Ҳуқуқий маслаҳат бурчаги

/
— Мамлакатимизда алкоголь ва тамаки маҳсулотларини жамоат жойларида истеъмол қилгани учун жазо чоралари кучайтирилган, деб эшитганман. Шулар ҳақида батафсил маълумот берсангиз?
М.Облоқулов,
Зангиота тумани

— 2015 йилнинг 29 декабрида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга айрим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, кодекс янги, 561-модда билан тўлдирилди. Унга кўра, эндиликда чекиш тақиқланган жамоат жойларида тамаки маҳсулотларини истеъмол қилган шахсга энг кам иш ҳақининг учдан бири миқдорида жарима солинади. Муқаддам қонунчиликда бундай жазо санкцияси мавжуд эмас эди. Қонунга мувофиқ, республикамизда 20 ёшга тўлмаган шахсларга алкоголь ва тамаки маҳсулотларини сотиш мумкин эмас. Чеклов нормалари баъзи ижтимоий соҳа объектларига ҳам тааллуқлидир. Иш жойларида, соғлиқни сақлаш, таълим, спорт-соғломлаштириш муассасаларида, ёнғин чиқиш хавфи бўлган жойларда чекиш тақиқланади. Айрим транспорт воситаларининг белгиланган жойларида чекиш учун маъмурий чора аввал ҳам қўлланиларди. Энди жазо кучайтирилган. Поезд вагонлари, сув кемалари, йўловчи автобуслари, шаҳар ичидаги электротранспорт, маршрутка ва такси салонларида сигарет чеккан киши олдингидек энг кам иш ҳақининг йигирмадан бири эмас, балки учдан бир қисми миқдорида жарима тўлайди.
Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 187-моддасига кўра, бундан буён жамоат жойлари (ишхона, кўчалар, стадионлар, хиёбонлар, истироҳат боғлари)да алкоголь маҳсулотини истеъмол қилувчиларга энг кам иш ҳақининг ярми ҳисобида жарима тайинланади. Илгари жарима миқдори энг кам иш ҳақининг ўндан биридан учдан бир қисмигача ташкил қилган. Борди-ю бу турдаги ҳуқуқбузарлик бир йил мобайнида такрор содир этилса, маъмурий жазо энг кам иш ҳақининг икки баробаригача (аввал учдан биридан бир баробаригача) етказилади ёки ҳуқуқбузар 15 суткагача қамоққа олиниши ҳам мумкин.
Саволга Адлия вазирлиги масъул ходими Ойбек ҚАЮМОВ жавоб берди.
 
— Яқинда бир тадбиркор дўстим кредитга мол олиши учун кафил бўлишимни сўради. Илтимос, кафиллик шартномаси ва мажбурияти ҳақида маълумот берсангиз?
Ш.Раҳмонов
Тошкент вилояти.

— Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 292-моддасига кўра, кафиллик шартномаси бўйича кафил бошқа шахс ўз мажбуриятини тўла ёки қисман бажариши учун унинг кредитори олдида жавоб беришни ўз зиммасига олади.
Кафиллик шартномаси ёзма шаклда тузилиши керак. Ёзма шаклга риоя қилмаслик кафиллик шартномасининг ҳақиқий бўлмаслигига олиб келади.
Қарздор кафиллик билан таъминланган мажбуриятини бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда кафил ва қарздор кредитор олдида солидар жавоб берадилар, башарти қонунда ёки кафиллик шартномасида кафилнинг субсидиар жавобгар бўлиши кўзда тутилган бўлмаса.
Башарти, кафиллик шартномасида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, кафил кредитор олдида қарздор билан баравар ҳажмда жавоб беради., шу жумладан, фоизлар тўлайди. Қарзини ундириб олиш бўйича суд чиқимларини ва қарздор мажбуриятини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги туфайли кредитор кўрган бошқа зарарларни тўлайди.
Агар кафиллик шартномасида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, биргалашиб кафил бўлган шахслар кредитор олдида солидар жавоб берадилар. Шунингдек, Сизга, халқимизнинг “етти ўлчаб бир кес” деган мақолини ҳам маслаҳат ўрнида эслатиб ўтишни жоиз топдик.
Саволга Зангиота тумани 12-сон ДНИ нотариуси Сардор КАРИМОВ жавоб берди. 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимизда хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, жамиятдаги мавқеи ва нуфузини ошириш масаласига давлат сиёсати даражасида...
01 янв 1970
Ёшим саксондан ошди. Фарзандларим, невара-чевараларим бағрида яшаяпман.
01 янв 1970
Маълумки, қонун ҳужжатларини инвентаризациядан ўтказиш жараёнида битта норма икки ёки ундан ортиқ ҳужжатда ҳар хил қўлланилиши ҳолатлари аниқланади...
01 янв 1970
Инсон учун бу ёруғ оламда эркинлик ҳиссини туйиб, тинч-осуда диёрда умргузаронлик қилиш, эртанги кунга комил ишонч билан юксак мақсадлар сари интил...