ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ МДҲНИНГ НОРАСМИЙ САММИТИДА ИШТИРОК ЭТДИ

/
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 6 декабрь куни Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар Давлат раҳбарлари кенгашининг Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтган норасмий мажлисида иштирок этди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин кутиб олди.
Суратга тушиш маросимидан сўнг МДҲга аъзо давлатлар раҳбарларининг норасмий учрашуви бошланди.
Алоҳида таъкидлаш керакки, мамлакатимизнинг Ҳамдўстликка аъзо давлатлар билан ҳамкорлиги турли йўналишларда изчил ва ҳар томонлама ривожланиб бормоқда.
Президентимиз жорий йил 28 сентябрь куни Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган МДҲ Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида иштирок этган эди.
Ўтган даврда мамлакатимиз МДҲ доирасида ўнта тармоқ бўйича ҳамкорликка қўшилди. Ўзбекистон ташкилот Парламентлараро ассамблеясининг тўла ҳуқуқли аъзоси бўлди, Ўсимликлар карантини бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш, Фан-техника ва инновация соҳаларида ҳамкорлик бўйича давлатлараро кенгаш, Агросаноат комплекси масалалалари бўйича кенгаш, Атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш бўйича комиссия, МДҲга аъзо давлатлар хавфсизлик органлари ва махсус хизматлари раҳбарлари кенгаши, МДҲнинг хизматлар бўйича эркин савдо зонаси тўғрисида битимини ишлаб чиқишга оид юқори даражали ишчи гуруҳ ва бошқа органлар фаолиятига қўшилди.
Ўзбекистон МДҲ маконида ўзаро бозорларни шакллантириш, божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш, халқаро ва минтақавий транспорт йўлакларидан самарали фойдаланиш тарафдоридир.
Жорий йилда Ўзбекистон Ҳамдўстлик доирасида Мудофаа вазирлари кенгаши, Уруғчилик масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш, Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш бўйича кенгаш, Геодезия, картография, кадастр ва Ерни масофадан туриб зондлаш бўйича давлатлараро кенгаш мажлислари ва кўплаб бошқа муҳим тадбирларни ўтказди. Бу турли соҳаларда кўп қиррали ўзаро манфаатли ҳамкорликни сезиларли даражада фаоллаштириш, иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни мустаҳкамлаш, саноат кооперациясини кенгайтириш имконини берди.
Учрашувда Ҳамдўстлик давлатларининг савдо-иқтисодий ҳамкорлигини янада ривожлантириш, ўзаро савдо ҳажмини ошириш, транспорт-коммуникация салоҳиятидан самарали фойдаланиш, шунингдек, хавфсизликни мустаҳкамлаш, замонавий хатар ва таҳдидларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш масалаларига эътибор қаратилди.
Гуманитар, таълим ва туризм соҳаларида алмашувларни изчил давом эттириш зарурлиги таъкидланди.
Томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси келаси йил МДҲда ҳамраис, 2020 йилда эса МДҲ Давлат раҳбарлари саммитига мезбон бўлади.
МДҲ норасмий саммити доирасида Президентимиз қатор давлат раҳбарлари билан икки томонлама суҳбатлар ўтказди. Уларда 2018 йилда самарали шерикликнинг асосий якунлари ва келгусидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.
Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Санкт-Петербург шаҳрига ташрифи якунига етди.
ЎзА

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Участка сайлов комиссияларини тузиш қай тартибда амалга оширилади?
01 янв 1970
Халқимиз азалдан тўйсевар. Аввало, тўйларимиздаги чиройли удумларга бошқа халқ вакиллари ҳавас қилади, десак янглишмаймиз. Аммо......
01 янв 1970
Амаким махфий васиятнома расмийлаштирганлигини ва унда менга ҳам баъзи нарсаларни мерос қолдирганлигини, лекин буни ҳозирча ошкор қилмаслигини айтд...
01 янв 1970
Ҳаётда шундай инсонлар бўладики, уларнинг қилган меҳнати, қолдирган изи вақт билан эмас, балки эл-юртга келтирган нафи, беминнат хизмати билан ўлча...