Япония Бош вазири Синдзо Абэ Жаноби Олийларига

/
Жаноби Олийлари!
Мамлакатларимиз ҳамкорлиги тарихидаги муҳим сана – Ўзбекистон Республикаси ва Япония ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон халқи ва шахсан ўз номимдан Сизни ва бутун Япония халқини самимий табриклайман.
Ўтган йилларда мамлакатларимиз икки ва кўп томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришда салмоқли ютуқларга эришганини катта мамнуният билан қайд этмоқчиман.
Ўзбекистон Япония билан самимий дўстлик алоқаларини, стратегик шериклик ва ҳамкорликни юксак қадрлайди.
Сизнинг 2015 йил октябрь ойида мамлакатимизга расмий ташрифингиз Ўзбекистон – Япония муносабатлари тарихида муҳим воқеа бўлди, сиёсий, савдо-иқтисодий, молиявий, инвестициявий, технологик, илмий ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларимизни янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этди.
25 йиллик ҳамкорлигимиз давомида муносабатларимизнинг мустаҳкам ҳуқуқий базаси яратилди. Бу борада 2002 йилда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Япония ўртасида дўстлик, стратегик шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма баёнот муҳим ўрин тутади. Сизнинг Ўзбекистонга ташрифингиз давомида имзоланган Ўзбекистон Республикаси ва Япония ўртасида стратегик шерикликни чуқурлаштириш ва кенгайтириш тўғрисидаги қўшма баёнот ўзаро муносабатларимизни янги босқичга кўтарди, мамлакатларимиз ўзаро алоқаларни изчил ривожлантиришдан манфаатдор эканини намоён этди.
Томонлар халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик кўплаб долзарб муаммоларга нисбатан ўхшаш қарашлар ва ёндашувларга эга.
Ўзбекистон ўтган йилларда ҳамкорликнинг самарали механизмлари яратилганидан мамнун.
Парламентлараро форум, Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Япония ва Япония – Ўзбекистон қўмиталарининг қўшма йиғилишлари, Ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувлар, «Марказий Осиё + Япония» мулоқоти, Академик форум ва бошқа кўплаб ҳамкорлик институтлари мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларнинг изчил ва босқичма-босқич ривожланишига хизмат қилмоқда.
Бугун Ўзбекистон иқтисодиётини модернизация қилиш ва мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида Япония бизнинг энг муҳим ва устувор шерикларимиздан биридир.
Япониялик ҳамкорларимиздан кўрсатилаётган кўмак учун миннатдормиз, инвестициявий, молиявий-техникавий ҳамкорликни янада кенгайтириш, Ўзбекистон ва Япония ишбилармон доиралари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқалар ва самарали ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдормиз.
Маданият ва илм-фан соҳаларидаги алоқалар биз учун алоҳида аҳамиятга эга. Айниқса, 2016 йил август ойида рафиқангиз Акиэ Абэ хоним бошчилигида Япония ижтимоий-сиёсий ва маданият намояндаларидан иборат делегациянинг Ўзбекистонга ташрифи бу борадаги ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим қадам бўлди.
Таълим соҳасида ҳамкорлигимиз юксак даражага кўтарилганини алоҳида қайд этишни истардим. Япония томонидан бу борада кўрсатилаётган кўмакни юксак қадрлаймиз ҳамда Ўзбекистон – Япония ёшлар инновация марказининг тўлиқ фаолият кўрсатиши юқори малакали кадрлар тайёрлаш соҳасида биргаликдаги ҳаракатларимизга қўшимча суръат бахш этишига умид боғлаймиз.
Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон Япония билан ҳамкорликни изчил ривожлантириш ва кенгайтиришнинг тарафдори эканини яна бир бор тасдиқламоқчиман. Биз стратегик шериклик муносабатларимизни сифат жиҳатдан мустаҳкамлаш ва янги амалий мазмун билан бойитишга интиламиз.
Мамлакатларимизнинг муштарак қадриятлари ва узоқ муддатли манфаатлари асосида Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги анъанавий дўстлик алоқалари бундан буён ҳам халқларимизнинг фаровонлиги йўлида ривожланиб боришига ишонаман.
Ушбу қулай имкониятдан фойдаланиб, Сиз, Жаноби Олийларига мустаҳкам соғлик, Япония халқига янада юксалиш ва фаровонлик тилайман.
Самимий эҳтиром билан,
Шавкат МИРЗИЁЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Миллий матбуот марказида Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Тарихнинг шундай давр ва лаҳзалари бўладики, вақт тушунчаси уларнинг маъно-моҳиятини тўла очиб беришга ожизлик қилади. ...
01 янв 1970
Юқоричирчиқ туман партия кенгашида тузилган ишчи гуруҳи аъзолари “Сирғали” маҳалласи аҳли билан мулоқотда бўлишди....
01 янв 1970
Ҳар бир халқнинг кечмишида фавқулодда аҳамият ва қимматга молик шонли кунлари, таъбир жоиз бўлса, жамият ҳаётининг кескин бурилиш нуқталари бўлади....