Пайшанба — ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликнинг олдини олиш куни

/
Тошкент вилояти.
Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни доирасида Тошкент вилояти ҳудудида кўплаб профилактик тадбирлар ўтказилди. Маҳалла фуқаролар йиғинлари, таълим муассасалари ва корхона-ташкилотларда учрашувлар уюштирилди. Кўплаб ҳуқуқбузарликларнинг олди олиниб, жиноятлар фош этилди.
Мисол учун, Бекобод туманида ёш қизчаларнинг қулоғидан зиракларини алдов йўли билан ечиб олиб, талончилик жиноятини содир этган аёл қўлга олинди. Дастлабки тергов ҳаракатлари давомида тўпланган ҳужжатларга кўра, фуқаро И.У. ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланмасдан, талончилик, яъни ўзганинг мулкини очиқдан-очиқ талон-тарож қилиш жиноятини қасддан содир этганлиги ойдинлашди.
Шунингдек, мазкур туманда сентябрь-октябрь ойлари мобайнида ўндан ортиқ автомашиналардан турли эҳтиёт қисмларини ўғирлаб келган гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Жиноий гуруҳ аъзолари Зафар қўрғонида жойлашган «Афзалбек» тўйхонасининг автомашиналар қўйиш майдончасида фуқаро И.Б.га тегишли бўлган «Жигули» русумли автомашина салонига ўрнатилган магнитофонни ўғирлаётган вақтда туман ИИБ ходимлари томонидан қўлга олинди.
Пискент туманида номаълум шахс туман тиббиёт бирлашмаси ҳудудидан умумий нархи 2 миллион сўмлик «Тошиба» ноутбуки ҳамда «Канон» сканер аппаратини ўғирлагани ҳақида ИИБга хабар келиб тушди. Олиб борилган тезкор суриштирув ишлари натижасида жиноят шу муассасада ишловчи Б.Д. томонидан содир этилганлиги маълум бўлди.
Содир этилган жиноятларнинг маҳаллаларда халқ билан муҳокама қилинаётгани жойларда жиноятлар сонининг камайишига хизмат қилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси.
Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл тумани ИИБ ходимлари томонидан ҳам қатор самарали тадбирлар ташкил этилди. Ана шундай тадбирлардан бири тумандаги 65-мактабда ўтказилди. Прафилактик тадбирнинг айнан ушбу ўқув масканида ўтказилишига сабаб бор. Яъни, бирмунча муддат аввал шу мактабнинг икки ўқувчиси ўғирлик жиноятини содир этиб, қўлга тушган эди. Ўқувчилар Пахтачи овулидаги Баҳор аҳоли пунктида яшовчи фуқаро Э.Т.нинг уйига кириб, ўғирлик содир этган. Профилактика инспектори, лейтенант Г.Муратов томонидан олиб борилган суриштирув ишлари давомида ўғирликни амалга оширган ўсмирлар кимлиги маълум бўлди.
Тадбирда туман ИИБ ходимлари, «Пахтачи» овул фуқаролар йиғини фаоллари, мактаб раҳбарияти, ўқитувчилар ва ота-оналар иштирок этди. Муҳокама давомида жиноятнинг содир этилишига сабаб бўлган омиллар таҳлил этилиб, келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан таклифлар билдирилди.
Ўсмирлар орасида бундай ҳолатларнинг юз беришида аксар ҳолларда ўқувчиларнинг катталар эътиборидан четда қолиб кетаётганлиги сабаб бўлмоқда. Туман ИИБ томонидан ўтган вақт мобайнида таълим масканларида 700 марта «Давомат» тадбирлари ўтказилди. Тунги рейд тадбирларида эса ота-онаси ёки унинг ўрнини босувчи шахсларсиз юрган 7 нафар ўсмир аниқланиб, уларга масъул бўлган шахсларга нисбатан маъмурий жазо тайинланди.
Шунингдек, туманда профилактик ҳисобда турган шахслар ва уларнинг оила аъзолари билан мунтазам суҳбатлар ўтказилмоқда.
Наманган вилояти.
Наманган вилояти ИИБ ЙҲХБ томонидан йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш борасида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари билан ҳамкорликда мунтазам тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси кунида ўтказилган тадбирларда ҳайдовчилар, автотранспорт воситалари мавжуд хўжалик ва ташкилотлар, ўқув муассасалари раҳбарларининг масъулиятини ошириш, пиёдалар, жумладан, болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш каби муҳим вазифаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тадбирларда аҳолига уйдан остона ҳатлаб кўчага чиққан ҳар бир инсон йўл ҳаракати иштирокчисига айланиши, ўз-ўзидан йўл ҳаракати қоидалари талабларини бажаришга мажбур эканлиги тушунтириляпти. Қоидаларга амал қилмаслик инсон ҳаётига хавф солишига сабаб бўлишини аввал содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари мисолида иштирокчиларга етказилмоқда.
Жумладан, Поп туманидаги Қўшминор маҳалласи ҳудудида фуқаро И.Қ. «Нексия» автомашинасини бошқариб бораётиб, ўзидан олдинда кетаётган «ISUZU» русумли юк машинаси билан тўқнашиб кетган. Бунинг оқибатида «Нексия» ичидаги йўловчилардан бири оғир тан жароҳати олиб, воқеа жойида дунёдан кўз юмган. Яна икки йўловчи тан жароҳати билан шифохонага ётқизилган.
Йўлларда транспорт воситалари кун сайин кўпайиб бормоқда. Бу ҳар бир фуқародан қоидаларга қатъий амал қилишни тақозо этади.
“Adolat” мухбири
Жобир ХЎЖАҚУЛОВ тайёрлади.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзим яшайдиган аҳоли пунктига яқин жойдаги нотариал идорага Тошкентдаги квартирамнинг олди-сотди шартномасини расмийлаштириш учун маслаҳат сўраб му...
01 янв 1970
Қарорга мувофиқ Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилади. ...
01 янв 1970
Мамлакатимизнинг барча ҳудудлари каби Наманган вилоятида ҳам шу йил май-июнь ойларида ўтказиладиган фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва у...
01 янв 1970
Қорақалпоғистонда иқтисодиёт тармоқлари, саноат, қурилиш, ахборот-коммуникация технологиялари билан бир қаторда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорли...