Таълим сифати паст бўлса, коллежлар айбдорми?

/
Умумтаълим мактабларида 11 йиллик таълимга қайтиш ғояси илгари сурилгач, бу ғояни тезлик билан рўёбга чиқаришга киришилди. Албатта, бу жиддий масала ва катта кўламдаги тайёргарликни талаб этадиган иш, яъни таълимда бир тизимдан бошқа тизимга ўтиш деганидир. Шу боис умумтаълим мактабларининг, улардаги ўқитувчиларнинг тайёрлиги, 10, 11-синфлар учун бир неча йўналишларда дарсликлар билан таъминланиш ҳолати ҳисобга олиниши зарур. Буларнинг барчаси сифатли адо этилиши анча вақт ва маблағни, дастур ва режалар ижросини талаб этади.
Маълумки, юртимизда 9 йиллик умумий ўрта таълим ва касбга йўналтирувчи ўрта махсус таълим тизимини жорий этишда хорижий тажрибалар ҳам инобатга олинган эди. Яъни бу тизим бир қатор чет мамлакатларда синалганлиги назарда тутилган ва катта мақсадларни кўзлаб жорий этилганди. Мазкур тизим кўплаб мамлакатлар, айниқса, жануби-шарқий Осиё мамлакатларининг юқори билимли кадрлар билан тез таъминланишига ва иқтисодиётининг тез тараққий этишига олиб келганлиги маълум. Бу борада улардаги тартиб-интизом, талабчанликнинг юқори даражадалиги, фарзандларининг билимли бўлишига ота-онанинг юксак эътибори ва яна бир қатор омиллар ижобий таъсир кўрсатганлиги аниқ. Дейлик, ўша мамлакатларда касби ёки мутахассислиги бўйича ҳужжати бўлмаган ва чет тилини билмаганларнинг хорижга чиқиши чекланганлиги, коллеж дипломини олиш учун, албатта, кичик бўлса ҳам ихтиро ёки бизнес режаси бўлиши каби талаблар қатъий белгиланган бўлиб, бу талабларни бажармаганлар коллежни тугатгандан сўнг ҳам бир неча йиллар давомида ўз дипломларини ололмай юришади. Балки бизда ҳам шундай талаблар қўйилганида коллежларимиз ҳозирги ҳолатга тушмаган бўларди, деб ўйлаймиз. Масалан, ишлаш учун хорижга чиққан айрим ёшларимиз касбини пухта эгаллаганида ва чет тилларни яхши билганида у ўлкаларда қора ишларда юрмаган бўлишарди.
Тўғри, баъзи соҳаларга доир касбларга йўналтирилган коллежларда, масалан, тиббиёт коллежларида интизомга риоя этилиши, талабнинг кучлилиги, ота-оналарнинг махсус ўқув жамоаси билан ҳамкорлиги сабабли яхши ютуқларга эришилди. Аммо аксарият коллежларда ўқувчиларнинг билими эмас, ҳатто дарсга қатнаши ҳам назоратдан чиқиб кетди. Ўқувчилар фақат юқори ташкилотлардан текширув келгандагина коллежда тўпланарди. Бундай ҳолатга асосан ота-оналарнинг аксарияти фарзандларини пул топишга йўллашлари, болаларининг коллежда ўқишига хайрихоҳ эмасликлари сабаб бўлди. Бу ҳолат кейинги пайтларда кўрилган баъзи чоралар натижасида бироз барҳам топганди.
Таълим сифати фақат коллежларда эмас, мактабларда ҳам 5-синфдан бошлаб ўта паст даражада, десак, муболаға бўлмайди. Буни кейинги йилларда олий ўқув юртларига кириш учун ўтказилган тест синовлари натижаларидан ҳам билсак бўлади. Фикримча, бунда фақат коллежларни айблаш тўғри эмас. Чунки тест имтиҳонларида саволлар асосан мактаб дарсликлари асосида тузилади. Аммо ҳозирги пайтда коллежларни бундай салбий ҳолатнинг асосий сабабчиси қилиб кўрсатиш урф бўлиб қолди.
Ўйлаймизки, 11 йиллик ўрта таълим тизимига ўтишда янада кенгроқ таҳлиллар олиб бориш, жиддий тайёргарлик кўриш мақсадга мувофиқдир.
Хулоса қилиб айтганда, ўрта махсус касбий таълим ва 11 йиллик таълим самарадорлигини ҳар бир вилоятда шаҳар ва қишлоқ шароитида синовлар ўтказиб, уларнинг натижалари бўйича баҳолаб, кейин хулоса чиқарсак, айни муддао бўлур эди.
Баҳодир КАМОЛОВ,
география фанлари доктори,
НамДУ экология кафедраси профессори

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Яқинда телевидениеда афв этиш тўғрисидаги низом ҳақида эшитиб қолдим. Янги низом ҳақида маълумот берсангиз....
01 янв 1970
Мамлакатимизда ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш ҳамда тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласига давлат сиёсати да...
01 янв 1970
Ҳар бир ота-она фарзандининг нафақат соғлом ўсишини, балки қадди-қомати расо бўлиб улғайишини чин дилдан истайди....
01 янв 1970
Тарих ва маданий ёдгорликларни хўжасизларча сақлаш тақиқланиши ҳақида эшитиб қолдим. Шу гап тўғрими?...