“Каттақўрғон воқеаси” қонун ичидаги қонунбузарлар учун сабоқ бўла оладими?

/
Даставвал шу йилнинг 3 июнь куни Каттақўрғон шаҳар ички ишлар бўлими биносида рўй берган воқеа тафсилотини яна бир карра қисқача эслатиб ўтамиз. Шаҳар ИИБнинг тезкор жиноят-қидирув хизмати ходими (ҳозирда собиқ) Санъат Умаров барча ҳамкасбларини бир зумда ёқа ушлатиб қўядиган, жамоатчиликда кучли ғазаб ва норозилик уйғотадиган разил ишга қўл урди. У Н. исмли аёлни шаҳар деҳқон бозоридан ўғриликда гумондор ҳисоблаб ички ишлар бўлимига етаклаб келди. Бу ерда эса аёлга исботсиз айб қўйиш мақсадида уни жисмоний ва руҳий қийноққа солади. Бу ҳам етмагандек, икки нафар фарзанднинг онасини қўрқитиш билан ечинишга мажбур қилиб, уни яланғоч ҳолда видеотасвирга туширади. Ва шу ҳолатда кийимсиз аёлни кўчага ҳайдаб чиқармоқчи бўлади. Иззат-нафси топталган, хўрланган аёлнинг оҳу фарёди милиция формасидаги зўравоннинг раҳмини келтирмайди.
Орадан ҳеч вақт ўтмай милиция ходимининг аёл инсон шаънига таҳқирона муносабатнинг далили сифатидаги видеотасвир манфаатдор кимсаларнинг (ички ишлар собиқ ходимининг) иштироки билан ижтимоий тармоқларга узатилади. Ва Каттақўрғонда ҳуқуқ-тартибот идоралари инсон ҳуқуқлари шу тариқа аёвсиз поймол этишаяпти, деган маълумот тарқатилади.
Жамоатчиликка тезкор ахборот етказишда бир-бири билан беллашаётган “Daryo”, “Kun.uz” сингари ижтимоий тармоқлардаги кетма-кет чиқишлардан сўнг “O`zbekiston-24” телеканалида ҳам “Каттақўрғон воқеаси”га мамлакат парламенти, Хотин-қизлар қўмитаси, жамоатчилик вакиллари доирасида муносабатлар билдирилди.
Яъни ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан фуқароларнинг қонун билан қўриқланадиган қадр-қимматларини, ҳуқуқларини поймол этиш билан боғлиқ салбий ҳолатларга узил-кесил чек қўйиш, барча учун тенг бўлган қонун устуворлигини таъминлаш ва бу борада жамоатчилик назоратининг амалдаги иштирокини кескин кучайтириш ҳақида талаблар қўйилди. Шу талаб асосидаги мунозаралар бугун ҳам давом этмоқда. Хўш, мамлакатдаги барча ҳуқуқ-тартибот идоралари тизимида фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга асосланган муҳим ислоҳотлар амалга оширилаётган бир вақтда Каттақўрғон шаҳар ИИБдаги қонунбузарлик ҳолатини қандай изоҳлаш мумкин? Ички ишлар бўлимидаги маънавий-ахлоқий муҳит, милиция ходимларининг касбий тушунчаси, масъулияти, жавобгарлиги ҳақида қандай фикрлаш лозим? ИИБ бошлиғи ва унинг бирйўла тўрт нафар ўринбосарининг кадрлар тарбияси, уларни лавозимга тайинлаш ва фаолиятини назорат қилиш борасидаги раҳбарлик масъулияти ҳақида нима дейиш мумкин?
Худди шу саволларга ойдинлик киритиш мақсадида дастлаб Самарқанд вилоят прокуратурасига мурожаат қилдик. “Вилоят прокурори Фарҳод Зуфаров ва унинг ўринбосарлари муҳим иш билан чиқиб кетишган, Каттақўрғон воқеасига оид маълумотларни прокуратура сайтидан бемалол ўқиб, хулоса чиқаришингиз мумкин”, деган жавоблардан қониқмаганимиздан сўнг, ниҳоят орадан икки кун ўтиб, прокуратуранинг ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими бошлиғи Асомиддин Сайфиддиновга учрашишга муваффақ бўлдик. Каттақўрғон шаҳар ИИБнинг собиқ тезкор вакили Санъат Умаровнинг жиноий иши билан шуғулланаётган мазкур бўлим раҳбари айбсизлик презумпцияси ва тергов сирини таъкидлаган ҳолда ҳар қандай маълумотни матбуотга тақдим этишни ортиқча деб топди. Лекин Каттақўрғон шаҳар прокуратурасига воқеани текшириб чиқиш ҳақидаги ариза нега қонунбузарлик тўғрисидаги шов-шувли ахборот ижтимоий тармоқларда эълон қилингандан сўнг ҳаракатга келганлиги, ИИБ навбатчилик қисмида туриб воқеани кузатган, гувоҳи бўлган, аммо ҳамкасбининг зўравонлигига лоқайд муносабат билдирган ходимлар устидан хизмат суриштируви олиб борилаётганлиги ёки олиб борилмаётганлиги хусусидаги қизиқишларимиз ҳам беҳуда кетди. Шу тахлитдаги қисқа мулоқотдан сўнг прокуратурадаги матбуот билан ҳамкорлик қилишга тайёр бошқа раҳбар ёки ўринбосарни излашимиз ҳам фойда бермади. Прокуратуранинг жамоатчилик қабулхонасига ўрнатилган 235-17-40 рақамли телефони нега мухбир ва фуқаролар учун “гунг, соқов” ҳолда кун бўйи жавобсиз туриши, сим орқали олинадиган бир оғиз маълумот учун фуқаролар қабулхона эшиги олдида соатлаб тирбанд бўлиб туришларининг изоҳини тополмадик.
Аслида ҳуқуқ-тартибот идоралари учун ноодатий воқеа ҳисобланиши зарур бўлган ва инсон ҳуқуқи, шаънини топташга қарши кескин муносабат билдиришни талаб этган, хорижда ҳам, мамлакатимизда ҳам турлича талқин этилаётган мазкур ҳолат бўйича прокуратура жамоатчилик олдида ўз вақтида ҳар томонлама асослантирилган баёнот бериши керак эмасми? Битта тезкор ходимнинг қонунбузарлиги тизимда олиб борилаётган ислоҳотларга соя солиши мумкинми? Фуқаролар бозорларда, маҳаллаларда ёки жамоат жойларида хизмат зарурати билан оралаб юрадиган милиция ходимига энди ҳимоя истаб мурожаат қилиш учун ишончлари етадими? Саволлар кўп. Жавоблар эса...
— Ички ишлар тизимида жиддий ислоҳотларга аллақачон киришилган ва у ўз самараларини бераяпти, — дейди Самарқанд вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Фарҳод Ҳасанов. — Аввало, биз жиноятчиликнинг олдини олиш ва унинг фош этилишини тезлаштириш мақсадида хавфсиз ҳудуд концепциясини амалга ошираяпмиз. Тизимни зарур электрон қурилмалар билан жиҳозлаяпмиз. Хизмат жараёнида фойдаланиш учун “Дрон” учувчисиз қурилмаси, сайёҳлар хавфсизлигини таъминлайдиган “Сигвей” ғилдиракли патрул мосламалари олиб келинди.
Кўрилаётган барча чора-тадбирлар натижасида 2018 йилнинг олти ойида жиноятчилик ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 40 фоизга камайди. Каттақўрғон воқеасига келадиган бўлсак, ҳозир у ерда бевосита Ички ишлар вазирлигининг махсус комиссияси хизмат текшируви олиб бормоқда. Текширув натижаларига кўра шаҳар ИИБ тузилмадаги 4-5 нафар масъул ходим тегишли жазо олиши муқаррар.
Воқеа ва унинг тафсилотларига кўпроқ аниқлик киритиш мақсадида Каттақўрғон шаҳрига ташриф буюрдик. Шаҳар ИИБ бўлими бошлиғи Илёс Абдуқаҳҳоров собиқ ходим Санъат Умаровга нисбатан Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми ва 235-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинганлигини маълум қилди.
Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисмига кўра “ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш; яъни давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органи мансабдор шахсининг ўзига берилган ваколатлар доирасидан четга чиқадиган ҳаракатларни қасддан содир этиши” назарда тутилса, 235-модданинг 2-қисмида “қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш” жиноий жавобгарликка тортиш учун асос қилиб кўрсатилган. Санъат Умаровнинг хатти-ҳаракатлари ҳар иккала моддага қай даражада мос келишини тергов ва суд идоралари аниқлаб, якуний хулосага келишади.
Хўш, Санъат Умаров ички ишлар тизимига қандай йўллар билан кириб келган? Дастлабки пайтлар ва қамоққа олингунгача бўлган вақтда қандай лавозимларда ишлаган?
Санъат Умаров Каттақўрғон шаҳар ички ишлар бўлимига Ички ишлар вазирлиги академиясини тугатиб, 2013 йилда лейтенант унвони билан профилактика инспектори лавозимига тайинланган. Орадан тўрт йил ўтиб, у капитан лавозимида жиноят-қидирув бўлимига ишга ўтказилган. Қисқа хизмат даври давомида у анчагина юқори унвон ва масъул лавозимга эришган. Унинг иш жараёнида ўзини тутиши, маънавий-ахлоқий қиёфаси бўлим раҳбарияти томонидан ижобий баҳолаб келинган. ИИБ раҳбарияти шундай хулосага бориб хато йўл тутишганини энди тан олишмоқда. Бўлим бошлиғининг на жиноят-қидирув ишлари бўйича 1-ўринбосари Иззат Хўжамқулов ва на ёшлар сиёсати бўйича ўринобосари Мухтор Ўрунов, кадрлар фаолияти бўйича муовин Зафар Шералиев тезкор ходимнинг одамлар билан муносабати қонун талабларига мос келиши-келмаслиги ҳақида астойдил қизиқиб кўришмаган. Акс ҳолда Санъат Умаров сингари ўзбошимча ходимларни вақтида тўғри йўлга бошқариб қўйган бўлишарди. Нима бўлганда ҳам бу ҳақда зарур ҳуқуқий хулоса чиқариш Ички ишлар вазирлигининг комиссиясига ҳавола. Ахир салкам юз минг нафар аҳоли истиқомат қилаётган Каттақўрғон шаҳрида фуқаролар тинчлиги, осойишталигини таъминлаш, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш хизмат бурчига садоқатли, ҳозиржавоб, ҳалол, покиза кишилар қўлида бўлиш керак! Аксинча, инсон шаънига путур етказувчи ғайриқонуний ишларга узил-кесил чек қўйилиши ҳақида бугун шаҳар жамоатчилиги, депутатлар ўз талабларини билдирмоқдалар.
Хўш, Каттақўрғон воқеасини ички ишлар тизимидаги фавқулодда ҳодиса деб баҳолаш мумкинми?
— Мен бу фикрдан йироқман, — дейди халқ депутатлари Каттақўрғон шаҳар Кенгаши депутати Умида Шарипова. — Чунки ИИБ раҳбарияти жиноятчиликни камайтириш борасидаги кўрсаткичлар кетидан қувмай, қонун барқарорлигини таъминлашга қайси йўллар билан эришилаётганлигини чуқурроқ таҳлил қилиб кўришса, милиция ходимларининг маънавий-ахлоқий поклиги ҳақида қайғуришса, зарур деб топилган ҳолатлар бўйича жамоатчилик олдида ҳисоб беришни йўлга қўйишса, тизимдаги суиистеъмолчилик, мансаб ваколатидан четга чиқиш, зўравонлик сингари хунук ҳолатларга йўл қўйилмаган бўлар эди.
Каттақўрғон шаҳридаги 35 та маҳаллага биркитилган 24 нафар милиция-профилактика инспекторларига шу ҳудудларнинг ўзида хизмат уйлари, хизмат автомобиллари берилганидан мақсад ушбу тизим фаолиятини халққа янада яқинлаштиришдан иборат. Бундай ғамхўрликдан сўнг милиция ёрдам, ҳимоя истаган фуқаро мурожаатига “лаббай” деб жавоб бериши керак эмасми? Демак, ички ишлар тизимидаги ислоҳотлар ҳам моддий, ҳам маънавий асосларга эга. Шундай экан, шаҳар ИИБнинг ҳар бир ходими ўз фаолиятига танқидий кўз билан қараб, жиддий хулосалар чиқариши лозим.
Гапни жамоатчиликнинг рўй берган аччиқ воқеага муносбати хусусида давом эттирадиган бўлсак, зўравон ходимнинг қилмиши туфайли хўрланган, жисмоний ва руҳий азият чеккан аёлга нисбатан чин маънода инсонпарварлик қўлини чўзганлар Каттақўрғонда ва ундан олисда кўплаб топила бошлади. Уларнинг ёрдами билан қисқа вақтда ёрдам пули йиғилиб, аёл икки нафар боласи билан яшаётган ҳовли-уйга янги дарвоза ўрнатилди. Деворлар таъмирланиб, тартибга келтирилди. Каттақўрғон туман ҳокими эса мазкур оила бошлиғини иш билан таъминлаш мақсадида унга кичкина савдо дўкончаси қуриб берди.
Воқеа тафсилотлари ва сабабларини жойига чиқиб ўрганиш, жабрдийда аёлнинг ижтимоий аҳволидан хабардор бўлиш, уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва шунинг баробарида ҳуқуқ-тартибот идораларидан қонун устуворлигини талаб қилиш мақсадида республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева Каттақўрғон шаҳрига ташриф буюрганини таъкидлаб ўтмоқчимиз. Танзила Норбоеванинг каттақўрғонлик жабрдийда аёл мисолида давлат бошқаруви ва ҳуқуқ-тартибот идораларидан хотин-қизларнинг мурожаатига ҳушёр муносабатни талаб қилгани, Каттақўрғонда қонун устуворлиги таъминланишини шахсан назоратига олмоқчи бўлгани ҳам кўп нарсадан далолат бериб турибди. Қонун Ўзбекистонда хотин-қизлар ҳуқуқи, қадр-қиммати, шаъни камситилишига асло йўл қўймайди. Аксинча, уларнинг жамиятда ўз ўринларини топишлари учун ҳар томонлама ҳуқуқий ёрдам кўрсатади.
Каттақўрғондаги маҳаллалардан бирида икки нафар фарзанди билан яшовчи жабрдийда аёлнинг уйига ёрдам кўрсатиш мақсадида келиб-кетувчилар кўпайган. Лекин ҳар сафар бўлиб ўтган воқеалардан сўз очилса, аёл оғриниб гапиради ва бу мавзуга қайтмасликни илтимос қилиб сўрайди. У ўзига нисбатан бўлган аччиқ камситилиш, хўрланишни тезроқ унутиб, икки нафар норасида фарзанди бахтига соғлом ҳаётга қайтиб, меҳнат билан рўзғор тебратишни истайди. Ожиза аёлни жамият ўз ҳимоясига олгани ва унинг ҳаёти яхшиланишига кўмаклашаётганини Яратганнинг инояти деб билади.
— Жамиятдаги меҳр-оқибат, инсоф-диёнат юзини кул босмай, шуъласи дилни ёритса инсон қабоҳат ботқоғига ботмай эзгу ишларга рағбат топиб яшайди, — дейди у. — Бўлиб ўтган воқеалардан сўнг оқибатли кишиларнинг муомаласидан ўзимни жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси эканимни қайтадан ҳис қилдим. Бу йўлда менга нобакорлик қилганларни қонун жазоласин.
“Каттақўрғон воқеаси” ҳақидаги бор гап шу. Энди гап адолат посбонларида. Ҳар қандай вазиятда қонун ўз сўзини айтади, адолат тантана қилади.
Зоҳир ТЎРАҚУЛОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бугунги шиддатли глобаллашув даврида ғоялар, ахборотлар кураши инсоният тақдирига дахлдор курашлар сифатида намоён бўлмоқда....
01 янв 1970
Тадбиркорман, баъзан фискал хотирали назорат-касса машинаси техник жиҳатдан вақтинча носоз бўлиб қолиши мумкин....
01 янв 1970
Мамлакатимизнинг барча ҳудудлари каби Наманган вилоятида ҳам шу йил май-июнь ойларида ўтказиладиган фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва у...
01 янв 1970
Мамлакатимизда изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида “одамлар ўзларининг ҳаётидан рози бўлиши керак”, деган ҳаётбахш ғ...