Таҳлиллар аниқ, хулосалар маълум

/
Шу кунларда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси шаҳар ва туманлар кенгашларининг навбатдаги пленумлари бўлиб ўтмоқда. Ушбу анжуманларда қуйи партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳларининг 2018 йилнинг ўтган даврида амалга оширган ишлари сарҳисоб қилиниб, йўл қўйилган камчиликлар танқидий нуқтаи назардан муҳокама этилмоқда.
БУХОРО. Ўзбекистон “Адолат” СДП Когон шаҳар кенгашининг навбатдаги пленуми бўлиб ўтди. Унда Когон шаҳар партия кенгаши раиси Рауф Сувонов “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастурига мувофиқ партия тизимида белгиланган вазифалар ижроси бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида сўз юритди.

— Партиямизнинг “Мактабгача таълим – кадрлар тайёрлашнинг бирламчи бўғини” лойиҳаси доирасида Когон шаҳридаги 15 та мактабгача таълим муассасасида ўрганишлар олиб борилди, — деди Р.Сувонов. — Ўрганишлар натижасида партия депутатлари ташаббуси билан халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг доимий комиссияси ҳамда сессия муҳокамасига масала киритилди. Ҳисобот даврида “Адолат — қонун устуворлигида” лойиҳасига мувофиқ ҳар ҳафтанинг чоршанба куни жойларда ўтказилган очиқ мулоқотлар ҳам аҳоли манфаатларини рўёбга чиқаришда амалий аҳамиятга эга бўлмоқда. Мулоқотлар чоғида фуқаролардан 79 та мурожаат келиб тушди ва уларда келтирилган масалалар юзасидан мутасадди ташкилотларга 49 та депутатлик сўрови чиқарилиб, уларнинг аксарияти ижобий ҳал этилишига эришилди.
Мажлисда партиямизнинг “Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур” лойиҳаси доирасида шаҳар ҳудудидаги умумтаълим мактабларида ташкил этилган тиббий хизматнинг аҳволи, мажбурий дори-дармонлар билан таъминланганлик даражаси ўрганилиб, ушбу масала юзасидан партия депутатлик гуруҳи йиғилишида шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаси раҳбарининг эшитуви ўтказилганлиги қайд этилди.
— Шунга қарамай фаолиятимизда камчиликлар ҳам йўқ эмас, — деди партия депутати Жобир Ҳакимов. — Хусусан, ҳудуддаги партия депутатлик гуруҳи 6 нафар сафдошимизни бирлаштирган бўлса-да, улардан уч нафари ўз фаолиятига етарлича масъулият билан ёндашмаяпти.
Пленум давомида айни шу ҳолатга алоҳида эътибор қаратилди.
ЖИЗЗАХ. Жорий йилнинг ўтган даврида Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг вилоятдаги қуйи ташкилотлари фаолияти шаҳар, туманлар партия кенгашларининг навбатдаги пленумларида муҳокама этилди. Иштирокчилар партиявий лойиҳалар доирасидаги амалий ишларга алоҳида эътибор қаратдилар.
Хусусан, партиямизнинг “Мактабгача таълим — кадрлар тайёрлашнинг бирламчи бўғини” лойиҳаси доирасида партия фаоллари ва депутатларидан иборат ишчи гуруҳлар томонидан вилоят бўйича мавжуд 200 та мактабгача таълим муассасаларидан 118 таси фаолияти ўрганилди. Таҳлил ва хулосалар асосида маҳаллий Кенгашларда фаолият юритаётган партия депутатлик гуруҳлари томонидан Дўстлик, Фориш туманларида маҳаллий Кенгаш сессиясига, Бахмал, ўаллаорол, Шароф Рашидов, Зарбдор, Зафаробод, Зомин, Пахтакор туманлари ва Жиззах шаҳрида маҳаллий Кенгашларнинг тегишли доимий комиссиялари муҳокамасига аниқланган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш юзасидан масалалар киритилди. Аммо Янгиобод, Арнасой, Мирзачўл туманларида партия фаоллари бу борада сусткашликка йўл қўйганлиги афсусланарли ҳол саналади.
Уюшмаган ёшларни ўйлантираётган масалаларга ечим топиш, уларнинг бандлигини таъминлаш партия фаолларининг доимий эътиборидаги масалалардан саналади. “Уюшмаган ёшлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш ҳолати” бўйича ўрганишлар натижалари асосида шаҳар ва туманлардаги партия депутатлик гуруҳлари томонидан маҳаллий Кенгашлар сессиясига ҳамда тегишли доимий комиссиялар муҳокамаларига киритилган масалалар юзасидан қабул қилинган қарорлар амалиётга йўналтирилди.
Шу билан бирга, йиғилишлар давомида амалиётдан келиб чиқиб, маҳаллий Кенгашларнинг сессияси ва доимий комиссиялари қабул қилган қарорлар ижроси юзасидан депутатлик назоратини тубдан кучайтириш лозимлиги алоҳида таъкидланди.
СУРХОНДАРЁ. Фуқароларнинг манфаатларини рўёбга чиқариш, ҳудудларни ривожлантиришда тўсиқ бўлаётган муаммоларни бартараф этиш, сиёсий партия ўз олдига қўйган вазифаларни амалга оширишида, айниқса, маҳаллий Кенгаш депутатлари муҳим ўрин тутади.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Музработ тумани кенгашининг навбатдаги пленумида жорий йилнинг ўтган давридаги фаолият таҳлил қилинди, маҳаллий Кенгашдаги партия депутатлик гуруҳи раҳбарининг ҳисоботи тингланди.
Таъкидланганидек, партиямизнинг “Марказ-вилоят-туман” тизими асосида жамоатчилик муҳокамасига қўйилган 20 дан ортиқ қонун лойиҳалари партия депутатлари, фаоллар иштирокида меҳнат жамоаларида муҳокама қилиниб, 6 та асослантирилган таклифлар вилоят партия кенгашига тақдим қилинди.
— Ушбу кичик рақам бошланғич партия ташкилотларидан бу борада бирорта ҳам таклиф берилмаганини ҳам кўрсатади, — деди туман партия кенгаши раиси Абдуғани Жўраев. — БПТ етакчилари бундан тўғри хулоса чиқаришлари лозим. Ўзбекистон Республикасининг “Инновацион фаолият тўғрисида”ги, “Фан тўғрисида”ги ва “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги қонунлари лойиҳалари бўйича бирорта таклиф тайёрланмади, мазкур ҳужжатлар мазмун-моҳияти дастурий мақсадларимизга ҳамоҳанглигини назарда тутсак, бу жиддий камчилик эканини англаймиз.
Туман партия кенгаши фаоллари, депутатлардан иборат ишчи гуруҳлари томонидан 36 та маҳалладаги 800 га яқин хонадон ва 10 дан ортиқ хўжалик юритувчи субъектга ташриф буюрилди. Мулоқотлар чоғида аҳоли томонидан 48 та мурожаат келиб тушди, мурожаатларда келтирилган масалалар юзасидан мутасадди ташкилотларга 11 та депутатлик сўровлари юборилиб, уларнинг аксарияти ижобий ечим топди, бу борада ҳамкорликдаги амалий ишлар давом этмоқда.
НАМАНГАН. “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури бажарилишида шаҳар партия кенгашининг иштироки тўғрисидаги масала Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган шаҳар кенгашининг навбатдаги пленумида муҳокама этилди.
— Партиямизнинг “Мактабгача таълим — кадрлар тайёрлашнинг бирламчи бўғини” лойиҳаси доирасида шаҳарда 50 та МТМ фаолияти ўрганилди, — деди шаҳар партия кенгаши раиси Ойлархон Охунова. — Аниқланган камчиликлар юзасидан тузилган тақдимномалар тегишли мактабгача таълим муассасаси маъмурияти ва шаҳар халқ таълими бўлимига юборилди. Айни пайтда улар юзасидан белгиланган чора-тадбирлар ижроси назоратга олинди.
Анжуманда қуйи ташкилот фаолиятидаги камчиликлар ҳам кўрсатиб ўтилди. Хусусан, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик талаб даражасида эмас. Оралиқ сайловларда маҳаллий Кенгашларга партиядан номзодлар қўйилган бўлса-да, улар муваффақиятга эриша олмадилар. Натижада айни пайтда халқ депутатлари шаҳар Кенгашида “Адолат” СДПдан атиги бир нафар депутат фаолият кўрсатмоқда.
Шаҳар партия ташкилоти фаоллари мажлисда ўз фикр ва таклифларини билдиришди.
СИРДАРЁ. Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сирдарё тумани кенгашининг навбатдаги пленумида таъкидланганидек, жорий йил давомида туман партия ташкилоти фаоллари аҳолини ўйлантираётган масалаларни аниқлаш ва уларга ечим топишда муайян натижаларга эришди. Шунга қарамай, йиллик иш режасининг ижроси қониқарли даражада эмаслиги жиддий танқид қилинди. Партия лойиҳалари доирасида ўрганишларда ҳам бир қатор камчиликларга йўл қўйилмоқда.
— Жумладан, партиямизнинг “Таълим сифати партия нигоҳида” лойиҳаси доирасида тумандаги мактабларда дарсликлар билан таъминланганлик даражаси, дарслик китобларининг ҳолатини ўрганишга доир вазифалар ижроси ҳам охирига етказилмаган, — деди туман партия кенгаши раиси Турғунбой Каримов. — Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган қонун лойиҳалари бўйича аниқ таклифлар тақдим қилишда ҳам муаммолар борлигини назардан четда қолдириб бўлмайди.
Йиғилиш иштирокчилари қуйи ташкилот фаолиятида бу каби муаммолар тўпланиб қолганлиги халқ депутатлари туман Кенгашига партиядан бирорта депутат сайланишига эришилмагани билан ҳам боғлиқ эканини қайд этишди.
Мазкур пленумларда кўриб чиқилган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилинди ҳамда қуйи партия ташкилотлари олдида турган галдаги вазифалар белгилаб олинди.
Ўзбекистон “Адолат” СДП
ҳудудий кенгашлари матбуот хизматлари материаллари асосида тайёрланди.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ипотека кредити асосида уй сотиб олиш тартиби қандай эканлигини тушунтириб берсангиз?...
01 янв 1970
Бугун замоннинг ўзи сиёсий партияларнинг иш услубини тубдан ўзгартириш, уларнинг аҳоли, электорат билан мулоқотини тизимли йўлга қўйишни талаб этмо...
01 янв 1970
“Ўзбекистонда инновацион ёрдамчи репродуктив технологияларни жорий этиш истиқболлари ва усуллари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди...
01 янв 1970
Бухоро вилоятининг бир қатор туманларида ҳам ушбу сиёсий ўқувларда партия ходимлари, фаоллар, лекторлар ҳамда маҳаллалар аҳолиси иштирок этишди....