ҳеч нарсадан қўрқмайдиган, жасур Йўлбошчимиз она тилимизга давлат тили мақомини бериш орқали мустақиллик сари дастлабки дадил қадамларни ташлаган эди. Шу билан бирга, ўша даврда Ислом Каримов мамлакатимизнинг турли ҳудудларида уруш оловини ёқишга қаратилган фитналарнинг олдини олиб, ҳамюртларимизни фуқаролар урушидан сақлаб қолганлиги, охир-оқибат халқимизни ҳеч қандай қон тўкилишларсиз, жангу жадалларсиз мустақилликка олиб чиққанлиги унинг юксак маънавий жасорат соҳиби бўлганлигидан далолат беради.
Президентимиз ўзининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги энг сўнгги маърузасида “...ислоҳотчи шахсларнинг ҳаёти осон кечмайди. Ислоҳотчи бир ишни бошладими, уни охиригача етказмасдан қўймайди, ўз мақсадига етмагунча ҳеч қачон тиниб-тинчимайди”, дея фикр билдирган эди.
Дарҳақиқат, ушбу инсон умрининг охирига қадар фақат халқ дарди билан яшади, инсон манфаатларига қаратилган ислоҳотлар йўлида ўзини аямади, шу юрт келажаги, авлодлар тақдири учун фидойилик кўрсатди.
Доно сиёсатчи ва давлат арбоби Ислом Каримов томонидан истиқлолнинг дастлабки йилларида ишлаб чиқилиб, амалиётга босқичма-босқич татбиқ этилган тараққиётнинг “ўзбек модели”ни бутун дунё жамоатчилиги эътироф этаётганини бугун барчамиз яхши биламиз.
Шу билан бирга, Ўзбекистонда қисқа тарихий муддат ичида миллий давлатчиликни шакллантиришнинг ҳуқуқий асослари яратилди. Халқ фаровонлиги йўлида эркин бозор муносабатларига асосланган кучли иқтисодиёт барпо этилди. Натижада юртимиз халқаро ҳуқуқнинг тўлақонли ва тенг ҳуқуқли субъектига айланди. Мамлакатимиз демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли фуқаролик жамияти барпо этиш йўлидан босқичма-босқич, қатъий ҳамда изчил одимламоқда. Зотан, асл муаллифи Биринчи Президентимиз бўлган Конституциямизда ҳам бизнинг бош мақсадимиз – фақат ҳуқуқий демократик давлат эмас, балки адолатли фуқаролик жамияти қуриш экани аниқ-равшан белгилаб берилган.
Чиндан ҳам истиқлол туфайли соҳибқирон Амир Темурнинг “Куч – адолатда” ҳикмати бизга ўзининг бутун мазмун-моҳиятини кенг очди. Юртбошимиз бу пурмаъно нақлни янада ривожлантириб, “Адолат – қонун устуворлигида”, деб таъкидлар экан, худди шу ҳаётий тамойилга қатъий амал қилиб яшашимиз зарурлигини алоҳида таъкидлаган эди. Аслида ҳам шундай. Ҳуқуқий давлатнинг асосий белгиси ҳам аслида ҳар бир фуқаронинг қонун олдида тенглиги, Конституция ва қонунларнинг устунлиги таъминланиши, яъни адолатнинг қарор топиши демакдир.
Мустақиллигимиз меъморининг “Нимаики қонуний бўлса, у – адолатлидир”, “Айнан қонун адолат манбаи ва мезонидир”, “Халқимиз ҳар қандай қийинчиликка чидаши мумкин, лекин адолатсизликка чидай олмайди” каби ҳаётий фикрларига ҳамоҳанг равишда бугунги кунда амалга ошираётган туб ислоҳотларимизнинг мазмун-моҳиятига адолат, ватанпарварлик ва юксак инсонпарварлик тамойиллари сингдирилганлигини янада теран англамоқдамиз.
Шу боис, Президентимиз Ислом Каримовнинг бу борадаги эзгу ва хайрли ишларини Ўзбекистон “Адолат” СДП Сайловолди дастурида белгиланган устувор вазифалардан келиб чиқиб давом эттирамиз. “Адолат — ҳаётимизнинг бош мезони, адолат — ҳар бир инсон учун”, “Адолат — қонун устуворлигида” сингари бош тамойилларимизга асосланган саъй-ҳаракатларимиз изчиллиги ва самарадорлигини таъминлаш зиммамиздаги энг муҳим вазифа бўлиб қолади.
Халқимизни улуғ мақсадлар сари бошлаган сарбонимизнинг адолатпарварлиги, инсонпарварлиги ва ватанпарварлигини биз ҳам, авлодларимиз ҳам ҳеч қачон унутмайди. Мустақиллик меъморининг мангу ўчмас сиймоси, ҳар бир сўзи, доно ўгитлари буюк келажак сари одимларимизни йўлчи юлдуздек ёритиб туради.
Абдукамол РАХМОНОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
2017 йил 24 август куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Вақт бамисоли тезоқар дарё, дейдилар. Беш йил аввал, худди шу кунлари навбатдаги сайловларга тайёргарлик кўраётган эдик....
01 янв 1970
Кейинги йилларда Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимини демократик асосда ислоҳ этиш ва эркинлаштириш борасида кенг кўламли ишлар изчил амалга оширилди....
01 янв 1970
— Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловидан бир неча кун аввал хизмат сафари билан хорижий давлатга кетишимга тўғри келаяпти....