Масаланинг ечими унга масъулият билан ёндашилганда топилади

/
Бугунги кунда жамиятимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида рўй бераётган янгиланишлар моҳиятига мос равишда халқ билан мулоқот қилиш, фуқароларни ўйлантираётган масалаларга ечим топиш барча даражадаги давлат идораларининг бирламчи вазифасига айланди. Ушбу жараёнда ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси бўлган жамоат ташкилотлари, хусусан, сиёсий партияларнинг четда турмаётгани қувонарлидир.
Жумладан, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг барча ҳудудий ва қуйи ташкилотлари ҳузурида фаолият юритаётган “Адолат” қабулхоналари ҳам фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашда самарали механизмга айланиб улгурди. Буни ушбу қабулхоналарга келиб тушаётган мурожаатларнинг ўз амалий ечимини топаётгани мисолида кўришимиз мумкин.
“Адолат” қабулхоналарининг фаолиятини таҳлил қиладиган бўлсак, ўтган уч ой ичида фуқаролардан келиб тушган жами 651 та мурожаатдан 441 таси партия депутатлик корпуси ва фаоллари иштирокида маҳаллий ҳокимият идоралари ҳамда тегишли ташкилотларга сўровлар чиқариш орқали ижобий ҳал этилган бўлса, 98 нафар фуқарога тегишли тушунтиришлар ва ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. 109 та мурожаатлар бўйича иш олиб борилмоқда ва уларнинг ижроси назоратга олинган. Шу ўринда аниқ мисоллар келтириб ўтсак.
Хатирчи тумани “Учқора” маҳалласи ҳудудида жойлашган 32-умумтаълим мактаби раҳбарияти томонидан таълим муассасасининг 9-синф ўқувчилари учун ўқув дарсликлари етишмаслиги маълум қилиниб, амалий ёрдам сўралди. Ушбу масала юзасидан халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Б.Шомуродовнинг туман халқ таълими муассасаларини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимига депутатлик сўрови киритиши натижасида муаммо ижобий ҳал этилди. Ўқувчилар ўқув дарсликлари билан тўлиқ таъминланишига эришилди.
Зарафшон шаҳар партия кенгаши қабулхонасига келиб тушган мурожаатлар орасида ишга жойлашишда амалий ёрдам сўраб йўлланганлари анча қисмни ташкил этади. Энг муҳими, уларнинг ҳеч бири ечимсиз қолмаяпти. Фуқароларнинг мурожаатлари асосида халқ депутатлари Зарафшон шаҳар Кенгаши депутати З.Ибрагимова томонидан шаҳар Бандликка кўмаклашиш марказига чиқарилган сўров натижасида “Юлдуз” маҳалласида яшовчи Н.Баҳриддинова шаҳардаги 1-сонли мактабгача таълим муассасасига ишга жойлаштирилган бўлса, “Янги Зарафшон” маҳалласида яшовчи Д.Акмиятов ҳозирда Қизилқум геоқидирув экспедициясида меҳнат қилмоқда.
Шунингдек, Наманган вилоятидаги “Адолат” қабулхоналарига йўлланган бандлик масаласидаги мурожаатлар ҳам ижобий ҳал қилинмоқда.
Жумладан, Наманган туман партия кенгашининг “Адолат” қабулхонасига мурожаатида маълумоти олий бўлишига қарамай айни вақтда иш тополмаётганини баён қилган Наманган туман “Қўрғонча” маҳалласида яшовчи Д.Тўрақуловага амалий ёрдам кўрсатилди. Туман Бандликка кўмаклашиш марказига юборилган депутатлик сўрови масъул ташкилотлар ҳамкорлигида ўрганилиб, фуқаро Д.Тўрақулова Наманган шаҳридаги 33-сонли умумтаьлим мактабига кимё фани ўқитувчиси лавозимига ишга қабул қилинди.
Мингбулоқ туман “Гулистон” маҳалласида истиқомат қилувчи З.Бозоров ҳам ўз мутахассислиги бўйича иш топишда амалий ёрдам сўраган эди. Ушбу масала туман Бандликка кўмаклашиш марказига чиқарилган сўров орқали ижобий ҳал этилди. З.Бозоров тумандаги 12-сонли давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактабига жисмоний тарбия фани ўқитувчиси вазифасига ишга қабул қилинди.
“Адолат” қабулхоналарига бўлаётган мурожаатларни ўрганиш жараёнида аниқланишича, жойларда ҳанузгача фуқаролардан табиий газ ва электр энергияси учун асоссиз қарздорлик ҳисоблаш ҳолатлари учраётгани ачинарлидир. Партиямиз депутатлари ва фаолларининг масалани чуқур ўрганиб, ўз вақтида мутасадди идораларга йўллаётган сўровлари орқали бу каби муаммолар бартараф этилиб, адолат қарор топаётганидан мурожаат эгалари мамнун бўлаётир.
Хусусан, Тошкент шаҳар Миробод тумани “Фитрат” кўчасида яшовчи Ф.Даутовнинг “Ўзтрансгаз” АК туман бўлими ходимлари томонидан хонадонидаги ҳисоблагични хатловдан ўтказиш жараёнида 8.400.601 сўм қарздорлик ҳисоблангани, лекин ҳақиқатда қарздорлик йўқлиги юзасидан йўллаган мурожаати атрофлича ўрганилди. Муаммони ҳал этиш мақсадида халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Т.Матибаев томонидан туман фуқаролик судига чиқарилган депутатлик сўровига кўра ушбу масала кўриб чиқилиб, нореал қарздорлик бекор қилинди.
Миробод тумани “Боғи-баланд” кўчаси 47-уйда яшовчи Т.Богатирева ҳам “Ўзтрансгаз” АК туман бўлими ходимлари томонидан хатлов жараёнида асоссиз равишда 2.429.398 сўм қарздорлик ҳисобланганидан шикоят қилганди. Ушбу мурожаат юзасидан депутат Т.Матибаев “Тошшаҳаргаз” УКга чиқарган сўров натижасида нореал қарздорлик бартараф этилишига эришилди.
Маълумки, аҳолининг кенг қатламига кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини янада ошириш Ўзбекистон “Адолат” СДП Сайловолди дастурининг энг муҳим йўналишларидан бири саналади. Шу нуқтаи назардан партия қабулхоналарига фуқароларнинг саломатликларини тиклашда амалий ёрдам сўраб йўлланаётган мурожаатларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Тошкент шаҳар, 58-ҳарбий шаҳарча 18-уйда яшовчи Х.Исаев қандли диабетнинг 2-формаси билан касаллангани ва даволанишда амалий ёрдам берилишини сўраб мурожаат қилган. Ушбу мурожаат юзасидан туман тиббиёт бирлашмасига юборилган депутатлик сўрови натижасида фуқаро бепул даволаниб, соғлиғи тикланишида кўмак берилди.
Партиянинг Мирзо Улуғбек туман кенгашига “Мустақиллик” маҳалласи, 21-кўп қаватли уй, 4-хонадонда яшовчи И.Закарян аллергиянинг оғир формаси билан касаллангани, боқувчиси йўқлиги сабабли қон таҳлили ўтказилишида кўмак сўраган. Ушбу масала бўйича 5-сонли оилавий шифохона бош шифокори Д.Исматуллаевага мурожаат этилиб, фуқарога амалий ёрдам кўрсатилди.
Бундан ташқари, партия қабулхоналарига тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, банкдан кредит олишга кўмаклашишга доир мурожаатларнинг ҳам аксарияти мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида ижобий ҳал этилмоқда.
Чилонзор тумани 6-мавзе 2-уй, 36-хонадонда истиқомат қилувчи Б.Очилов ўзи яшаб турган ҳудудда новвойхона очиш учун ер ажратилишида муаммога дуч келганлиги ҳақида туман партия кенгаши қабулхонасига мурожаат қилди. Ушбу масала юзасидан туман ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосарига йўлланган депутатлик сўрови орқали фуқаро Б.Очиловга новвойхона қуриш учун ер майдони ажратилишига эришилди.
Миришкор туман партия партия кенгашининг “Адолат” қабулхонасига “Чандир” маҳалласи, “Аваз чўл” кўчаси, 14-уйда яшовчи Н.Панжиева йўллаган хатда маҳаллада паррандачиликни йўлга қўйиш учун зарур миқдорда ер майдони ажратилишида амалий ёрдам сўралган. Ушбу мурожаат ҳам туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда ҳал этилди. Фуқарога 6 сотих ер майдони ажратилиб, тадбиркорлик фаолиятини бошлашга шароит яратилди.
Қарши шаҳар “Кат” маҳалласида яшовчи Ф.Ражабовнинг ёш оилалар учун мўлжалланган истеъмол кредити олишда ёрдам сўраб йўллаган мурожаатини ҳал этишга киришган партия депутатларининг саъй-ҳаракати билан унга “Ипак йўли” банкининг Қарши филиали орқали 6 000 000 сўм миқдорида кредит ажратиб берилди.
Хулоса ўрнида айтганда, “Адолат” қабулхоналарига йўлланаётган мурожаатлар қайси соҳага тегишли бўлмасин, партия депутатлари ва фаоллари мутасадди ташкилотлар билан биргаликда масалаларга қонуний ечим топишмоқда. Зеро, одамларнинг дардини эшитиш, уларни ўйлантираётган муаммоларга ечим топишга кўмаклашиш нафақат давлат органлари раҳбарлари, балки Ватан равнақи ва халқ фаровонлиги учун ўзини масъул деб билган ҳар бир фуқаронинг, жумладан, партия депутатлари ва фаолларининг ҳам энг устувор вазифасидир.
Дилноза МИРЗАМАҲМУДОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати масъул ходими

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Маълумки, жорий йилнинг 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этишига рухсат бериш тўғрисида қарор қаб...
01 янв 1970
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоялаш уларнинг мурожаатлари нечоғлик ҳал этилишида яққолроқ намоён бўлади....
01 янв 1970
«Рибо» луғатда зиёда маъносини англатади. Шариатда эса молни молга алмаштиришда ҳеч қандай ҳақсиз ортиқча мол олишга айтилади. ...
01 янв 1970
Мамлакатимиз иқтисодиётини мустаҳкамлаш, халқимизнинг фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашга қорақалпоғистонлик фидойи, ишбилармон-тадбиркорлар ҳам му...