Юксак чўққиларни юксак мақсадларсиз забт этиб бўлмайди

/
Айтишларича, руҳ инсон вужудига мусиқа воситасида киритилган экан. Эҳтимол, шунинг учун ҳам ҳузурбахш мусиқа ва қўшиқни тинглаганда руҳимиз ором олиб, кайфиятимиз кўтарилар. Ёқимли қўшиқ бир муддат тириклик ташвишларини унутишга ёрдам беради, асаб толаларини тинчлантиради.
Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, бастакор, профессор Дилором Омонуллаева басталаган дилтортар қўшиқ ва мусиқалари билан миллионлаб санъатсевар ҳамюртларимизнинг қалбидан чуқур жой эгаллаган беназир ижодкор. Дилором опа куй басталаган 200 дан ортиқ қўшиқлар нафақат мамлакатимизда, балки дунёнинг кўплаб мамлакатларида севиб тингланади, куйланади. Юзлаб шогирдлари, издошларига эга Дилором Омонуллаева “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали, Ўзбек Миллий академик драма театри, Президент ҳузуридаги Давлат бошқарув академияси, Республика байналмилал маданият маркази, Кураш ассоциацияси мадҳияларига ҳам мусиқа басталаган.
Серғайрат, изланувчан, меҳнатсевар Дилором опа ижоддан бўш вақти кам бўлишига қарамай, биз билан суҳбатлашишга розилик билдирди. Айни кунларда янги ташкил этилган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи мадҳиясига куй басталаётган Дилором Омонуллаева билан суҳбатимиз ўқувчиларимизни ҳам бефарқ қолдирмайди, деган умиддамиз.

— Бугун қаерда бўлманг, ким билан суҳбатлашманг, Президентимизнинг санъат, ижод аҳли, журналистлар билан ўтказган видеоселектор йиғилишида тилга олинган масалалар бўйича муҳокама, мунозараларга гувоҳ бўласиз. Бу табиий ҳол. Сабаби, санъат, адабиёт ривожига бефарқ бўлмаган ҳар бир юртдошимиз йиғилишда илгари сурилган масалаларнинг нечоғлик долзарб аҳамиятга эгалиги ва уларни бугуннинг ўзида, кечга қолдирмасдан ҳал қилиш зарурлигини англаб етаяпти.
Тарихдан ҳам маълум, буюк ва маърифатпарвар аждодларимиз санъат, маданият ва адабиётнинг тараққиётисиз юртни, халқни ривожлантириб бўлмаслигини алоҳида таъкидлаган. Президентимизнинг жон куйдириб сўзлаши, соҳамизда учраётган камчиликлар, юзага келган турғун вазиятнинг сабаб ва оқибатларини чуқур таҳлил этиши ва энг муҳими, йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларни ҳал этиш йўлларини кўрсатиб бергани, нафақат йиғилишда иштирок этган санъат, ижод аҳлини, балки санъатсевар халқимизни ҳам тўлқинлантириб юборганига ишончим комил.
Аслида санъаткор билан ижодкорга нима керак? Эътибор, меҳр ва муҳаббат керак. Тингловчи ёки ўқувчингизнинг биргина ширин сўзи, асарингиз ҳақидаги илиқ фикри ҳар қандай санъаткор ёки ижодкорни илҳомлантиради, янада ўз устида ишлашга бўлган иштиёқини оширади. Аминманки, ўша кунги йиғилишдан кейин қайси йўналишда бўлмасин, санъат, ижод соҳасида фаолият юритаётган ҳар бир мутахассис ўз олдига юртимизда санъат, маданият ва адабиётни янада ривожлантиришга ҳисса қўшишни мақсад қилиб қўйди. Юксак марраларга эса юксак мақсадларсиз эришиб бўлмайди.
Оғриқли масалалар қаторида камина фаолият юритаётган Ўзбекистон давлат консерваториясида ўқишга қабул қилиш квоталари билан боғлиқ номутаносибликлар, ёшларга мусиқа санъати бўйича таълим бераётган ўқитувчи ва профессорларнинг илмий-педагогик маҳоратини ошириш, ўқув бинолари, зарур моддий-техник база билан таъминланиши борасида учраган айрим камчиликлар алоҳида тилга олингани ва орадан ҳеч қанча вақт ўтмай Консерватория фаолиятини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга доир Президент қарорининг имзоланиши биз, соҳа ходимларининг хурсандчилигимизга сабаб бўлди.
Ҳақиқатан ҳам, Ўзбекистон давлат консерваториясидаги мавжуд шароит ва имкониятлар бугунги замон талабига тўлиқ жавоб беради, деб айта олмаймиз. Қарорга биноан, бундан буён консерваториянинг мақоми ва нуфузини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси маданият вазири бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон давлат Консерваторияси ректори ҳисобланиши, Успенский номидаги республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейига тегишли бино Консерватория тасарруфига ўтказилиши, консерваторияга абитуриентларни ўқишга қабул қилиш бўйича ўтказиладиган касбий (ижодий) кириш имтиҳонлари тартиби ўзгартирилиши мусиқа таълими бўйича энг олий таълим муассасаси ҳисобланмиш консерваторияда бериладиган таълим сифатини яхшилашга хизмат қилишига ишонаман.
Бундан ташқари, Президентимиз қарорига асосан Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмасининг ташкил этилиши мусиқа санъати соҳасида ижод қилаётган барча ижодкорларни қувонтирди. Мазкур уюшма биз, композитор ва бастакорларнинг ҳамкорлиги, фаоллигимизни янада оширишга, айниқса, ўз ижод маҳсулини кенг жамоатчиликка тақдим этган композиторларнинг муаллифлик ҳуқуқи тўлақонли ҳимоя қилинишига ҳисса қўшади, деб ўйлайман.
— Дилором опа, келинг суҳбатимизни бундан чамаси йигирма йиллар аввал сиз бир суҳбатингизда айтиб ўтган фикр билан давом эттирсак: “Қўшиқ — миллатнинг юзи. Ҳар бир қўшиқ миллатнинг бўй-бастини тингловчи олдида намоён этиши шарт. Ҳар бир бастакор, шоир, ижрочи, аввало, ўз олдига юқоридаги шартларни қўйиб, ана шундан кейингина қўшиқчилик жанрига қўл уриши керак...”
Айтинг-чи, бу оддий, аммо муҳим қоидага бугун амал қилинаяптими? Ўтган йигирма йил оралиғида эстрадамизда нималар ўзгарди?

— Йигирма йил олдинги суҳбатни эслаб, ўша вақтлардаги қўшиқчилик санъати, адабий ва мусиқий муҳитни ёдимга тушириб юбордингиз. Очиғини айтганда, бундан йигирма йил аввал яратилган мусиқий асарлар ҳозиргидек кўп бўлмаган, аммо сифат жиҳатидан бугунги қўшиқларимизга нисбатан анча юқорироқ ўринда турган.
Сабаби, у пайтларда санъатда “шоу бизнес” деган тушунчанинг ўзи йўқ эди. Радио, телевидение қошида таниқли, эл суйган шоирлар, бастакор ва санъаткорлар ҳамкорлигидаги профессионал бадиий кенгашлар тўлақонли ишлаб турарди. Кенгаш аъзолари томошабин ёки тингловчилар эътиборига ҳавола этилишидан олдин ҳар бир қўшиқ, санъат асарини синчиклаб ўрганишарди ва қўшиқ, шеър ёки ижрода қандайдир камчилик кўзга ташланса, бундай асарнинг эфирга чиқишига йўл қўйилмас эди. Бадиий кенгашнинг яна битта энг муҳим шарти, ҳар бир қўшиқ жонли ижрода тингланарди. 2000 йилларнинг бошларига келиб хонандаларга “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси (Ҳозирда ваколати ва вазифалари “Ўзбекконцерт” давлат муассасасига юклатилган) томонидан лицензия бериладиган бўлди.
Назаримда, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси санъаткорларга бериладиган лицензия шартларини, халқона айтганда, жуда “юмшатиб” қўйган ва белгиланган давлат божини тўлаган ҳар бир номзодга лицензия олиш имконияти яратилганлиги танилмаган ва тан олинмаган “юлдуз”ларнинг кўпайиб кетишига сабаб бўлди. Мисол учун, бундай санъаткорлар ўз қўшиқлари билан бугунги ёшлар, кенг жамоатчиликнинг эътиборини (Шу ўринда диққат қилинг, меҳрини демаяпман!) қозонди ҳам дейлик, лекин уларнинг қўшиқлари қанчалик тез машҳур бўлган бўлса, шунчалик қисқа даврда унутилаяпти ҳам. Сабаби, айрим қўшиқчиларимизнинг асосий мақсади халқимизга юксак савияли, тингловчиларнинг дарду кечинмаларини ифода этадиган мусиқий асарни тақдим этиш эмас, балки тез машҳур бўлиш, танилиш ва шу танилиш ортидан даромадга эга бўлиш. Санъатда шоу бизнес деб аталувчи унсур пайдо бўлди. Шоу бизнесда қўшиққа маҳсулот ва даромад манбаи деб қараладиган бўлса, санъатда мусиқий асар профессионал ижод маҳсули саналади. Умид қиламизки, янги ташкил этилган “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси мавжуд камчиликларга барҳам беради.
Баъзан на қўшиқ матнида, кечирасиз, уларни шеър деб айтишга тилим бормайди, на куйида ўзига хослик, чуқур фалсафий ва ҳаётий қарашлар мавжуд бўлмаган қўшиқларни тинглаб, бачкана ҳаракат ва қилиқларни кузатар эканман, наҳотки шу ёшларимиз ўзларининг қандай буюк аждод ва алломалар авлоди эканлигини билмаса, деб ўйланиб қоламан.
Узоққа бормайлик, ўтган асрнинг 30-йилларида собиқ Иттифоқ мамлакатлари санъати ва маданиятини бутун дунё давлатларига намойиш қилиш учун бутун собиқ Иттифоқ мамлакатлари орасидан ўзбекистонлик 4 нафар санъаткор танлаб олинган. 1935 йилда Лондонда ўтказилган жаҳон халқларининг санъат фестивалида буюк санъаткоримиз Уста Олим чалган доирага Тамарахоним рақсга тушиб томошабинларни лол қолдиради. Томошабинлар тик оёқда, икки улуғ санъаткоримизни олқишлаб турган пайтда олдинги қаторда ўтирган Буюк Британия қироличаси Мария Ложанон саҳнага чиқади. Уста Олимнинг чилдирмасини қўлига олиб кўради. Бу доира созидан юракни тўлқинлантирувчи садо чиқарган панжаларни мўъжиза, деб атайди. Ушбу мўъжизакор панжалардан гипсга нусха олиб, Лондон музейига қўйишга фармон беради. Ўзбек санъаткорларига қойил қолган қиролича ўз қўли билан Уста Олим Комилов ва Тамарахонимга фестивалнинг олтин медалини тақиб қўяди. Уста Олим Комиловнинг сеҳрли панжалари нусхаси ҳозиргача Лондон музейида сақланмоқда.
Бу фактларга тўхталишимнинг боиси шундаки, ҳатто мустабид тузум даврида ҳам миллий санъатимиз бутун дунё санъат ихлосмандларини лол қолдириб келган. Биргина Тамарахонимнинг ўзлари нафақат рақс санъатини юксакларга кўтарган, балки 88 тилда ёддан қўшиқ куйлаганини бугунги ёшларимиз билиши керак. Биз улардан ўрнак олишимиз керак.
Тан олиш керак, санъатга мумтоз миллий ва жаҳон адабиётидан бехабар, санъатнинг назарияси ва тарихини билмайдиган, сўз қудрати ва масъулиятини тўлиқ ҳис қилмайдиган, ҳаётида бирор марта бўлса ҳам жонли ижрода куйламаган ҳаваскорлар кириб келишига биз, ҳаммамиз, кенг жамоатчилик айбдормиз.
— Санъатнинг эстрада йўналиши эндигина шаклланган 90-йилларни ёдга олайлик. Ўша вақтларда Ўзбекистонда Юлдуз Усмонова, Насиба Абдуллаева, Кумуш Раззоқова сингари санъаткорларимиз ўз қўшиқлари билан халқимизнинг меҳр ва эътиборини қозона олган эди. Уларнинг ўша пайтларда яратган қўшиқларини тинглаган инсонни аллақандай соҳир туйғулар чулғаб олади...
— Сабаби, улар профессионал шоир ва бастакорлар билан ҳамкорликда ишлаган. Оддий мисол, Юлдуз Усмонованинг аксарият қўшиқларига эътибор қаратадиган бўлсак, Муҳаммад Юсуфдек хассос шоиримизнинг шеърларига Алишер Икромов, Дони Илёсовдек буюк композиторлар куй басталаган ва профессионал санъаткор Юлдуз Усмонова бу қўшиқларни маромига етказиб ижро этган. Ёки олайлик, Насиба Абдуллаева дастлаб халқ қўшиқларини куйлаб танилган бўлса, кейинроқ профессионал композитор ва шоирлар билан биргаликда ишлаб, халқимиз назарига тушган. Уларнинг ўзлари ҳеч қачон қўшиқ ёки куй ёзмаган.
— Демоқчисизки, бугунги аксарият ёш қўшиқчиларимиз юқорида айтганингиздек, тез танилиш учун бир вақтнинг ўзида қўшиқчи, шоир ва бастакорликка даъвогарлик қилаяпти ва бу ҳаракатлари билан ўз қўшиқларининг “умри” қисқа бўлишига сабабчи бўлаяпти?
— Ҳаммалари шу йўсинда ишлаяпти, деб айтолмайман. Ёшларимиз орасида истеъдодли, овоз ва техник жиҳатдан имконияти кенглари жуда кўп. Афсуски, ўз овози ва салоҳиятини тўғри баҳолай олмай, нопрофессионал ижодкорлар билан ҳамкорликда ишлагани боис ўзининг шахсий репертуарига эга бўла олмаётган ёшларимиз кўпчиликни ташкил қилади.
Санъатнинг қайси тармоқ ёки йўналишида бўлмасин, санъаткор ўзи фаолият юритаётган соҳада янгилик яратишга, ўз услуби ва йўналишини топишга интилиши керак. Санъаткор бўлишни истайдиганлар кўп бўлиши мумкин, лекин ҳаммада ҳам истеъдод ва қобилият бўлавермайди. Айни пайтда истеъдодли бўлишнинг ўзи етмайди, албатта. Истеъдодли инсон яхши мактаб ва яхши устоз кўриши керак, меҳнат ва изланишдан тўхтамаслиги керак ва, албатта, санъаткор бўламан деган инсоннинг тафаккури, дунёқараши кенг бўлиши шарт.
— Бугун биз шундай бир даврда яшаяпмизки, ҳозир ҳамма соҳада ўзгаришлар, янгиланишлар амалга оширилаяпти. Илм-фан ривожига жиддий эътибор қаратилаяпти. Мусиқа санъати ривожи ҳам илм-фан тараққиёти билан боғлиқ. Замонавий мусиқачилик йўналишида олиб борилаётган илмий фаолиятдан шахсан сизнинг кўнглингиз тўладими?
— Ҳақиқатан ҳам, Президентимизнинг ҳар бир чиқишларида, маърузаларида ҳар бир соҳа ва тизимда илмий асосланган ҳолда фаолият юритилмаса, ҳеч бир соҳа тўла-тўкис ривожланмаслиги алоҳида таъкидланаяпти. Ўзбекистонда ҳам мусиқа санъати бўйича забардаст фан докторлари, олимларимиз, академикларимиз бор.
Илмий фаолиятнинг нечоғлик фаоллиги ҳақида бир мисолга тўхталиб ўтмоқчиман. Ҳар икки йилда бир марта Самарқанд шаҳрининг Регистон майдонида ўтказиладиган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали доирасида дунё мусиқа санъати ривожи ва истиқболлари мавзуси бўйича халқаро анжуман ўтказилиши анъанага айланган. Ушбу анжуманда мусиқа санъати намояндалари, етук мутахассислар ва олимларимиз хорижлик ҳамкасбларимиз билан биргаликда дунё мусиқа санъатида мавжуд тенденциялар, фанни ривожлантириш истиқболлари ва халқаро ҳамкорлик мавзуларидаги давра суҳбатларини жуда юқори савияда ўтказишади.
Ўрни келганда айтиш лозим, бу йил мазкур халқаро фестиваль ўн биринчи бор ўтказилмоқда. Ўзбекистонда ташкиллаштириладиган халқаро фестивалга бўлган қизиқиш шу даражада кучайдики, унда иштирок этишни истаган талабгорлар сони йилдан- йилга кўпайиб бормоқда. Биринчи фестивалда 32 мамлакат вакиллари қатнашган бўлса, бу йилги фестивалда 60 га яқин мамлакатдан бадиий жамоалар, яккахон хонандалар, мусиқашунослар, олимлар қатнашиши кутилмоқда. Бу йилги фестиваль доирасида «Шарқ халқлари мусиқа маданиятида миллий анъаналарнинг шаклланиши ва ривожланиши» мавзусида илмий-назарий конференция ўтказилиши кўзда тутилган.
Мазкур фестивалнинг аҳамияти шундаки, биринчидан, байрамга айланиб кетадиган фестивалда бутун дунёга санъатимизнинг бор гўзаллиги ва жозибасини намоён этиш имконига эга бўламиз, иккинчидан, халқлар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга, ўзаро тажрибалар алмашинишга муваффақ бўламиз.
Албатта, мусиқа фани йўналиши бўйича олиб борилаётган илмий ишларимиз фақатгина шу каби халқаро анжуманларда намоён бўлади, десак нотўғри бўлади. Мусиқа фанига доир илмий фаолиятимизда ютуқлар билан бир қаторда ечимини кутаётган муаммоларимиз ҳам йўқ эмас. Масалан, эстрада йўналиши бўйича профессионал танқидчиларимиз деярли йўқ ҳисоби. Шунчаки қўшиқлар юзасидан ўз фикрини билдирувчи мутахассисларимиз бор, лекин қўшиқни эстрада жанри талабларидан келиб чиқиб, профессионал таҳлил қила оладиган илмий ходимларимиз кам. Ўринли ва асосли танқид, бошқача айтганда, соғлом ва профессионал танқид бўлган жойда ривожланиш кузатилади ва рақобат кучаяди.
Биз улуғ мусиқий меросга эга халқмиз. Биз бугунги кунда ҳам юксак мусиқий санъатга эга халқмиз. Шундай экан, соҳамизнинг келажаги янада ёрқин, янада фусункор ва янада миллий бўлиши лозим. Келажак бугундан бошланади. Демак, биздан замон талабларига мос равишда янада кўпроқ ижод билан шуғулланиш, масъулиятни тўла ҳис этган ҳолда янада кўпроқ меҳнат қилиш талаб этилади. Бу талабларга “лаббай” деб жавоб бермоқлик эса бизнинг эл-юрт олдидаги муқаддас бурчимиздир.
“Adolat” мухбири Саодат СОДИҚОВА суҳбатлашди.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
1 календарь ойида чегарани биринчи маротаба кесиб ўтаётганда фақат 1 донадан олиб ўтилиши мумкин. ...
01 янв 1970
2017 йил 24 август куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Юртбошимиз «Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун» эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди....
01 янв 1970
Йўл патруль хизмати ходимлари мендан тиббиёт қутичаси, ўт ўчиргич, мажбурий тўхтаганлигини билдирувчи белги ва нур қайтаргичлик камзул бор-йўқлигин...