Ўқувчи дарсга келмаса, ота-она айбдорми ёки муаллим?

/
Вояга етказаётган фарзанди келгусида ҳаётда ўз ўрнини топиши, касб-кори баракали бўлиб, оиласини таъминлашга қийналмаслиги борасида ота-онанинг кўнгли тўқ, хотиржам бўлса, ундан бахтли одам йўқ. Бунинг учун ёшларимиз илм-маърифатли, касб-ҳунарли бўлиши лозим. Айниқса, ушбу ҳаётий масалада ота-оналар бирламчи жавобгар шахслар саналади десак, асло янглишмаймиз.
Юртимиз фарзандларининг билим олиши, ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етиши учун барча шарт-шароитлар муҳайё этилган. Шу мақсадда кейинги йилларда қабул қилинган бир қатор қонун ҳужжатлари ёшларга, шу билан бирга, ўқитувчиларга алоҳида эътибор ва ғамхўрликнинг яққол ифодасидир.
Давлатимиз раҳбарининг “Ўқитувчини ҳурмат қилмаганни мен ҳам ҳурмат қилмайман”, деган сўзлари ўқитувчига жамият муносабати қандай бўлиши зарурлигини кўрсатади. Шу билан бирга, муаллимлар ҳам бу юксак ишонч ва масъулиятга ўз фаолияти билан муносиб жавоб бера олиши лозим, албатта.
Аммо буни амалга оширишда халақит берувчи омиллар ҳам йўқ эмас, иш жараёнида айрим муаммолар учраб туради. Биргина ўқувчилар давоматини олайлик.
Умумтаълим мактабларида ҳар бир синф раҳбари ўз синфида ўқувчилар давоматини ҳар куни 100 фоиз таъминлашга эриша оладими? Бирор ўқувчи бир кун дарс қолдирса, унинг фанларни ўзлаштиришида узвийликка путур етади. Бир неча марта дарс қолдирса-чи? Бу масаланинг бир томони, холос. Бу вақт ичида ўқувчи нималар билан машғул бўлганлиги эса масаланинг иккинчи муҳим томони ҳисобланади.
Баъзан синф раҳбаридан “Нега синфингизда ҳар куни давомат паст?” деб сўрасангиз, у кўплаб важларни келтириб ўтади. Масалан, “прогул”чи ўқувчилар уйига бордим, ота-онаси билан гаплашдим, тилхат олдим, маҳалла масъулларига учрадим. Нима қилай, барибир дарс қолдиришади”, деб куюниши тайин. Агар астойдил суриштирсангиз, бу сўзларнинг ярми рост, ярми ёлғон чиқиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Борингки, рост бўлганида ҳам юзаки шуғулланганига амин бўласиз. Гўёки унга-бунга учраб, дарсга келмаётган ўқувчининг ота-онасидан битта тилхат ёздириб олса бўлди. Бу билан муаллим масъулият ва жавобгарликдан халос бўладигандек.
Хўш, нега айнан давомат масаласига алоҳида урғу бердик?
Дейлик, барча мактабларни назарда тутганда давомат ўртача 88, борингки, 90 физни ташкил этса, буни кўпчилик яхши кўрсаткич деб қараб, кўнгли тўлиброқ эътироф этганини кузатасиз. Тўғри, бу икки йил олдинги давомат кўрсаткичидан анча яхши. Аммо...
Бирор мактабда ўқувчилар давомати 90 фоиз бўлса, қолган 10 фоиз ҳисобидаги болалар қаерда, уларнинг сони қанчани ташкил этади? Агар республика миқёсида жами 5 миллион 800000 ўқувчи бўлса, демак, бунда 10 фоиз нақ 580000 ўқувчи деганидир. Бундан ташқари, эрталаб дарсга келиб учинчими, тўртинчи соатдан кейин, болалар тили билан айтганда, “қуён” бўладиган ўқувчилар ҳам бор. Энг камини олиб, бир фоиз ўқувчи ана шундай йўл тутади, деб фараз қилсак ва “прогул”чилар сонига қўшиб ҳисобласак, дарс вақтида жами 638000 ўқувчи мактабдан ташқарида бўлиб чиқади. Улардан 10000 ўқувчи бемор ёки бирон узрли сабаб билан кела олмай қолгандир балки, демак, 500000 ўқувчи сабабсиз дарс қолдирган. Энг ташвишлиси, фарзанд тарбиясига биринчи масъул бўлган баъзи ота-оналарнинг ўзи ҳам боласи қаердагилигини билмайди.
Демак, вояга етмаган, ҳаётда ҳали оқ-қорани яхши танимаган ярим миллион бола мактабда ҳам, уйда ҳам бўлмаса, билиб-билмай жиноят қилиши, хуқуқбузарликка йўл қўйиши, кимларгадир алданишига имкон пайдо бўлади. Жиноятларнинг эса турлари-ю, шаклу шамойили кўп, айниқса, бугунги глобаллашув даврида бу борада муракаббликлар ортиб бормоқда. Демак, биз мактабдаги давомат 99 фоиз бўлганда ҳам “жуда зўр”, деб айтишга ҳаққимиз йўқ. Чунки “бир фоиз ўқувчи мактабда йўқ, холос” деганимизда ҳам салкам 60000 нафар фарзандларимиз ҳақида сўз кетаётган бўлади. Яъни биргина ўқувчининг қаердалигини билмаслигимиз ҳам жиддий хавф туғдиради, деб қарашимиз лозим.
Яна бир мулоҳаза. Маълумки, ўқитувчиларнинг кўпчилиги хотин-қизлардан иборат. Демоқчимизки, муаллим ўз туққан боласи йўқолиб қолса қандай жон куйдириб изласа, дарсга келмаган ўқувчисини ҳам шундай изласин. Ёш ўқитувчи йигит-қизлар эса укам, синглим қаерда экан деб, эркак муаллим бўлса, болам қани деган ўйда ташвиш тортсин. Ўқитувчига раҳбарият ёки текширувчи “нега ўқувчингиз йўқ, қаерда?” дейишига ҳожат қолмасин.
Таълим-тарбия, дарс машғулоти давоматдан бошланади. Синфда йўқ ўқувчига дарс ўтиб бўлмайди-ку. Ўқувчи нечта дарс қолдирса, унинг билим даражаси шунча поғона паст бўлиб боради. Бундай ўқувчилар исм-фамилиялари мактабда рўйхатда тургани, яъни қайсидир синфда “ўқиётгани” ҳолда таълимдан кун сайин узоқлашади. Онг-шуури фанлар билан банд бўлмагач, бола нима билан машғул бўлади, деган савол туғилади. Таълимдан узоқлашиш, фанлардан, билимдан бехабарлик эса унинг маънавиятида бўшлиқ пайдо бўлди, деганидир. Дарс соатларини бой берган бундай ёшларга кейинчалик маънавий тарбия учун қуруқ панд-насиҳат қилишдан наф чиқадими? Жиноят кўчасига кириб қолган, ёт оқимлар домига тушган ёшларнинг тарбияси аслида бир кундаёқ айниб қолмаган-ку. Бундай ҳолатлар бир неча йил давомидаги эътиборсизлик оқибатида юзага келади. Чуқурроқ таҳлил қилсангиз, жумладан, ўқувчилар давомати ҳам бу масалага дахлдор бўлиб чиқади.
Давоматни яхшилаш чоралари ҳақида ўқитувчи сифатида бир таклифни илгари суриш ниятидаман.
Мен раҳбарлик қилаётган синфда 32 ўқувчи бор, деб фараз қилайлик. Ҳар бирининг ота-онаси, ака-укаси билан яқиндан танишиб, телефон рақамлари, ёши, касби, қаерда ишлаши, иш жойидаги мавқеи, иш ҳақи, қўшимча даромади, иш жойидаги раҳбари, маҳалладаги ўрни, қўшнилар билан муносабати, моддий аҳволи, феъл-атвори, оиланинг келгуси режалари ва ҳоказо маълумотларни йиққан бўлар эдим. Ана шу кенг маълумот қўлимда экан, агар қайсики ўқувчим одоб-ахлоқи, юриш-туриши, ўзлаштириши, кийиниши, айниқса, давомат масаласида битта ўзим қанча усул қўллашимга қарамасдан яхши натижага эриша олмасам, аввало, ота-онасининг иш жойи, раҳбари номига, агар ўзи раҳбар бўлса, унинг раҳбарига хат юборар эдим.
Масалан, “Фалон шаҳар, фалон поликлиника бош шифокорига. Сизнинг раҳбарлигингиз остида кардиология бўлимида ишлайдиган фалончиевнинг фарзанди фалончи мактабимизнинг 7А синфида ўқийди. У ўтган бир ой ичида узрсиз 3 кун дарс қолдирган бўлса, бу ойда яна мактабга келмаяпти. Биз олиб борган тушунтириш ва ота-онаси билан суҳбатлашганимиз натижа бермаяпти. Шу сабабдан ходимингизнинг ўзига якка ёки хизматчилар олдида жамоа иззасини беришни сўрар эдик. Бу сизнинг болаларимиз таълим-тарбиясига қўшган ҳиссангиз бўлар эди. Шунингдек, ўз ходимингиздан маълум муддатда мактаб маъмуриятидан фарзандини яхши томонга ўзгарганлиги ҳақида ёзма ёки оғзаки маълумот берилишини таъкидлаб қўйсангиз, деб ҳурмат билан мактаб маъмурияти”.
Бирор раҳбар ушбу мазмундаги хатга “бу менинг ишим эмас”, деб бепарво бўлса, болаларимиз келажаги учун жамоатчилик асосида ёндашиш лозимлиги айтилаётган бир пайтда бу масалага жиддий қараш унинг фуқаролик бурчи, вазифаси эканини, раҳбар қандай бўлиши кераклигини эслатиб қўяр эдим. Бу, албатта, натижа беради, деб ишонаман. Чунки қачон инсон қайсидир масалада тез ҳушёр тортиб, ўзига гард юқишини хоҳламайди? Қачонки, уни моддий имконига, айниқса, нафсониятига путур етадиган бўлса. Хат билан унинг иш жойига мурожаат қилишим эса уни ҳамкасблари ва раҳбари олдида ана шундай хижолат чекишига сабаб бўлади. Балки яқин ўртада иш ҳақи кўпроқ бўлган вазифага ўтмоқчидир, лавозимга эришмоқчидир. Шу ҳолатда “йўқ, бу ходим бунга лойиқ эмас”, деган бўлар эдим. Менинг фикрим инобатга олинмаса ҳам барибир путур етади. Бу ҳам наф бермаса, маҳалласига, бошқа яқин ака-укаларига ҳам айтар эдим. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда боласининг ўқишига тўсқинлик қилган ота-оналарга 15 кунлик маъмурий қамоқ жазоси белгиланганини ҳам эслатардим, албатта. Хуллас, боласининг ўқишини, давоматини назорат қилиб, ўрнига қўймагунча тинч қўймас эдим.
Шу ўринда “Агар ўқувчининг ота-онаси ҳеч қаерда ишламаса-чи?” деган савол туғилиши мумкин. Аввало, ҳеч қаерда ишламайди, дейилганида ҳам астойдил суриштирсангиз, бири сувоқчи, бири ғишт, кафел терувчи, бири электрик бўлиб чиқади, яъни ундан-бундан буюртма олиб ишлайди. Қай бири яхшигина чорвадор, паррандачилик ёки деҳқончилик билан шуғулланади. Яна кимлардир мавсумга қараб мева-чева, сабзавот, полиз маҳсулотлари олди-сотдиси ёхуд ёзги мавсумда шарбат ичимликлари сотади ва ҳоказо. Ҳар ҳолда ҳеч қаерда ишламасдан эртадан кечгача ёнбошлаб ётишнинг иложи йўқ-ку.
Лекин бундай фаолият билан шуғулланувчиларнинг тайин ишхонаси йўқ, демак раҳбари йўқ. Унда “кимга ёзамиз?” деган саволга жавоб шуки, у қаерда, қайси ҳудудда тирикчилик қилиб моддий манфаат кўраётган бўлса, ана шу жойнинг эгаси МФЙ саналади, шунингдек, солиқ идорасининг нозири бор. Шулар билан бирга олдига бориб масалани очиқ айтсангиз, ишига халақит берасиз ва шундай қилиш керак ҳам — ҳамма эшитсин. Ёки унинг яшаш жойида маҳалла мутасаддилари билан уйига кирардим. Хуллас, у, албатта, боласи билан шуғулланади. Чунки яна қайтиб келиб хижолат қилмасин, деб ўйлайди.
Таъкидлаш жоизки, боласининг келажаги ҳақидаги ҳамкорлик тадбиркорга халақит беришга кирмайди. Агар ота-онаси хорижда бўлса, буларнинг ҳам телефон рақамини олиб, жиддий талаб қўйиш, манзилини топиб хат юбориш айни муддаодир.
Шунинг баробарида ибратли ўқувчилар ота-онасининг иш жойига раҳматнома ёзилса, бу ҳам яхши натижа беради, ёнидаги ўқувчи унга ўхшашга ҳаракат қилади.
Шу ўринда айрим ота-оналарга ҳам икки оғиз сўз айтмоқчи эдик. Яъни қачонгача сизнинг фарзандингиз орқасидан ўқитувчи, маҳалла, милиция, ҳокимлик “яхши бўлсин”, деб қувлаб юради?! Яхши инсон бўлиб вояга етса роҳатини кўрадиган ҳам, ёмон бўлса, азият азобини тортадиган ҳам, аввало, сиз эмасми?! Давлатимизнинг саъй-ҳаракатлари-ю харажатларини қадрлаш, болангизни ўқитиш ўрнига яна бепарволик қилаверасизми? Ахир дунёнинг ҳамма ўлкаларида ҳам мактабларда болалар текинга ўқитилавермайди. Фарзандингизнинг қайта такрорланмас ёшлиги — олтиндан қиммат вақтини беҳуда совурмаслик, уни чиндан ҳам олтин дақиқаларга айлантириш, аввало, сизнинг измингизда, ота-оналар, Шу боис ҳар бир ўқувчи ўз келажагига пойдевор қўйиши учун имкон беришни унутмайлик.
Раҳимжон ЖАЛИЛОВ,
Ўзбекистон халқ таълими аълочиси, олий тоифали педагог

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Миллатнинг барҳаётлиги, келажаги, маънавий-ахлоқий мавқеи унинг ўтмиш тарихи билан боғлиқ уйғоқ хотираси, улуғ аждодлари қолдирган илмий-маънавий м...
01 янв 1970
Фуқаронинг ва вояга етмаган шахснинг тирик эканлигини тасдиқлаш қандай тартибда амалга оширилади?...
01 янв 1970
15 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтди. Уни комиссия раиси М.Абдусаломов бошқарди....
01 янв 1970
Олий ўқув юртига тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинган, II гуруҳ ногирони бўлган талабалар учун таълим кредити бўйича алоҳида имтиёзлар борм...