Фидойи олим

/
Тарихчи олим Рустамбек Шамсутдинов 80 ёшга тўлганига ишонгинг келмайди. Чунки у киши ғайрат-шижоатда ёшлардан қолишмайди. Ҳамиша бир эзгу иш ёки тадбир билан банд. Бир қарасанг, янги монографиясини чоп эттириш учун нашриётда юрган бўлади, бир қарасанг, Россияга НКВД, ОГПУ, КГБ каби машъум ташкилотларнинг архивларидан маълумот йиққани йўл олади. Яна бир учрашганингда эса янги журнал ташкил этиш ташвишлари билан банд бўлади.
Рустамбек Шамсутдинов наинки Ўзбекистон, балки Марказий Осиё тарих фанида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлган олим ҳисобланади. У кишининг Россия босқинига қарши Марказий Осиё халқларининг озодлик кураши, жадидчилик, шўроларга қарши миллий озодлик ҳаракати, коллективлаштириш, қулоқлаштириш, деҳқонларнинг ўзга юртларга сургун қилиниши, шўроларнинг қатағон сиёсати, Ўзбекистон тарихи каби масалаларга бағишланган тадқиқотлари хорижий элларда ҳам машҳур ва улар нуфузли илмий доиралар томонидан эътироф этилган.
Олимнинг шу кунга қадар 500 га яқин илмий ва илмий-методик асарлари чоп этилган. Улар ўзбек, рус, қирғиз, инглиз, француз, немис, араб, ҳинд, урду тилларида эълон қилинган. Дарслик ва ўқув қўлланмалари тайёрлаш бўйича ҳам устознинг хизматлари катта. Устоз мамлакатимиз тарихи бўйича 25 та дарслик ва ўқув қўлланмаси муаллифидир.
Юртимиз тарихи ҳақида газеталарда 500 дан ортиқ мақолалари эълон қилинган. 2015-2018 йилларнинг ўзида 8 та китоби нашрдан чиқарилди. 80 ёшли олимнинг бундай сермаҳсуллиги ҳар қандай одамни ҳайратга солади ва қувонтиради.
Олим “Мерос” илмий-амалий халқаро экспедиция жамоат фондининг раҳбари, Бобур халқаро экспедицияси аъзоси, “Водийнома” журналининг бош муҳаррири сифатида ҳам кенг кўламли тадбирларга бош-қош бўлиб келмоқда.
Рустамбек Шамсутдинов ҳақида сўз борганда, у кишининг шўролар тузумининг машъум қатағон сиёсати ва унинг оқибатлари ҳақидаги илмий тадқиқотлари натижалари, қатағон қурбонларининг хотирасини абадийлаштириш ишларига қўшган ҳиссаси ҳақида фикр билдириб ўтиш зарур, деб ўйлайман. Негаки, бу сиёсат шўролар пайтида тарихимизнинг ўрганилмаган, ҳатто халқимиз бу ҳақда сўз юритишга ҳадиксирайдиган бир давр ҳисобланарди. Олим бундай мураккаб ва қалтис масалани ойдинлаштиришга муносиб ҳисса қўшди, у ҳақда рўй-рост гапни айта олди. Бу олимнинг чинакам фидойилигидан далолат беради.
Шўролар даврида минг-минглаб юртдошларимиз қатағоннинг бегуноҳ қурбони бўлган оталари, боболари ҳақида етарли маълумотларга эга эмасди. Улар учун бунинг иложи ҳам йўқ эди. Рустамбек ака умрининг асосий қисмини шу масалани тадқиқ этишга сарфлади. Бу миллатпарвар инсоннинг ўз халқи учун, тарихий адолатни тиклаш учун қилган хайрли иши эди. Бу фидойи шахс ўз ҳисобидан йиллар давомида НКВД, ОГПУ, КГБларнинг архивларига хизмат сафарлари ташкил этди. Узоқ ойлар ертўлаларда жойлашган, зах, қоронғи архивларда қатағон қурбонларининг ҳужжатлари билан танишди, улар ҳақида керакли маълумотларни йиғди.
Олим шу ҳаракатлари туфайли қатағон даврида қурбон бўлган одамларнинг пок номларини тиклади, уларнинг исми-шарифларини, манзилларини, ҳукмларнинг нусхаларини, қатағон қилинишларининг сабабларини кўрсатган ҳолда том-том китобларни чоп эттирди. Ўз боболарининг номларини шу китобларда кўрган одамларнинг ҳўнг-ҳўнг йиғлаганларига ўзим гувоҳ бўлганман. Булар чинакам машаққатли меҳнатнинг самараси эди.
Фидойи олим Рустамбек Шамсутдиновнинг илмий-амалий ва жамоат учун қилаётган хайрли ва эзгу ишлари бундан кейин ҳам барокатли бўлишига тилакдошмиз.
Одил ОЛИМЖОНОВ,
иқтисодиёт фанлари доктори, профессор

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
ҚУРБОН ҲАЙИТИНИ НИШОНЛАШ ТЎҒРИСИДА
01 янв 1970
Ўтаётган ҳар бир кун бизни навбатдаги сайловларга яқинлаштирмоқда. 
01 янв 1970
Миллий матбуот марказида Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Участка сайлов комиссияларини тузиш қай тартибда амалга оширилади?