Боғча зарур жиҳозлар билан таъминланди

/
Партиянинг “Адолат – қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг ҳудудий ва маҳаллий кенгашларида партия фаоллари ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатларидан иборат ишчи гуруҳлари томонидан ҳар ҳафтанинг чоршанба кунлари маҳаллаларда ўтказилаётган учрашувлар ўз самарасини бермоқда.
Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, ўтган олти ой мобайнида республика бўйича туман ва шаҳар партия кенгашларида тузилган ишчи гуруҳлари томонидан жами 3600 дан ортиқ маҳаллаларда хонадонма-хонадон юриб, фуқаролар билан суҳбатлар олиб борилди. Мулоқотлар давомида аниқланган 10 мингга яқин масалалар бўйича тегишли мутасадди ташкилотлар раҳбарларига 2578 та депутатлик сўровлари чиқарилди ва бугунги кунга қадар 1300 га яқин масаланинг ҳал этилишига эришилди.
Ҳудудлардаги ўрганишлар жараёнида фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатларда асосан ичимлик суви, электр энергиясидаги сабабсиз узилишлар, қишлоқ жойларида янги иш ўринларини яратиш масалалари, ногирон ва кекса беморлар учун патронаж хизмати, савдо дўконларида терминалларни жорий этиш таклифи ҳамда ёш оилаларга кредит асосида уй-жой олиш борасидаги муаммолар акс этган. Уларнинг аксарияти ҳудудларда, яъни вилоят, туман ва шаҳар ижро ҳокимиятида ечилиши мумкин бўлган масалалар бўлганлиги боис, ўз жойида ҳал этилмоқда. Вилоят даражасида ечимини топмайдиган масалалар республика даражасида ҳал қилиш мақсадида партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоларига йўналтирилмоқда.
Лойиҳа доирасида аҳоли билан юзма-юз учрашиб, мавжуд муаммоларни бартараф этишда Фарғона вилоятидаги партия фаолларининг саъй-ҳаракатларини ижобий баҳолаш мумкин.
Жумладан, Фарғона туман кенгаши ишчи гуруҳи аъзоларининг “Меҳнатобод” маҳалласи аҳли билан мулоқотлари чоғида кам таъминланганлиги ва соғлиғида муаммоси борлиги туфайли дори-дармон олишда амалий ёрдам сўраган А.Ҳакимов, Ш.Мамажонов, О.Мамажонов, Ҳ.Раҳмонова, М.Амоноваларга “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондининг вилоят бўлими орқали 4 хил турдаги зарур дори-дармонлар олиб берилди.
Шунингдек, Данғара туманидаги “Катта Амиробод” маҳалласида жойлашган 15-сонли мактабгача таълим муассасаси филиали ходимларининг мазкур болалар боғчасига мебель жиҳозлари ва ўйинчоқлар олишда амалий ёрдам сўраб қилган мурожаати ҳам туман халқ таълими бўлими орқали ижобий ҳал қилинди.
— Юзма-юз ўтказилаётган мулоқотлар аҳолининг эртанги кунга бўлган ишончини оширмоқда, — дейди Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят кенгаши раиси Маъруф Холдоров. — Қолаверса, фуқаролардан келиб тушаётган миннатдорлик хатлари партияга бўлган ишонч ҳам ортиб бораётганини кўрсатади. Бугунги кунда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги депутатларимизнинг фаоллиги ошмоқда. Буни охирги беш ой давомида муайян масалалар ечими юзасидан мутасадди ташкилот ва идораларга 800 га яқин депутатлик сўровлари чиқарилганлигида ҳам кўриш мумкин.
Дарҳақиқат, партия тизимида аҳоли ва электорат билан олиб борилаётган мулоқотларни янги босқичга олиб чиқиш, партия ташкилотлари ҳузуридаги ишчи гуруҳлари фаолиятини жонлантиришни ҳам тақозо этмоқда. Зеро, “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” шиори ҳаётимиз мазмунига айланиб бораётган экан, мамлакатимизда кечаётган демократик ислоҳотларнинг янги босқичи суръатларидан ортда қолмаслик, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да олдимизга қўйилган мақсадлар ижросини таъминлашда партиямизнинг ҳар бир фаоли ва депутати ўз зиммасидаги масъулиятни чуқур ҳис этмоғи даркор.
Гулнисо САИДОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати мутахассиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида маҳаллий кенгаш депутатлари зиммасидаги масъулият янада ортди. ...
01 янв 1970
— Келажакда ҳуқуқшунос бўлмоқчиман. Менга суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берсангиз?...
01 янв 1970
Юртимизда янгиланиш ва яшариш фасли — баҳор нафаси уфуриб, қир-адирларда бойчечак бўй кўрсатган, кўнгилларга эзгулик ёғдулари ёғила бошлаган ...
01 янв 1970
Адабиёт ёш ўтган сари қаримайди. Уни истеъдодсизлик, дидсизлик, савиясизлик ва бадбинлик қаритади. ...