Ҳуқуқий маслаҳат

/
— Сайлов арафасида “сайлов округи”, “сайлов участкалари” иборалари кўп қўлланилади. Айтинг-чи, уларнинг бир-биридан қандай фарқи бор?
Д.Абдуллаев,
Тошкент вилояти

— Сайлов округи Президентликка номзод сайланадиган ҳудуд ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига фақат бир шахс сайланишини эътиборга олган ҳолда Президентликка сайловлар ягона сайлов округи бўйича амалга оширилади. Уларга маъмурий-ҳудудий бирлик хизмат қилади. Ягона сайлов округи деб аталишининг сабаби, у сайлов жараёни ўтказиладиган бутун ҳудудни қамраб олади. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайловларда ягона сайлов округи республиканинг 12 та вилояти ҳамда Тошкент шаҳрида ва Қорақалпоғистон Республикасида ташкил этилган бўлиб, улар — 14 та сайлов округидан иборат.
Сайлов округлари, одатда, сайлов участкалари, яъни фуқароларнинг сайлов жараёнларини амалга ошириш учун борадиган ва овоз берадиган муайян ҳудудларга бўлинади. Сайлов участкаси — битта овоз бериш пунктига хизмат кўрсатадиган ҳудудий бирлик. Одатда, мазкур пунктлар аҳоли қатнови учун қулай бўлган жойларда: мактаб, лицей, коллеж бинолари ва бошқа жамоат жойларида ташкил этилади. Бу умумжаҳон анъанасига хос.
— Яқинда мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтади. Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам Президент сайловида ўз номзоди билан иштирок этмоқда. Айтинг-чи, Президентликка номзодлар фақатгина сиёсий партиялар томонидан илгари суриладими? Умуман олганда, Президентликка номзодларни илгари суриш тартиби ва шартлари ҳақида батафсил маълумот берсангиз.
Р.Назирова,
Самарқанд вилояти

— Сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар натижасида сиёсий партиялар сайлов жараёнининг асосий субъектига айланди. Сиёсий партиялар Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни мустақил равишда илгари суриш ҳуқуқига эга бўлган ягона жамоат бирлашмаси ҳисобланади.
Сиёсий партия сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинган кундан камида олти ой олдин Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган тақдирдагина Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатиш сайловга олтмиш беш кун қолганида бошланади ва қирқ беш кун қолганида тугайди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатиш сиёсий партияларнинг юқори органлари томонидан амалга оширилади. Сиёсий партиянинг юқори органи Ўзбекистон Республикаси Президентлигига биттадан номзод кўрсатиши мумкин. Сиёсий партия Ўзбекистон Республикаси Президентлигига фақат ўз партияси аъзолари орасидан ёки партиясизни номзод этиб кўрсатишга ваколатлидир. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш тўғрисида баённома тузилади.
Сиёсий партиянинг раҳбари Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодни рўйхатга олишни илтимос қилиб, Марказий сайлов комиссиясига ариза билан мурожаат этади. Аризага қуйидагилар илова қилинади:
— сиёсий партия юқори органининг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш тўғрисидаги қарори;
— сиёсий партия юқори органи мажлисининг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш тўғрисидаги қарори;
— сиёсий партия органи мажлисининг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш тўғрисидаги баённомаси, унда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси, касби, лавозими, иш ва яшаш жойи, партияга мансублиги кўрсатилади;
— Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг ўз номзоди овозга қўйилишига рози эканлиги тўғрисидаги аризаси;
— Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватловчи имзо варақалари.
— Яширин овоз бериш принципи деганда, нима тушунилади?
Ш.Содиқов,
Жиззах вилояти

— Яширин овоз беришнинг моҳияти сайловчиларнинг хоҳиш-истагини билдиришга нисбатан назоратга йўл қўймасликдан иборат. Яъни сайловчиларнинг овоз бериш натижалари яширинлиги, сайлов бюллетенининг ўзга шахслар кириши ман этилган кабиналарда ёки махсус жиҳозланган бошқа жойларда тўлдирилиши амалга оширилган ҳолда таъминланади.
Саволларга ҳуқуқшунос
А.РАҲМОНОВ жавоб берди.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Тадбиркорман, баъзан фискал хотирали назорат-касса машинаси техник жиҳатдан вақтинча носоз бўлиб қолиши мумкин....
01 янв 1970
Дилором Омонуллаева басталаган дилтортар қўшиқ ва мусиқалари билан миллионлаб санъатсевар ҳамюртларимизнинг қалбидан чуқур жой эгаллаган беназир иж...
01 янв 1970
Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатини самарали амалга оширишнинг энг муҳим шартларидан бири бу...
01 янв 1970
“Кат” маҳалласи аҳли билан бўлиб ўтган учрашув иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди....