Камчиликлар бартараф этилмоқда

/
Сиёсий партиянинг халқ орасида, кенг жамоатчилик ўртасида обрў-эътибори ортиши, мавқеи мустаҳкамланиши депутатлик корпусларининг фаолияти билан чамбарчас боғлиқдир. Буни яхши англаган халқ депутатлари Касби туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари аҳоли орасига янада чуқурроқ кириб бориш, жойларда дастурий вазифаларимизни рўёбга чиқариш, мавжуд ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этиш, фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш, ёшлар ва хотин-қизларнинг сиёсий фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратишмоқда.
Депутатларга берилган кенг ваколатлар уларнинг зиммасидаги масъулиятни ҳам англатади. Депутатлик гуруҳимизнинг яқинда ўтказилган йиғилишида 2016 йил давомида фаолиятимиздаги ютуқлар ва мавжуд камчиликлар ҳақида сўз юритилди.
Жумладан, ўтган йили бир неча ташкилотлар мансабдор шахсларининг ҳисоботлари эшитилди. Хусусан, 2016 йилнинг сўнгги чорагида туман бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази бошлиғи И.Атауллаевнинг 2016 йилда иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг “Соғлом она ва бола йили”даги ижроси юзасидан ҳисоботи тингланди. Туман ҳокимлиги мутахассислари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлими вакиллари ҳам иштирок этган мазкур эшитувда аҳолини иш билан таъминлаш борасида марказ томонидан амалга оширилган аниқ ишлар билан бирга ҳал этилиши лозим бўлган вазифаларга ҳам эътибор қаратилди, таклифлар билдирилди. Айтиш жоизки, фуқаролар бандлигини таъминлаш депутатлик гуруҳимиз аъзолари диққат марказидаги масалалардан саналади, бу борада ҚФЙ, МФЙ ва мутасадди ташкилотлар билан доимий ҳамкорликда ишлаш амалий аҳамият касб этмоқда.
Ўтган йил ноябрь ойида депутатлик гуруҳимиз томонидан Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган “Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисида”ги низом ижроси тўғрисидаги, Ўзбекистон Республикасининг “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни талаблари бажарилиши юзасидан мутасадди раҳбарларнинг ҳисоботлари ҳам эшитилди. Хусусан, туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари О.Абдураҳмонов ўз ҳисоботида ҳар хил юқумли касалликларга учраган шахсларга ёрдам кўрсатилиб, тиббий кўрик ташкил қилинганлиги, хорижда ишлаб қайтиб келган фуқаролардан 362 нафардан ортиғи ОИВ инфекцияси ва сил касалликларига қарши текширилиб, нуқсонлар аниқланмаганлигини айтиб ўтди.
Аҳолини ўйлантираётган муаммоларга ечим топиш, фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш фаолиятимизнинг муҳим йўналиши ҳисобланади. Депутатлик гуруҳимиз аъзолари Қурбон Жабборов, Замира Қудратова ўтган йилнинг сентябрь ойида ўз сайлов округлари ҳудудидаги “Қорақўнғирот”, “Таллиюлғун”, “Оқжангал”, “Қатоған” қишлоқлари аҳолисини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш масалаларини ўрганишди. Ўрганишлар юзасидан туман сув оқова идораси ва туман давлат санитария-эпидемиология назорати маркази раҳбарлари номига депутатлик сўрови киритилди. Ўрганишлар таҳлил этилиб, шу асосда бу муҳим масала депутатлик гуруҳимиз ташаббуси билан халқ депутатлари туман Кенгашидаги “Ижтимоий-маданий ривожланиш, ёшлар сиёсати ва соғлом авлод масалалари бўйича доимий комиссия” йиғилишида ҳам кенгайтирилган тартибда муҳокама қилинди. Ушбу масала юзасидан кўрилган чора-тадбирлар ҳақида доимий комиссия йиғилишида туман давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бош шифокори А.Абдуллаев ҳисоботи эшитилди. Хусусан, А.Абдуллаев ўз ҳисоботида санитария қонунларини бузган, санитария-гигиена талабларига амал қилмаган, ҳукумат қарорлари ижросини таъминламаган фуқаро ва мансабдор шахсларнинг 82 нафарига маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида иш қўзғатилиб, ушбу шахслар 44 672 320 сўм миқдорида жаримага тортилганлиги, 6 та объектнинг иш фаолияти вақтинчалик тўхтатилгани, 6 нафар шахс эса ишдан четлаштирилганини билдириб ўтди. Кўрилган чора-тадбирларга қарамай, туман маҳаллалари аҳолиси истеъмол қиладиган сув қувурларидан (водопровод) олинган 312 намунадан 15 таси, ташиб келтирилган 46 та ичимлик сув намунасидан 14 таси лабораторияда таҳлил қилинганда санитария меъёрига жавоб бермаётгани айтиб ўтилди. Доимий комиссия йиғилишида туман аҳолисини тоза ва сифатли ичимлик суви билан таъминлашни тубдан яхшилаш ҳақидаги масалани янада чуқур ўрганиш ҳамда халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдаги сессиясида кўриб чиқиш учун тақдим қилиш белгиланди.
2016 йилда Муғлон шаҳарчасида депутатлик гуруҳимизнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишида “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури доирасида туманда амалга оширилган ишлар юзасидан туман ҳокими ўринбосари Д.Зоитовнинг, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббиёт муассасаларини замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари билан жиҳозлашнинг аҳволи бўйича туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори ўринбосари Ф.Худойбердиевнинг ҳисоботлари эшитилди. Қизғин муҳокамаларда бир қатор таклифлар ўртага ташланиб, иштирокчилар ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди, депутатлик гуруҳининг тегишли қарори қабул қилинди.
“Жизза” қишлоғи аҳолиси билан учрашувлар чоғида ички йўллар носозлиги, таъмирталаблиги юзасидан сайловчилар баён этган фикрлар асосида туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи номига киритилган депутатлик сўрови ўрганиб чиқилди. Натижада маҳалладаги ички йўлларни таъмирлаш вазифаси туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг 2017 йилдаги дастурига киритилган эди. Айни пайтда мутасаддилар томонидан ички йўлларни капитал таъмирлаш, ободонлаштириш, пиёдалар йўлакчаларини созлаш ишлари бошлаб юборилди.
Шунингдек, мазкур қишлоқ аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш масаласида туман сув-оқова корхонаси раҳбарига, халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман бўлими раҳбарига эса хорижий тиллар ўқитилиши ва янги методикалар юзасидан медиа ва замонавий усулларни қўллаш бўйича депутатлик сўрови киритилган эди. Мутасаддилар жойлардаги камчиликларни ўз вақтида бартараф этишди.
Фаолиятимиздаги тажрибалар келгуси ишимизда асқотиши депутатларимизнинг бугунги саъй-ҳаракатларида акс этмоқда. Депутатларимиз сайловчилар ҳузурида бўлиб, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Вазирлар Маҳкамаси йиғилишидаги маърузасида илгари сурилган масалаларни фуқароларга кенг тушунтираяпти. Шунингдек, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари юзасидан Президентимизнинг вилоятларга ташрифи давомида халқ билан бўлиб ўтган учрашув ва суҳбатлари Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида аҳоли билан доимий мулоқот олиб боришнинг амалий исботи бўлаётганлигига сайловчилар эътиборини қаратаяпти. Масалан, депутат Рустам Аллабердиев “Оқжангал” қишлоғи аҳли билан учрашувда қишлоқ фуқароларидан Аҳмад Раҳмонов, Шуҳрат Эргашев ва бошқалар аҳолини қийнаб келаётган электр энергияси таъминотидаги узилишлар, ички йўлларни тартибга келтириш, суюлтирилган газ баллонлари вақтида тарқатилмаётганлиги ва иссиқхоналар ташкил этиш учун тумандаги тижорат банкларидан кредит олиш масалаларида мурожаат қилдилар. Р.Аллабердиев аҳоли билан юзма-юз мулоқот давомида ўртага ташланган ҳар бир муаммога қонуний ечим топиш юзасидан айни пайтда тегишли идораларга депутатлик сўровлари юборди.
Хулоса ўрнида айтганда, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да депутатлик гуруҳимиз ва унинг аъзоларига сайловчилардан келиб тушаётган ҳар бир мурожаат амалдаги қонунларимизга асосан ўрганиб чиқилаяпти ва тегишли тартибда ҳал этилмоқда.
Аббос ҲАСАНОВ,
халқ депутатлари Касби туман Кенгашидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи раҳбари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Агар талаба шартнома пулини тўлашга қийналса, олий таълим муассасаси томонидан имтиёз берилиши назарда тутиладими?...
01 янв 1970
Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатини самарали амалга оширишнинг энг муҳим шартларидан бири бу...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 3 август куни мамлакатимиз ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашув ўтказди....
01 янв 1970
Юридик ташкилотлар ҳайдовчиларига малака оширганлик ҳақида бериладиган сертификат, ташкилот номига бериладими ёки ҳайдовчига?...