Менглибой МУРОДОВ: Тафаккур чироқларининг нури ўчмайди

/
Яқинда Тошкентнинг Амир Темир хиёбонига туташ Сайилгоҳ кўчасида ўтказилган “Китоб байрами”га бориб, бир ажойиб инсон билан танишиб қолдим. Исми-шарифи Менглибой Муродов экан. Ёши етмишлардан ошган акамиз ўзини ўқитувчиман, деб таништирди. Кейин бадиий ижод соҳасига ёшлигидан меҳри борлигини айтиб, 1996 йилдан бошлаб шу пайтгача “Меҳр”, “Хосиятли кун”, “Дийдор”, “Юрагимда борин айтдим”, “Кўнглимдаги қўшиқлар” шеърий тўпламлари, “Гуноҳ”, “Менинг бола қалбим”, “Савоб”, “Таваллуднома”, “Мен бир йўловчиман” каби қисса ва романлардан иборат китоблари нашр қилингани, “Уйғониш”, “Қайтар дунё”, “Интизор қалб армонлари” каби драматик асарлар ёзгани ҳақида гапириб берди. Унинг “Менинг бола қалбим” қиссасини ўқигандим. Бу қисса бундан етти-саккиз йиллар илгари адабиётимизда болалар адабиётида яратилган энг яхши асарлардан бири сифатида баҳоланган эди. У яна бир асари — “Гуноҳ” романи учун “Энг улуғ, энг азиз” Республика кўрик-танловида совриндор бўлганди. У киши билан ана шуларни эслашдик. Менглибой ака кўнгли очиқ, самимий, камтар инсон экан. Шунча асарлар ёзган, кўплаб китоблар чиқарган бўлса ҳам шоирман, ёзувчиман демади. Фақат ижод кўнгил иши экан, кўрганларимни, билганларимни ёзаяпман. Кимга маъқул бўлса, ўқир, деди. У киши билан, ижодкор билан суҳбатимиз ҳаёт, адабиёт, бугунги кундаги ўзгаришлар, юртимизда кечаётган тараққиёт аъмоллари, халқимиз дилидан кечаётган туйғулар ҳақида бўлди.
— Қалбида бадиий адабиётга, сўзга ошуфталик бўлган инсоннинг қачондир қўлига қалам олиши аниқ. Сизнинг қўлингизга қалам олишингиз эса одатдагидай ёшлик йилларингизда эмас, ярим асрлик умр йўлларини босиб ўтган пайтларингизга тўғри келган. Бунинг сабаби нимада?
— Қизилқум бағридаги Конимех (аслида Кони меҳр бўлса керак, деб ўйлайман) туманидаги Шодибек қишлоғида дунёга келганман. Айтишларича, отам ўқитувчи бўлиб ишлаган. Туғилганимда “Насиб қилса, ўғлим ҳам ўқитувчи бўлади”, деб ният қилган экан. Онам ёлғиз ўзи қийналиб бўлсада отам орзусини ушалтирди. Бухоро вилояти туманларида маориф тизимида ишладим. Ўттиз йилдан ортиқ умримни таълим-тарбия соҳасига бағишладим. Минг-минглаб шогирдлар тарбиялаб, етиштирдим. Шундан кейинги ўн беш йиллик умрим туман ҳокимият тизимларида, эл-юрт хизматида ўтди. Юртдошларимнинг ҳаёти, фаолияти билан боғлиқ жараёнларни ўргандим. Кейинги бир неча йиллик фаолиятим республика газеталарининг Навоий вилояти бўйича мухбирлигида кечди. Бошқача айтганда, ёшлигимдан меҳр қўйганим, бадиий ижод оламига ҳаёт синовларидан ўтиб, турли воқеа-ҳодисаларнинг гувоҳи, иштирокчиси бўлиб, бадииятнинг сирларини маълум даража англаб етиб, кириб келдим. Тўғри, авваллари ҳам шеърлар ёзганман, лекин шеъриятга, ижодга ҳақиқий рағбатим 50 ёшларимда бошланган. Ижод оламига кечроқ кириб келганим сабаб ҳозиргача ёзганларим кўзимга камдек кўринади, улардан ҳамиша ҳам қаноатланавермайман. Бугунги ҳаётда ўзгаришлар, янгиланишлар, улуғвор ишлар шу даражада кўпки, улар ҳақида янги-янги асарлар ёзгим келади. Мақсадимга етиш учун кўпроқ ижодий ишлар билан машғулман.
— Асарларингизни ўқиган китобхонлар, фаолиятингиздан хабардор ижодкорлар, мунаққидлар уларнинг аксарияти “автобиографик” йўналишда, уларда муаллифнинг ўз ҳаёти билан боғлиқ воқеалар акс эттирилган, деб эътироф этишади. Ҳақиқатан ҳам, асарларингиздаги воқеалар, қаҳрамонлар ўз шахсий ҳаётингизнинг бадиий инъикосими?
— Бу саволингизга жавоб беришдан олдин бир воқеани айтиб ўтай. 1942 йилда, мен туғилганимдан кейин икки ой ўтиб отамни урушга олиб кетишган. У киши 1943 йилда Сталинград жангларида қатнашиб, ҳалок бўлган. Қисм командирларидан онам номига учбурчакли қора хат келган. Ўша йиллари қора хатлар кўп келиб, почтачилар одамларнинг гап-сўзларидан безиб қолганми ёки бошқа сабабми, почта ходими қора хатни газеталар орасига солиб, онамга берган. Онам ҳам, опаларим ҳам оғир даврлар бўлгани сабабли газеталарга эътибор бермаган, уларни очиб кўрмай, уйнинг токчасига ташлаб қўйган. Шу сабабли отамнинг ўлими ҳақида келган қора хатни уйдагилар билишмаган. Мен отам ҳақидаги ширин хотираларни, ибратли ишларини яқинларимдан эшитиб катта бўлганман. Кўрмаган отамга нисбатан дилимда меҳр пайдо бўлган. Отамдан хат келмаса ҳам оиламиз урушдан кейинги йилларда токчадаги қора хатдан бехабар отамни кутганмиз. 1956 йилда, еттинчи синфда ўқиётганимда ўқитувчимиз уруш ва тинчлик мавзусида иншо ёзиб келишни топширди. Иншо ёзиш мақсадида токчадаги уруш даврида чоп этилган газеталарни варақлаётиб, қора хатга кўзим тушди.
Шунда бу хат орқали оиламиз бошига катта мусибат кириб келди. Отам тириклиги ҳақидаги барча умидлар сўнди. Бошқа оилалар учун 1945 йилда тугаган уруш биз учун 1956 йилга келиб ниҳоясига етди... “Менинг бола қалбим” асарим ана шулар ҳақда. Табиийки, бу асарда менинг фикрим, ўйим, сўзим, умумлаштириб айтадиган бўлсам, “таржимаи ҳолим” етакчи бўлиши аниқ эди. Ёхуд “Гуноҳ” ва “Савоб”да ҳам асосий воқеалар мен билган ва мен билан ёнма-ён яшаган инсонлар билан боғлиқ ҳолда кечади. Яъни, уларнинг ҳаммасини кўрганларим, билганларимнинг бадиий ифодаси дейишим мумкин. Аммо ҳеч бир ижодкор ўзини ва яқинларини улуғлаш учун асар ёзмайди. У ўз “автобиографияси”ни халқнинг, юртнинг “таржимаи ҳоли” билан уйғунлаштириб юбориши керак. Ана шунда ижодкор мақсадига эришади. Мен ҳам асарларимни шу мақсадда ёзганман. Бунга қай даражада эришдим ёки эришмадим, бу ҳақда сўз айтиш бошқаларга тан.
— Кейинги бир йилдан ошиқ вақт ичида республикамизда китоб ва китобхонлик масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Мамлакатимиз Президентининг китоблар нашр этишни кучайтириш, унинг тарғиботини яхшилаш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш борасидаги қарорлари, дастурлари эълон қилинди. Булар ижтимоий ҳаётимизга катта таъсир кўрсатиши шубҳасиз.
— Албатта! Француз адиби Дени Дидронинг “Одамлар китоб ўқишдан тўхтасалар, фикрлашдан ҳам тўхтайдилар” деган гапи бор. Ҳақ гап! Эътибор беринг, биз эндиликда дунёда тараққиёт, тамаддун кучайган, маънавият юксалган бир пайтда яшаяпмиз. Бунинг асосида эса инсон ақл-заковати, тафаккури ўсиши, илм-фаннинг ривожланиши, янги илмий ишланмалар, кашфиётларнинг ҳаётга татбиқ этилиши каби жараёнлар ётади. Шунинг учун ҳам Президентимиз илк раҳбарлик фаолиятидан бошлаб мамлакатимизда илм-фанни ривожлантиришга, илм-фан аҳлининг, айниқса, истеъдодли ёшларнинг илмий фаолиятини рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратди. Китоб ва китобхонликни янада яхшилаш масаласи ҳам юқоридаги жараённинг узвий қисми ҳисобланади. Негаки, яхши китоблар нашр этишни йўлга қўймасдан, китобхонликни кучайтирмасдан туриб илм-фанда юксак натижага эришиб бўлмайди. Шу билан бирга, китоб ва китобхонликни ривожлантирмасдан туриб, юксак маънавиятга эришиш қийин. Шунинг учун давлатимиз раҳбари маърузаларидан бирида “Китобсиз тараққиётга, юксак маънавиятга эришиб бўлмайди. Китоб ўқимаган одамнинг ҳам, миллатнинг ҳам келажаги йўқ”, деб таъкидлаган эди.
Бугун юртимизда китоб нашр қилиш ва китобхонлик давлат сиёсати даражасида эътироф этилмоқда. Яхши китобларни нашр қилаётганлар ҳам, кўп китоб ўқиётганлар ҳам тақдирланмоқда. Шу маънода “Йилнинг энг яхши китоби”, “Йилнинг энг яхши болалар китоби”, “Йилнинг энг яхши аудио китоби”, “Йилнинг энг яхши электрон китоби” йўналишлари бўйича танловлар ташкил этилиб, “Энг яхши китобхон оила”, “Китобхон мактаб”, “Энг яхши китобхон ўқувчи”, “Бир фарзандга уч китоб” каби кўплаб кўрик-танловлар ўтказилмоқда. Президентимизнинг “Буюк алломалар, адиб ва мутафаккирларимиз ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш мақсадида ёшлар ўртасида китобхонлик танловларини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори бу соҳадаги ишларнинг яна бир амалий натижаси бўлди.
Шу ўринда яна бир нарсани айтиш зарур. Халқимиз, миллатимиз илм-фанни, китобни, китобхонликни азал-азалдан қадрлаб келган. Аждодларимизнинг қадим даврларда академиялар, илмий мажлислар, илмий анжуманлар, байтул ҳикмалар ташкил этганлари, навоийхонлик, ҳофизхонлик, бедилхонлик, машрабхонлик, қиссагўйлик ўқишлари ўтказганлари, “Гўрўғли”, “Алпомиш”, “Кунтуғмиш” сингари достонлар асосида бахшилар, оқинларнинг айтишувларини уюштирганлари тарихдан маълум. Буларнинг ҳаммаси халқимиз маънавиятини юксалтиришга хизмат қилган. Не бахтки, бугунги кунда аждодларимиздан мерос бу анъаналар яна қайтадан ҳаётимизга янгича асосларда татбиқ этилмоқда.
— Яқинда мамлакат миқёсида бўлиб ўтган “Китоб байрами” ҳақида таассуротларингиз.
— Бу байрам Президентимизнинг китоб ва китобхонлик маданиятини ошириш борасида эълон қилинган қарорларининг амалий ифодаси деб биламан. Энг муҳими, юртимизда яна бир хайрли ва улуғ анжуман — Китоб байрами, маънавият байрами пайдо бўлди. Бу байрамнинг шукуҳи, таровати, қалбларга берадиган озиғи бошқа байрамларга нисбатан кўпроқ ва юксак ҳисобланади. Негаки, бу байрамда иштирок этадиган ҳар бир инсон билим манбаи, тафаккур қайроғи, ақл чироғи, кўнгил табиби, руҳият озиғи ҳисобланган китоблар билан учрашади. Байрамда бошланган китоб ва китобхон учрашувидаги хуш кайфият, дўстона ҳамкорлик бир кун эмас, йил бўйи, бутун умр мобайнида давом этади. Агар биз ҳар бир китобни тафаккур чироғи деб атайдиган бўлсак, китобхонлар қўлига бориб етган бу тафаккур чироқларининг нури ҳеч қачон ўчмайди. Бу байрамнинг улуғлиги ҳам ана шундадир!
Китоб байрами ниҳоятда яхши ташкил этилди. У нафақат мамлакатимиз пойтахтида, вилоятларда ҳам бўлиб ўтди. Бу байрамларда китобхонлар билан бирга ижодкорлар, ноширлар, китоб тужжорлари ҳам иштирок этдилар. Улар ўртасида қанча учрашувлар, суҳбатлар, ҳамкорликлар юзага келди.
Китоб байрамида қатнашаётиб кўнглимдан баъзи фикрлар ўтди. Аввало, бундай байрамларни йилда бир марта эмас, камида уч-тўрт мартадан ўтказиб туриш керак. Ана шундай байрамларда янги китобларнинг тақдимотларига алоҳида эътибор берилса, яна ҳам маъқул бўларди. Қолаверса, бундай байрамларни пойтахт ва вилоятлар марказларидан ташқари, туманларда, қишлоқларда, овулларда ҳам ўтказиш зарур. Бундай байрамлар муносабати билан ижодкорлар вилоятлар, туманларда, қишлоқларда, мактабларда ижодий учрашувлар ўтказсалар, яна ҳам яхши бўларди. Ана шунда бу байрамдан кўзланган асосий мақсадга, китоб ва китобхонлик маданиятини кучайтиришга, илм-маърифатни улуғлашга, маънавиятни юксалтиришга янада кўпроқ эришиш имкони туғилади.
— Ҳаётимизда муборак саналар кўп. Мана, бугун 1 июнь — Болаларни ҳимоя қилиш халқаро куни сифатида дунё миқёсида нишонланади. Бу санада хаёлингиздан нималар кечади?
— Дунёда фарзандини яхши кўрмайдиган ота-она, болаларини авайлаб, ардоқлаб вояга етказмайдиган миллат ва халқ бўлмаса керак. Чунки фарзандлар, болалар ота-оналарнинг фақат жигаргўшалари, эркатойларигина эмас, ҳаётининг давомчилари, эртанги кун умидлари, келажакнинг яратувчилари ҳам ҳисобланади. Шунинг учун ҳар бир ота-она, миллат ва халқ ўз келажагининг порлоқ, истиқболли бўлиши учун фарзандларига, болаларига алоҳида эҳтиром кўрсатади. Бу башариятнинг неча минг йиллардан бери давом этиб келаётган абадият қонунидир. Аммо, афсуски, бу абадият қонуни бузилган, унга зиён-заҳмат етган, бу қонунга амал қилинмаган даврлар ҳам бўлган. Талончилик, босқинчилик, хунрезлик оқибатида юзага келган урушларда болалар ҳам оғир фожиаларни бошдан кечирганлар, кўплаб ўлкаларда болалар арзон ишчи кучи сифатида ишлатилган. Ота-оналар ажримлари натижасида болалар азият чекканлар, болаларга зуғум қилиш, уларни уриш, мусаффо қалбига зиён етказиш каби иллатлар рўй берган. Бундай ҳолатлар, таассуфки, ҳозир ҳам инсоният ҳаётида рўй бераётгани бор гап. Болаларни ҳимоя қилиш халқаро куни ана шундай фожиаларни, иллатларни болалар ҳаётидан бартараф этиш мақсадида белгиланган.
Мен шу ўринда машҳур футболчи Пеленинг Маракана стадионида футбол билан хайрлашиш пайтида “Болаларга беринг дунё шодлигини!” дея ҳайқириб айтган сўзларини эслайман. Маълумки, дунёда бола қалбидай мусаффо, беғубор қалб бўлмайди. У шу қалби билан бу оламни шодликка, гўзалликка тўлдиради. Порлоқ ва буюк келажакка умид уйғотади. Бу сананинг инсоният учун қадри ҳам шунда. Не бахтки, юртимизда бу сана шод-хуррамлик билан, халқимиз қалбида эзгу тилаклар, болажонларимизнинг бахтли келажагига юксак ишонч билан нишонланади. Барча эзгу ишлар болаларимиз иқболи учун бағишланаётганидан қувонамиз. Бундай пайтда қалбдаги туйғулар сатрларга кўчиши шубҳасиз:
Осойишта, тинч юртнинг камоли қутлуғ бўлғай,
Кўз тегмасин юртимга, кўз тегмасин элимга!
Улуғ халқнинг ўзи ҳам, сўзи ҳам улуғ бўлғай,
Улуғликлар туйғуси фахр берар дилимга!

Камол МАТЁҚУБОВ суҳбатлашди.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Халқимиз азалдан тўйсевар. Аввало, тўйларимиздаги чиройли удумларга бошқа халқ вакиллари ҳавас қилади, десак янглишмаймиз. Аммо......
01 янв 1970
Ойлигимни контрактга ўтказиб берсам бўладими, шунда ойлигимнинг ҳаммаси солиқларсиз тўлиқ ўтадими? ...
01 янв 1970
Ўзбекистон «Адолат» СДП Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишдаги устувор йўналишларини белгилаб олди...
01 янв 1970
Йўл патруль хизмати ходимлари мендан тиббиёт қутичаси, ўт ўчиргич, мажбурий тўхтаганлигини билдирувчи белги ва нур қайтаргичлик камзул бор-йўқлигин...