Ҳуқуқий маслаҳат

/
— 4 декабрь — Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловидан бир неча кун аввал хизмат сафари билан хорижий давлатга кетишимга тўғри келаяпти. Сайлов куни Ўзбекистонда бўлмаслигим туфайли муддатдан аввал овоз бериш ҳуқуқимдан фойдаланиш ниятидаман. Шу ҳақида маълумот берсангиз.
Ф.Абдуалимов, Тошкент шаҳри

— Сайловга оид миллий қонунчилигимизда, хусусан, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 31-моддасида муддатдан олдин овоз бериш тартибига оид муносабатлар тартибга солинган. Мазкур моддага асосан, сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга.
Муддатидан олдин овоз бериш сайловга ўн кун қолганида бошланади ва сайловга бир кун қолганида тугалланади. Муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти округ сайлов комиссияси томонидан белгиланади ва сайловчиларнинг, кузатувчиларнинг, оммавий ахборот воситалари вакилларининг эътиборига етказилади.
Муддатидан олдин овоз беришни амалга ошириш учун сайловчи сайлов кунида бўла олмаслиги сабаблари (таътил, хизмат сафари, чет элга чиқиш ва ҳоказо) кўрсатилган ариза асосида ўз яшаш жойидаги участка сайлов комиссиясидан сайлов варақасини олади. Сайловчи сайлов варақасини олганлиги ҳақида участка сайлов комиссиясининг камида икки нафар аъзоси ҳозирлигида сайловчилар рўйхатига имзо қўяди.
— Қандай ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод рўйхатга олинмайди?
Р.Насимов, Тошкент вилояти

— “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонуннинг 25-моддасига кўра қуйидагилар:
— қасддан содир этилган жинояти учун илгари судланган фуқаролар;
— ўзларига нисбатан жиноий иш қўзғатилганлиги муносабати билан қонун томонидан таъқиб этилаётган фуқаролар;
— диний ташкилотлар ва бирлашмаларнинг профессионал хизматчилари Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод этиб рўйхатга олинмайдилар.
— Сайлов комиссиялари аъзолари учун қандай чекловлар мавжуд?
С.Камолова, Тошкент шаҳри

— Замонавий демократик сайловларни ташкил этиш юзасидан жаҳон стандартлари даражасида эътироф этилган андозалардан бири сайлов органлари (комиссиялар)нинг ўз ваколати доирасидаги эркинлиги ва мустақиллигидир. Шундан келиб чиқиб, қонунчилик томонидан баъзи чекловлар ўрнатилган.
“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 19- моддасига биноан:
— сайлов комиссияларининг раиси, раис ўринбосари, котиби ва аъзолари сиёсий партияларнинг аъзоси бўлиши мумкин эмас;
— Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар, уларнинг ишончли вакиллари сайлов комиссияларига аъзо бўлиши мумкин эмас;
— Бир шахс фақат битта сайлов комиссиясига аъзо бўлиши мумкин.
Саволларга ҳуқуқшунос
А.РАҲМОНОВ жавоб берди.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Айтинг-чи, қандай турдаги даромадлардан декларация асосида солиқ тўланиши керак?...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг йиғилишида “Геодезия ва к...
01 янв 1970
— Гаров тушунчаси, гаров тўғрисидаги шартноманинг шакли ва уни рўйхатдан ўтказиш ҳақида маълумот берсангиз....
01 янв 1970
Олтинкўл туманида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишга доир профилактика тадбирлари аниқ режа асосида ташкил этилмоқда....