Янгиланишларнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори

/
Ўзбекистон ғоят мураккаб шароитда мустақилликни қўлга киритиб, 1992 йилда ўз мустақил Конституциясига эга бўлди. Бош қомусимизнинг биринчи бобининг ўзидаёқ мамлакат мустақил эканлиги, халқ манфаатлари устуворлиги, ўз давлат тили ва давлат рамзларининг мавжудлиги белгилангани унинг том маънодаги суверен демократик давлатнинг халқпарвар Конституцияси эканлигидан далолатдир. Шунингдек, Конституциямиз ўтган 26 йил давомида амалга оширилган ҳаётбахш ислоҳотларнинг асоси бўлиб хизмат қилди.
Бугунги кунда тараққиётимиз мезони ҳисобланган Ҳаракатлар стратегияси ҳам Ўзбекистон Республикаси Конституцияси негизида яратилган. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида айнан шу икки дастурий ҳужжат бўйича қилинган ишлар ва олдимизда турган долзарб вазифаларга эътибор қаратилди. Хусусан, маърузада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг барчаси фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқаришга қаратилгани, жамиятда ижтимоий адолат, ҳуқуқбузарликка нисбатан муросасизликни шакллантириш ҳамда аҳоли ўртасида ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга алоҳида урғу берилди
Дарҳақиқат, инсон учун адолат тушунчаси азал-азалдан қадрли ва муқаддас бўлиб келган. Ахир ота-боболаримиз инсон ҳар нарсага чидаши мумкин, лекин адолатсизликка чидай олмайди, деб бежиз айтишмаган. Соҳибқирон Амир Темур ҳам ўз васиятида “Ўғилларим миллатнинг роҳати, саодатини сақламоқ учун сизларга қолдираётган васият ва тузукларни яхши ўқинг, асло унутманг ва татбиқ этинг. Миллатнинг дардларига дармон бўлмоқ вазифангиздир. Заифларни кўринг, йўқсилларни бойлар зулмига ташламанг. Адолат ва эзгулик қилмоқ доимий дастурингиз, раҳбарингиз бўлсин”, дея адолатнинг нақадар қудратли куч эканлигини қайд этиб ўтган.
Мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий йўналишларидан бири ҳам жамиятда ижтимоий адолатни қарор топтиришга йўналтирилган.
Биргина таълим соҳаси, айниқса, асосий электоратимиз ҳисобланган ўқитувчиларнинг ижтимоий мақомини кўтариш бўйича амалга оширилган ишларнинг ўзиёқ ислоҳотлар шиддатининг қанчалик юқорилигига ёрқин мисол бўла олади. Бизда азал-азалдан ўқитувчилар, устозлар эъзозлаб келинган. Уларга отадек улуғ зот сифатида қаралган. Касб байрамлари орасида биргина “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” республика миқёсида умумхалқ байрами сифатида нишонланиб, дам олиш куни, деб эълон қилингани мамлакатимизда ушбу соҳа вакилларининг қанчалик қадрланишини кўрсатади.
Аммо яқин-яқингача ўқитувчиларни ҳар қанча эъзозламайлик, байрам тадбирларида улуғламайлик, соҳа вакилларининг нуфузи тушиб кетганлиги бор ҳақиқат. Ваҳоланки, ривожланган давлатларнинг қай бирига қарамайлик, ўқитувчи касби энг обрўли, шу билан бирга, даромадли касблардан бири ҳисобланади. Бу эса ўз-ўзидан уларнинг таълим сифатига ижобий таъсирини ўтказмасдан қолмайди.
Кейинги йилларда жамиятда педагоглар қадр-қимматини ошириш, муаллимлар обрўсини юксалтириш омилларидан бири, шубҳасиз, улар меҳнатини муносиб рағбатлантиришдир. Айнан шу мақсадга қаратилган жорий йил 14 августдаги “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорини нафақат ўқитувчилар, балки бутун халқимиз катта мамнуният билан қабул қилиб олганини учрашувларда, тадбирларда кўп гувоҳи бўлдик. Ислоҳотлар натижасида ўқитувчиларнинг ойлик маошлари ўртача 34 фоиздан 64 фоизгача оширилди. Уларга турли мақсадларда имтиёзли кредитлар берилиши йўлга қўйилди. Энг асосийси, мактабдаги ҳар қандай ортиқча мажбурий меҳнатни йўқ қилиш, қоғозбозликни камайтириш, қўшимча педагогик юкламаларни тартибга солиш ва имкон борича ўқитувчиларга ишларида яхши шароит яратиб беришга алоҳида эътибор қаратилди. Бу эса барча соҳалар сингари мазкур соҳада ҳам ижтимоий адолат қарор топганининг далилидир. Шу боис эндиликда таълим, партиямиз сайловолди дастурида қайд этилганидек, фуқароларнинг комил шахслар бўлиб шаклланишига йўналтирилган, инсон омилини намоён этадиган, меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган мутахассисларни етиштириб берадиган яхлит тизимга айланади.
Шунингдек, маърузада Конституциямизда эътироф этилган аҳолининг муҳим ижтимоий ҳуқуқи сифатида кафолатланган пенсия таъминоти келгуси йилларда ҳам энг долзарб масалалардан бири бўлиб қолиши қайд этилган эди. Жорий йил 12 декабрда имзоланган “Фуқароларнинг пенсия таъминоти тизими самарадорлигини ошириш ва пенсионерларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан 2019 йилдан бошлаб пенсия тўловининг юқори чегараси энг кам ойлик иш ҳақининг 8 баробаридан 10 баробарига оширилди ва барча ишлаётган пенсионерларга пенсиялар тўла миқдорда тўланиши жорий этилди. Бу эса республикада пенсияларнинг фақат ярмини олиб келаётган 78 минг нафардан ортиқ ёки 66 фоиз ишловчи кекса авлод вакилларига бўлган эътибор, уларни ҳар томонлама ижтимоий ва иқтисодий қўллаб-қувватлашнинг амалий ифодаси бўлиш билан бирга партия дастурида белгиланган ходимларга адолатли меҳнат шароитларини яратиш тамойилига тўла мос тушади.
Албатта, адолатга, инсон қадр-қимматини эъзозлашга, ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳақиқатни қарор топтиришга қодир бўлган одил судлов тизимини шакллантирмасдан туриб эришиб бўлмайди.
Шу боисдан Президентимиз маърузада бу соҳа ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди. Бугунги кунда юртимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини қонуний ҳимоя қилиш бўйича салмоқли ишлар қилинмоқда. Жумладан, жорий йилнинг ўзида 1 минг 881 та жиноят иши далиллар етарли бўлмаганлиги сабабли тугатилди, судлар томонидан 590 нафар шахс оқланди. Ваҳоланки, бу рақам 2016 йилда 28 тани, 2017 йилда эса 263 тани ташкил этган. Шунингдек, 5 минг 462 нафар шахсга нисбатан терговда асоссиз қўйилган моддалар айбловдан чиқариб ташланган, 2 минг 449 нафар шахс эса суд залидан озод қилинган. Хуллас, судларда ишларни йиллар давомида қайта-қайта кўриш амалиётига бутунлай чек қўйилди.
Дарҳақиқат, Президентимиз қайд этганидек, судьяликка номзодларни танлаш, шахсий ва касбий сифатларини ўрганишнинг чинакам демократик ва ошкора тизимини жорий этиш лозим. Хусусан, жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда, номзодларни судьялик лавозимига тавсия этиш тартибини қонун билан мустаҳкамлаб қўйиш жуда тўғри йўл деб ҳисоблаймиз. Бу борада Судьялар олий кенгаши қошида тузиладиган Судьялар олий мактабининг алоҳида ўрни бўлади. Айнан шу мактабда бўлажак судяларимиз онгида — адолат, тилида — ҳақиқат, дилида — поклик ҳукмронлик қилишига эришилади.
Шунингдек, маърузада Бош қонунимизни чуқур ўрганиш, англаш, ҳаётга жорий этиш ва унга сўзсиз амал қилиш – барчамизнинг шарафли бурчимиз эканлигига алоҳида урғу берилди. Асосий қонунимизнинг 48-моддаси билан барча фуқаролар зиммасига Конституция ва қонунларга амал қилиш, бошқаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш мажбурияти юклатилган. Фуқароларимиз қачон қонунларга амал қила бошлайди, қачонки, уларда ҳуқуқий маданият етарли даражада шаклланган бўлса.
Бунинг учун, биринчи навбатда, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида ҳуқуқий тарбияни кенг йўлга қўйишимиз лозим. Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси томонидан ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилиб, Конституцияни ёд ва мукаммал билган ёшлар аниқланадиган ва рағбатлантириладиган “Конституция билимдони” кўрик-танлови ҳам ўзида шу мақсадни мужассам этган.
Айни пайтда жамиятда ҳуқуқий маданиятни шакллантириш, қонун устуворлигини таъминлаш, ижтимоий адолатни қарор топтириш партиямизнинг бош ғоялари эканлигини инобатга олган ҳолда ушбу кўрик-танловни фақат мактабларнинг юқори синф ва коллеж-лицей ўқувчилари ўртасидагина эмас, бир неча ёш тоифасида ўтказишимиз ва унинг қамровини янада оширишимиз лозим, деб ўйлаймиз. Шу орқали партиямиз нафақат ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилувчи, балки бошқаларнинг ҳуқуқларига путур етказмайдиган, бурчларини ҳам унутмайдиган чин маънода адолатли партия аъзоларидан иборат мустаҳкам кучга айланади.
Ўқитувчиси қадр топган, фарзандлари билимли, кексалари эъзозланган, судьялари адолатли, фуқаролари бурчли жамият эса, ҳақиқий маънодаги келажаги буюк демократик ҳуқуқий давлатнинг асоси бўлиб хизмат қилади.
Абдукамол РАХМОНОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Менда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун алоҳида бино мавжуд эмас.
01 янв 1970
Мустақил мамлакатимиз Конституцияси қабул қилинганидан буён ўтган 26 йил мобайнида унда акс этган тамойил ва қоидалар ҳаётга изчил жорий этилди....
01 янв 1970
Квартира сотиб олаётганимда уй эгасига закалат бердим. Бу ҳақда нотариал тасдиқлатиш учун нотариусга борганимда, у бундай келишувни тасдиқлашдан бо...
01 янв 1970
Одамзот ер ҳайдаладиган омочдан тракторгача тахминан олти минг йилни, трактордан космик кемагача эса атиги 60 йилни босиб ўтган...