Озод юрт — Обод юрт

/
Озодлик энг буюк неъматдир. Ҳамма озод бўлиб яшашни хоҳлайди. Ҳатто буни биргина қуш мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Қафасда сақланадиган қушлар нега кун бўйи то ҳолдан тойиб чарчагунча бир ишни такрорлайверади? Қафаснинг сим деворларини чўқиш, гоҳ пастга тушиб, гоҳ тепага учиб қафасдан чиқиб кетишга уринишдан тўхтамайди. Чунки қуш табиатан кенг ва чегарасиз осмонда учиш, эркин ҳаволарда яйраш учун яратилган. Бу-ку қуш — ожиз ва онгсиз бир жонзот. Одам-чи?
Шаҳарда кўп қаватли иморатларда яшайдиган болалар орасида бузилиб қолган қоронғи лифтда бирор фурсат қолиб кетганлар ҳам бўлса керак. Бир неча дақиқа давом этган шу ҳолатда лифтда қолиб кетган боланинг юраги нақадар сиқилган, нақадар бетоқат бўлгани шубҳасиз. Қишлоқда ҳам шунга ўхшаш вазиятга тушган болалар бўлиши мумкин. Ажаб, нега одам боласи ўзини тутқунликка солишларини истамайди? Нега кичкинагина болажон отаси ёки онаси етаклаб келаётганида уларнинг қўлидан бўшалишга уринаверади? Нега бутун дунёда аксарият жиноятчиларни озодликдан маҳрум этиш билан жазолайдилар? Бу ва шунга ўхшаш кўплаб саволлар учун жавоб битта: инсон қушдан, нафақат қушдан, балки жамики жонзотлардан ҳам кўра кўпроқ озод ва эркин яшашни хоҳлайди!
Озодликдан маҳрум этилиш чинакам инсон учун оғир жазо ҳисобланиб, бу жазога учрамаслик учун ҳам у жиноят кўчасига оёқ босмайди. Озодликнинг қадрига етади.
Энди бутун бир халқнинг — миллионлаб инсонларнинг ўзига ўхшаган бошқа кишилар зулми остида қолишини тасаввур қилиб кўринг. Ватанимизнинг беҳисоб табиий бойликлари, жуда қулай жуғрофий ҳудудда жойлашганлиги кўплаб босқинчиларнинг ҳавасини келтирган. Тарихдан маълумки, не-не ёвлар юртимизнинг пок тупроғини топташга, миллатимиз яратган бебаҳо маданий бойликларни талашга тинимсиз ҳаракат қилганлар. Лекин она халқимиз ҳам ўз озодлиги ва мустақиллигини ҳимоя қилишдан ҳеч қачон тинмаган, чарчамаган, қатъий курашган. Миллатимизнинг Тўмарис, Широқ, Спитамен, Муқанна, Маҳмуд Торобий, Жалолиддин Мангуберди, Нажмиддин Кубро, Амир Темур сингари чинакам мард фарзандлари, Беҳбудий, Фитрат, Чўлпон, Абдулла Қодирий каби ватанпарвар ўғлонлари миллат эрки, озодлиги ва мустақиллиги йўлида азиз жонини тикканлар. Озодлик учун олиб борилган матонатли кураш, ниҳоят ўз самарасини берди. Юртимиз қарийб 130 йил давом этган истибдоддан ХХ аср охирига келиб батамом қутулди.
Истиқлол қўлга киритилгач, жаҳон сиёсий харитасида янги мустақил мамлакатимиз — Ўзбекистон Республикаси пайдо бўлди ва тез орада уни дунё давлатлари тан олди.
Давлат мустақиллиги, бу ўша давлатнинг ўз тақдирини ўзи ҳал қилиши, мустақил ички ва ташқи сиёсат олиб бориши, жаҳон мамлакатлари томонидан тан олиниб, улар билан тенг ҳуқуқлилик асосида ҳамкорлик қилиш демакдир.
Мустақил давлатимиз ўз Конституцияси, мудофаа кучлари, миллий валютаси ва давлат рамзларига эга бўлди. Конституциямизда халқимиз ва давлатимиз манфаатлари, мақсадлари, фуқароларнинг ҳуқуқ ва бурчлари баён этилган ҳамда кафолатланган.
Юртбошимиз ташаббуси билан 1989 йил 21 октябрда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган эди. Бу эса миллий озодлик учун қўйилган муҳим қадамлардан бири бўлган эди. Зеро, тилнинг озодлиги дилнинг, тафаккурнинг ҳурлиги демакдир. Мустақил фикрлайдиган авлодгина буюк келажакни барпо қила олади. Афсуски, узоқ йиллар давомида халқимиз она тилида иш юритиш, давлат бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилганди. Бугун эса тилимиз, дилимиз, тафаккуримиз озодликка эришган.
1991 йил 18 ноябрда қабул қилинган мамлакатимиз байроғида юртимизнинг тарихи, табиати, халқимизнинг минг йиллар давомида шаклланган эътиқоди, маданий-маърифий тушунчалари рамзий акс этган. Ундаги ҳар бир ранг, белги ва чизиқларда чуқур маъно бор.
Ватанимиз байроғи АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида жойлашган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) биноси олдида ҳилпираб, Ер юзида Ўзбекистон Республикаси деган мустақил давлат борлигини барчага намоён қилиб турибди.
Бизлар Ватанга бўлган муҳаббатимизни юртимизнинг ҳар қарич ерини муқаддас билиб, она табиатини асраб-авайлаш ва гўзаллаштиришга ҳисса қўшиш, пухта билим олиш, юртимиз учун яхши ишлаш, ихтиролар қилиш каби эзгу ишларимиз орқали намоён этамиз.
Санобар ПЎЛАТОВА,
Қарши педагогика коллежи ўқувчиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Халқимиз истиқлолимизнинг йигирма олтинчи йилига эзгу ниятлар билан қадам қўймоқда....
01 янв 1970
Нукусда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик жараёнига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Мамлакатимизда аудиторлик фаолиятини ривожлантириш, бу борадаги қонунчиликни тартибга солиш ва мустаҳкамлаш борасида салмоқли ишлар амалга ошириб к...
01 янв 1970
Тарих ва маданий ёдгорликларни хўжасизларча сақлаш тақиқланиши ҳақида эшитиб қолдим. Шу гап тўғрими?...