Ҳуқуқий маслаҳат бурчаги

/
— Мен 2010 йил уйланиб, 2015 йил март ойида ажрашдим. 2012 йили квартира сотиб олган эдим. Айни пайтда квартира олди-сотди шартномасини расмийлаштириш учун нотариусга мурожаат қилганимда, менга собиқ хотинингизнинг квартира сотилишига розилик аризасини олиб келинг деб айтишди. Шу тўғрими?
Нукус шаҳридан
О.Обобакиров

— Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 23-24 моддаларига кўра, эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирилган мол-мулклари, шунингдек, эр-хотиндан бирининг номига расмийлаштирилган ёхуд пул маблағлари кимнинг номига ёки эр ва хотиннинг қайси бири томонидан киритилган бўлишидан қатъи назар, улар эр-хотиннинг умумий мулки ҳисобланади. Шунингдек, эр ва хотиндан бири уй-рўзғор ишларини юритиш, болаларни парвариш қилиш билан банд бўлган ёки бошқа узрли сабаларга кўра мустақил иш ҳақи ва бошқа даромадга эга бўлмаган тақдирда ҳам эр ва хотин умумий мол-мулкка нисбатан тенг ҳуқуққа эга бўладилар.
Сизнинг ҳолатингизда никоҳдан ажралиб эр-хотинлик муносабатларингиз тугатилган бўлса ҳам мулкий муносабатларингиз мавжуд. Сизда никоҳ шартномаси, эр-хотин ўртасидаги мулкни бўлиш тўғрисидаги суд ҳужжати ёхуд нотариал тартибда расмийлаштирилган келишув мавжуд бўлмаса, собиқ хотинингизнинг розилиги талаб қилинади. Хотинингиз ҳеч қаерда ишламаган бўлса ҳам квартирани сиз никоҳингиз давомида сотиб олгансиз, демак собиқ хотинингизнинг квартира сотилишига розилиги бўлиши шарт.
 
— Ўғлимга қайнотам уй-жойларини васият қилиб қолдирган. Қайнотам вафот этганидан сўнг васиятноманинг асл нусхасини топа олмаяпман. Васиятнома тасдиқланган нотариусга борсам, ўғлингизнинг ўзи келиши керак деб менга беришмади. Ўғлим ҳозирда ҳарбий хизматни ўтаяпти. Нотариусга бориш имконияти йўқ. Бу ўринда мен қандай йўл тутай?
Нукус шаҳридан
А.Жуманиязов

— Васиятнома дубликати васият қилувчининг вафотидан сўнг фақат унинг меросхўрларига берилади. «Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисида»ги Йўриқномага асосан, сизнинг ўғлингиз васиятнома бўйича меросхўр бўлганлиги сабабли васиятнома тасдиқланган нотариал идорага мурожаат қилиб, васият қилувчининг ўлим гувоҳномасини тақдим этганидан сўнг васиятноманинг дубликати берилади. Ўзбекистон Республикаси «Нотариат тўғрисида»ги қонунининг 26-моддасига кўра, ўғлингиз ҳарбий хизматни ўтаётган бўлса, ҳарбий қисмлар жойлашган нотариуслар бўлмаган пунктларда ҳарбий қисмларнинг командирлари томонидан ишончномани тасдиқлатиб жўнатиши мумкин. Ҳарбий қисмларнинг командирлари томонидан берилган ишончномалар нотариал тасдиқланган ҳужжатларга тенглаштирилади. Ишончнома матнида васиятнома дубликатини олиш ваколати кўрсатилган бўлиши лозим. Сиз шу ишончнома асосида шахсингизни тасдиқловчи ҳужжатингиз, яъни паспортингиз, қайнотангиз ўлим гувоҳномасини олиб, васиятнома тузилган нотариал идорага мурожаат қилсангиз, сизга ушбу ишончнома асосида васиятнома дубликати берилади.
Саволларга Яшнобод тумани 5-сон ДНИ нотариуси Саида МИРЗАЕВА жавоб берди.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Куни кеча Самарқанд вилоят хотин-қизлар қўмитасининг V ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Агар уйингизда китоб учун жавон бўлмаса, сиз билан суҳбатлашиш бефойда ва мен буни рад этаман....
01 янв 1970
Истиқлол йилларида Бош қомусимизнинг 31-моддаси асосида ҳамма учун кафолатланган виждон эркинлиги чинакам ҳаётий ифодасини топди....
01 янв 1970
Юртимизда айни кезларда фасллар келинчаги баҳор нафаси кезиб юрибди. Яшилликка бурканган табиат киши кайфиятига баҳорий илиқлик олиб киради....