Муаммолар таҳлили — ютуқлар омили

/
Мамлакатимиздаги демократик ўзгаришларга ҳамоҳанг тарзда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ташаббуси билан ҳар ҳафтанинг чоршанба куни электорат манфаатларини ҳимоя қилиш, сайловчилар муаммоларини ўрганиш ва қонуний асосда ечимларини топиш мақсадида маҳалла фуқаролар йиғинларида юзма-юз мулоқотлар ташкил этиб келинмоқда.
Ушбу жараёнларда халқимиз, кенг жамоатчилигимиз бу борадаги эзгу ва хайрли ишларни чин кўнгилдан қўллаб-қувватлаб, келажакка катта ишоч ва умид билан қараётгани яққол намоён бўлмоқда.
Партиямизнинг барча ҳудудий ва қуйи ташкилотларида сайловчилар билан юзма-юз мулоқотларни ташкил этиш мақсадида тузилган партия фаоллари, маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатлари ва туман электр таъминоти, газ таъминоти, бандликка кўмаклашиш маркази ҳамда коммунал соҳа вакилларидан иборат ишчи гуруҳлари фаол иш олиб бормоқда. Мазкур ишчи гуруҳлари томонидан ҳар ҳафтада ҳар бир туман, шаҳарлардан битта маҳалла ҳудудида жойлашган юридик ва жисмоний шахслар билан бевосита суҳбатлар уюштирилиб, қонунлар ижроси ва ислоҳотларнинг амал қилиш даражасини ўрганиш анъанага айланмоқда.
Республикадаги барча туман ва шаҳар партия кенгашларида ташкил этилган ишчи гуруҳлари томонидан ўтган февраль ойи давомида жами 588 та МФЙ, 14 082 та хонадон, 537 та хўжалик юритувчи субъектлар ва ижтимоий объектлар ҳолати атрофлича ўрганилди. Ўрганишлар мобайнида сайловчилар ва аҳоли томонидан ишчи гуруҳига жами 2961 та мурожаат келиб тушди. Ушбу масалаларни ижобий ҳал этиш мақсадида тегишли ташкилотларга маҳаллий Кенгашлар депутатлари томонидан 733 та депутатлик сўрови юборилди. Аҳоли томонидан кўтарилган масалаларнинг 204 таси амалий жиҳатдан жойида ҳал этилди.
Муаммоларни таҳлил қиладиган бўлсак, уларнинг аксарияти электр энергияси, табиий газ, кўмир етказиб бериш, иш билан бандлик, ички йўлларни таъмирлаш, савдо дўконларида маҳсулотларнинг пластик карталар ва нақд пулга сотилишида нарх тафовутларининг мавжудлиги масалалари ҳамда ёрдамчи хўжаликлар (чорвачилик, иссиқхоналар ташкил этиш, парранда боқиш) учун имтиёзли кредитлар олиш тўғрисидаги мурожаатларни ташкил этади.
Ушбу юзма-юз мулоқотлар партиямизнинг барча ҳудудий кенгашлари томонидан самарали ташкил этилиб, амалий натижаларга эришилмоқда.
Хусусан, Наманган шаҳар партия кенгаши томонидан ташкил этилган ишчи гуруҳи “Яккасада” маҳалласида яшовчи аҳоли ҳамда ҳудудда жойлашган юридик шахслар билан юзма-юз мулоқотлар ўтказди. Ҳудуддаги ижтимоий соҳа объектларининг ҳолати яқиндан ўрганилди. Шунингдек, қабул қилинган қонунлар, бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлаш, аҳолининг талаб, таклифларини эшитиш, маҳаллий ижро ҳокимияти билан аҳоли ўртасида доимий алоқаларни йўлга қўйишга эътибор қаратилди.
Ишчи гуруҳи аъзолари маҳалла ҳудудида жойлашган 25 та хонадонга ташриф буюриб, 55 нафар фуқароларга кичик бизнес ва тадбиркорлик билан шуғулланиш, тижорат банкларидан имтиёзли кредитлар олиш асосида иссиқхоналар ташкил этиш, паррандачилик, лимон ва ёнғоқ дарахтларини экиш орқали қўшимча даромадларга эга бўлиш юзасидан тушунтириш ишлари олиб бордилар.
Шунингдек, аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш масаласи ҳам ўрганилди. Хусусан, “Яккасада” маҳалласидаги 925 та хонадондан 710 таси суюлтирилган газ баллонлар билан таъминланган. Ишчи гуруҳи аъзолари туман газ идораси томонидан аҳолига газ баллонларини ўз вақтида етказиб беришда юзага келаётган муаммолар ҳамда нореал қарздорликлар билан боғлиқ масалаларга эътибор қаратди.
Маҳалла ҳудудида жойлашган Фарғона кўчаси, 11-уйда яшовчи Умархон Қодиров 2010 йилда табиий газ тармоғидан узилган бўлишига қарамасдан, бугунги кунга келиб 600.000 (олти юз) минг сўм нореал қарзи мавжудлигидан норози бўлиб мурожаат қилди. Ушбу масалани ҳал этиш юзасидан Наманган шаҳар газ таъминоти бўлими бошлиғи Б.Юсуповга маълумот тақдим этиш орқали кўтарилган муаммо бартараф этилди.
Ишчи гуруҳи ташаббуси билан фуқаролар бандлигини таъминлаш мақсадида “Алоқа банк” Наманган тумани филиалидан “Яккасада” МФЙ Қизилровот кўчаси, 37-уйда яшовчи Қодир Отахоновга, Норин кўчаси, 4-уйда яшовчи Нуриддин Шариповга, Норин кўчаси, 2-уйда яшовчи Анвар Юсубжановларга чорвачиликни йўлга қўйиш мақсадида 7,5 миллион сўмдан имтиёзли банк кредитлари олиб, ўз бизнесини йўлга қўйишларида амалий ёрдам кўрсатилди.
Қоровулбозор туманида ташкил этилган ишчи гуруҳи тумандаги “Бўстон” маҳалласида жойлашган 44 та хонадонда бўлиб, уларнинг мурожаатларини ўрганди.
Ишчи гуруҳи аъзоларининг берган тавсиялари ва кўмаклари асосида ушбу маҳалланинг “Гулистон” кўчасида яшовчи Дилором Тўраевага қорамол сотиб олиш учун “Ўзсаноатқурилишбанк”нинг Қоровулбозор туман филиалидан 6.000.000 (олти миллион) сўмлик имтиёзли кредит ажратилишида амалий ёрдам кўрсатилди.
Шунингдек, Ховос туманидаги сайловчилар билан юзма-юз мулоқотлар мобайнида партия ишчи гуруҳи томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида“ги фармонлари ва “Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги, “Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларни тўлаш механизмини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари мазмун-моҳияти тушунтирилди.
Ишчи гуруҳи аъзолари маҳалла ҳудудида жойлашган 14 та хонадонга ташриф буюриб, 6 нафар фуқарога кичик бизнес ва тадбиркорлик билан шуғулланиш, тижорат банклари томонидан таклиф этилаётган имтиёзли кредитлар асосида иссиқхоналар ташкил этиш, хонадонларида паррандачилик билан шуғулланиш каби ишлар орқали қўшимча даромадларга эга бўлиш юзасидан тушунтириш ишлари олиб борди. Маҳаллада яшовчи аҳоли вакиллари томонидан билдирилган муаммоларни бартараф қилиш мақсадида тегишли мутасадди идоралар раҳбарларига иккита депутатлик сўрови чиқарилди.
Жумладан, “Дўстлик” маҳалласидаги “Шоҳбекат” кўчаси, 17-уйда яшовчи фуқаро Ҳурматой Усмонова, “Ифтихор” кўчаси, 2-уйда яшовчи Хосият Усмонова ҳамда “С.Зуннунова” кўчаси, 7-уйда яшовчи Рустам Тўйчиевлар ўрта махсус маълумотга эга бўлганликлари боис ишга жойлашишда муаммоларга дуч келаётганликларини билдирганлар. Ушбу масалалар бўйича ишчи гуруҳи томонидан туман Бандликка кўмаклашиш марказига қилинган мурожаат натижасида улар ўз ихтисосликлари бўйича доимий иш ўринларига эга бўлдилар.
Ҳудуддаги “Темир йўл” кўчаси, 3-уйда яшовчи, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Алексей Поздяевнинг ўз вақтида нафақа пулини ололмаётганлиги масаласига ишчи гуруҳи томонидан туман почта ва алоқа бўлими билан ойдинлик киритган ҳолда жойида ҳал этиб берилди.
Навоий шаҳар партия кенгаши ишчи гуруҳи томонидан шаҳардаги “Ватан” маҳалласида жойлашган 43 та хонадонга ташриф буюрилиб, кичик бизнес ва тадбиркорлик билан шуғулланиш, банклардан имтиёзли кредитлар олиб иссиқхоналар қуриш, паррандачилик, лимон ва ёнғоқ дарахтларини экиш орқали қўшимча даромадга эга бўлиш юзасидан аҳоли билан бевосита суҳбатлар уюштиришди.
Шунингдек, “Ўзбекистон” маҳалласидаги “Амир Темур” кўчаси, 28-уй, 36-хонадонда яшовчи, 1992 йилда туғилган Шерзод Эгамовнинг “Бурғулаш ускунаси машинисти” ихтисослиги бўйича дипломга эга бўла туриб, ўз ихтисослиги бўйича иш топа олмаётгани юзасидан амалий ёрдам сўраб қилган мурожаатига асосан депутат Амриддин Нунназаров томонидан Навоий шаҳар Бандликка кўмаклашиш марказига юборилган депутатлик сўрови қаноатлантирилиб, Ш.Эгамов “Навоийазот” акциядорлик жамиятига ишга жойлаштирилди.
Энг муҳими, Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида ҳаётимиз ва фаолиятимизнинг асосий йўналишига айланиб бораётган халқ дарди билан яшаш, “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун”, деган шиорни ҳаётга кенг татбиқ қилишга қаратилаётган саъй-ҳаракатлар жойларда аҳолининг давлат идораларига ҳамда келажакка бўлган ишончини оширмоқда. Ушбу жараёнда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фаоллари ва депутатлари ҳам ташаббускорлик кўрсатаётганлиги партиямизнинг аҳоли орасида мавқеини ошириш ҳамда Сайловолди дастуримизда илгари сурилган дастурий мақсад ва вазифаларимизнинг амалиётга татбиқ этилишига хизмат қилмоқда.
Даврон МАНСУРОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати етакчи мутахассиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Шуни айтиш керакки, этимологик жиҳатдан “коррупция”—лотинча “corruptio” сўзидан олинган бўлиб, “бузиш, сотиб ол...
01 янв 1970
Бизнес бошламоқчиман. Бироқ маблағим йўқ? Банкдан кредит олсам бўладими?
01 янв 1970
Ёш авлод тарбияси ҳамма замонларда ҳам муҳим ва долзарб аҳамиятга эга масала бўлиб келган. ...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан 2017 йилнинг 11-13 май кунлари да...